Мақолалар

Чироқ ёқиб, ўзини ҳам ёққанлар

Чоп этилди Mart 1, 2019 Чироқ ёқиб, ўзини ҳам ёққанларda fikr bildirishni o'chirish

Минг афсуски, илм барқ уриб яшнаган, ҳақиқат ва хурофотнинг чеҳраси яққол намоён бўлган бугунги кунларда ҳам турли офат-фалокатлардан сақланиш, касалликдан қутулиш ниятида арвоҳларга атаб пиликдан ясалган қирқ чироқ ёқиш, турли таомлар пишириш, жонлиқ сўйиш одати давом этиб келмоқда. Борди-ю, уларга қилаётган ишларининг нотўғрилигини айтсангиз, “Ҳа энди, ота-боболаримиз қилиб келган одат-да”, дейишади.

Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 170-оятида бундай кимсаларни: “Аллоҳ нозил этган нарсага (оятларга) эргашингиз!” дейилса, улар: “Йўқ, биз ота-боболаримизни не узра топган бўлсак, ўшанга эргашамиз”, дейдилар. Ота-боболари борди-ю, ҳеч нарсага ақллари етмайдиган ва тўғри йўлдан юрмайдиган бўлган эсалар-чи?!”  деб таърифлаган.

Ушбу бидъатларни “эскича” деб атайдиганлар ҳам  бор. Бу билан улар: “бу қадимдан давом этиб келаётган амал” демоқчи бўлишади. Шу каби хурофий иш билан шуғулланадиганларни кузатсангиз намоз ўқийди, бажараётган бидъат ишлари асносида Аллоҳни зикр ҳам қилади. Шу сабабли уларнинг атрофидаги содда одамлар ушбу амалларни диний амал деган хом хаёлга бориб қоладилар. Динимиз эса бу каби амаллардан мутлақо узоқлашишни буюради.

Аллоҳнинг улуғ неъмати бўлмиш ҳидоятига эришиб, эски одатларидан воз кечганларни кўп кўрганмиз. Аммо бидъат амаллар билан шуғулланиб юрувчиларнинг тавбага эришганларини деярли учратмаганман. Яқинда бир ажиб ҳолатга дуч келдим. У киши чироқ ёқиб, қизил товуқ, қора товуқ, сариқ қўй деганларидек, Исломга зид амаллар билан шуғулланиб юрарди. Яқинлари ва илмли одамларнинг насиҳатлари асло кор қилмади. Ўлимидан бир ой илгари Ойдин хола қорин оғриғидан роса азоб чекди. Кечаю кундуз оғриқдан силласи қуриди. Атрофида болалари қанча айланиб ўргилишмасин, ҳеч нарса кўзига кўринмас, оғриқ сабаб еб-ичишни ҳам унутди. Шу кунларнинг бирида Ойдин хола: “Эй Худо мен сенга нима гуноҳ қилувдимки, мени бунча азобламасанг, қайси гуноҳим учун” деб оҳ-воҳ қилди-ю ҳушини йўқотди. Бир пасда ўзига келган бўлса-да, мутлақа бошқача инсон бўлиб кўзини очди. Ва қўлларини кўкка кўтариб: “Аллоҳим, менинг тавбамни қабул эт, илло бу ишларни бошқа қилмасликка онт ичаман, Ўзинг кечир” деб тавба тазарру қилди. Сўнгра болаларини ёнига чақириб, уларни шундай огоҳлантирди: “Ҳеч қачон чироқ ёқтирманглар, ҳовлидаги чироқ ёқилган жойларни қириб ташланглар. Гуноҳларимни кўплигидан Аллоҳдан қўрқяпман. Ёққан чироқларим икки кўзим, бурнимнинг икки тешиги, баданимнинг ҳар бир жойини куйдирди. Бутун танамни илгари ёққан чироқларим жазиллатиб куйдирди, ҳеч қачон чироқ ёқтирманглар”, дея қўли билан мана-мана бу ерим ёмон куйди, дея ўта ҳаяжонда сўзлаб бердилар. Айтган гапларидан ҳамма лол ва ҳайратда қолди. Аллоҳ бу онахоннинг тавбасини қабул қилгани рост бўлсин, иншоаллоҳ.

Умр – Буюк Яратувчи инсонга ато қилган ягона имкониятдир. Ана шу имкониятини беҳуда совурган, қалбидаги иймонини куфрга алиштирганларнинг аҳволи нечоғлик аянчли экани, уларни қай даражада даҳшатли азоблар кутаётгани ҳақида Аллоҳ таоло ўз каломида очиқ огоҳлантирган: “… ёнилғиси одамлар ва тошлардан иборат, кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзахдан сақланинг!” (Бақара сураси 24-оят) “Куфрда бўлиб, кофирлик ҳолида ўлиб кетганларга барчанинг – Аллоҳ, фаришталар ва одамларнинг лаънатлари бўлгай. У ерда (дўзахда) абадий қолурлар, улардан азоб енгиллаштирилмас ва улар (жазо вақтидан) кечиктирилмаслар ҳам” (Бақара сураси 161-162-оятлар).

Токи ҳаётдан насибадор эканмиз, тавба эшиги очиқ. Ажал эшик қоққач эса, амаллар эшиги буткул беркилади. Шундай экан, Ўзидан бошқа илоҳ бўлмаган Раҳмон ва Раҳимли Зотнинг тавфиқига шошилайлик!..

Нилуфар БОЗОРБОЙ қизи