Аёллар

Маҳри шаҳодат калимаси бўлган саҳобия

Чоп этилди Mart 1, 2019 Маҳри шаҳодат калимаси бўлган саҳобияda fikr bildirishni o'chirish

Умму Сулайм Исломни қабул қилиши биланоқ, саккиз ёшли ўғли – Анасга шаҳодат калималарини ўргатиб, бутлар жонсиз тош ва ёғоч эканини англата бошлади. Эри Малик:

– Ўғлимнинг зеҳнини бузиб, боболарининг динидан қайтарма, – дея қарши чиқди. Умму Сулайм эса, ҳақ ва тўғри эканига инонган динидан ўғлини узоқ тутмаслигини, уни бутлар олдида эгилган ҳолда кўрмоққа бардош беролмаслигини билдирди. Унинг боши ёлғиз Аллоҳнинг жуфти ва тенги бўлмаган Яратувчининг ҳузурида эгилмоғи керак, – демоқда эди.

Малик истагидан қайтмади. Умму Сулайм қароридан воз кечмади. Натижада ораларида ғавғо чиқди. Уйда ҳузурсиз кунлар бошланди. Аммо бир кун Маликнинг душманлари томонидан ўлдирилиши келишмовчиликларга чек қўйди. Шовқин ва ғавғо ҳам тўхтади. Аммо Умму Сулайм тул, Анас эса етим бўлиб қолди.

Асл исми Зайд ибн Саҳл бўлган Абу Талҳа Расулуллоҳ (с.а.в.) жанобимизнинг асҳоблари орасида муҳим ўрин тутган саҳобалардандир.  Отаси – Саҳл ва онаси – Убода ибн Малик Нажжор уруғидан бўлган.

Расулуллоҳ (с.а.в.) Мадинага ҳижрат қилишларидан икки йилча аввал ўрта бўй, буғдойранг, ўттиз етти ёшлардаги қорувли бир киши муҳтарам бир хонимнинг эшигини қоқди.

– Марҳамат, Абу Талҳа, – дейилди.

– Ё Умму Сулайм, сизга уйланмоқ таклифи билан келдим. Менга турмушга чиқасизми?

Умму Сулайм бошини олдинга (сал) эгди. Бир муддат ўйлади.

– Қулоқ солинг, ё Абу Талҳа. Гапни чўзишнинг маъноси йўқ. Сиз қайтадиган одам эмассиз. Аммо орамизда турмушга тўсиқ бир ҳол бор. Мен Ислом динини қабул қилганман. Сиз эса бутга сиғинасиз. Бу ҳолатда турмуш қурсак, орамизда тушунмовчиликлар чиқади, нотинчлик бўлади. Мен эса, ҳузур ичида яшамоқ истайман (ғ)айри дин бир одам билан яшолмайман. Агар динимни қабул қилсангиз, сизга турмушга чиқаман, йўқса, сиздан меҳр ҳам кутмайман. Динимни қабул қилмасангиз, турмушга розилигим ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас, – деди.

Ўзи ҳам Нажжор авлодидан бўлган Умму Сулайм уруғдоши Абу Талҳани кўпдан танийди. Яхши одам. Аммо унга турмушга чиқмоқ дин ўзгалиги сабабли юзага келадиган муаммоларни қайта бошламоқ демакдир. Умму Сулайм эса, тул аёл ўлароқ турмуши камтарона бўлса ҳам, ҳузурли ҳаётини заҳар этмоққа кўнглини рози қилолмагандек, яна аввалги динига қайтмоқдан кўра оташ-оловга отилмоққа рози эди.  Чунки дунё олови уни қисқа вақтда кулга айлантирарди, аммо охират оташи ниҳоясиздир.

Умму Сулаймнинг Абу Талҳага берган жавоби учун кўнглида безовталик бўлмагани унинг имонининг кучидан, динига самимий, мустаҳкам боғлиқлигидандир.

Абу Талҳа Умму Сулаймдан жавоб олиб, ортга қайтди. Бироқ бу қайтиш – унга уйланиш истагидан қайтиш дегани эмас эди. Орадан бир неча кун ўтди. Балки Умму Сулайм бундай кутиб олгани учун ранжигандир. Ҳатто уйланмасликка қарор ҳам қилган бўлиши мумкин. Шу тариқа бир неча кун кутди.

Бир кун қадамлари уни яна Умму Сулаймнинг эшигига олиб келди. Қўли эшик зулфасини топди, келганини хабар қилиш учун тақиллатди. Эшик очилди. Таклиф такрорланди. Умму Сулайм сўради:

– Исломни қабул қилдингизми?

– Йўқ, – деди Абу Талҳа.

Бу жавоби билан Абу Талҳа яна у ердан чиқди. Яна ўйчан, яна маъюс эди. кўпдан бери яхши бир аёл эканини билар, эртага Ислом динини қабул қилган бирор кимсага турмушга чиқиб кетса, имконни қўлдан бой беради. Уйланадиган аёл кўп, аммо улар Умму Сулайм эмас, бўлолмайди ҳам…

Ажабо, бу аёлнинг дини ўз динидан яхшироқми? Бугунгача ўз дини ҳақида ўйлаб кўрмаган, бош қотирмаган, тўғри йўлдами-йўқми ҳеч тортишмаганди, баҳс қилмаганди. Аммо энди бунинг ҳам вақти келганга ўхшайди. Ўзининг ва Умму Сулаймнинг динини ақл тарозисига қўйиб, тортиш агар ўз дини тўғри бўлса, минг Умму Сулайм учун ҳам бу динни тарк этмаслик, бордию унинг дини ҳақ бўлса, Умму Сулайм учун эмас, ўз шаъни, ҳайсияти ва саломати учун ўша динни қабул қилиши керак бўларди. Қайси дин тўғри ва ҳақ бўлса ўшанинг йўлига юриш керакка ўхшайди. Буни ақл тарозуси кўрсатади.

Атрофда Умму Сулайм динида бўлган одамлар бор эди. Уларни кўздан кечирди, суҳбатлашди. Айтганларини тинглади. Кейинроқ Мадинадан келган Мусъаб ибн Умарнинг ёнига борди. Ислом дини хусусиятларини ундан ҳам эшитди. Мусъаб ўқиган Қуръон унинг менлиги (қалби)ни остин-устун қилиб юборди:

“…Аниқки, сизлар Аллоҳни қўйиб, сиғинаётган нарсаларингизнинг барчаси бирлашганда ҳам, бир пашшани ярата олмаслар, агар пашша улардан бирор нарсани тортиб олса уни ундан айириб ололмаслар. Талаб қилувчи ҳам, талаб этилувчи (бутлар) ҳам заифлик қилурлар” (Ҳаж сураси, 73-оят) каби оятларни тинглаганда Абу Талҳанинг кўз олдига ўзи бош урган ожиз бутлар келди. Дарҳақиқат, қачонлардан буён қўйилган ерларида жим турган ўзига ҳам фойда ё зарар етказа олмайдиган бу борлиқлар, бошқага қандай қилиб фойда бериши мумкин?

Абу Талҳа ақл-хуши тарозисига солиб бир фикрга келди ва шаҳодат калимасини айтди. Уйига келиб ўзи шунча йиллардан бери сиғиниб келган бутларни тепганида улар ағдарилиб юзтубан тушди. Энди у ерда яксон бўлиб ётган бир нарса бўлди. Атрофда унга ўхшаш бир неча кишилар бўлиб, улар ҳам Абу Талҳанинг кечаги ҳолида эди. Тепки еганда ҳам “Не бўлмоқда?.. Кечгача олдимда сажда этган бу одам мени қандай журъат билан урмоқда” дейишни билмаган бут қаршисида дуо ва ибодат қилардилар.

Демак Умму Сулайм ҳақиқатни ўзидан аввал кўрган. Энди ўзи ҳам мусулмон бўлмаган бир аёл билан дунё гўзали бўлса ҳам у билан яшай олишини тасаввур қилиши-да мушкул. Чунки турмуш қурмоқчи бўлганлар ҳар недан аввал бир-бирига маъқул келиши ва бир-бирини ёқтириши, бир мақсад сари юзланган инсонлар бўлмоғи лозим. Абу Талҳа яна Умму Сулаймнинг эшигини урди. Очилган эшикдан гул юзли, нур юзли бир аёл кўринди.

– Яна сизми Абу Талҳа?! – дея олмади. Чунки Абу Талҳа:

Ашҳаду анла илаҳа иллаллоҳ… – дея шаҳодат келтирди.

Эшикни очгувчи юзида бир мамнуният аён этди. Кўзларида бир одамнинг ҳидоятига сабаб бўлмоқ саодати ёзилган эди. Абу Талҳа энди ортга қайтмаслигига ишончи комил, кўнгли сокин ҳолда юзланиб:

– Уйланиш таклифи билан келдим, Умму Сулайм! Қабул қиласизми? – деди.

– Мамнун бўлдим, ё Абу Талҳа! Аллоҳнинг динига киришингиз менга маъсудлик бахш этди. Мен ҳам ўз сўзимда тураман. Турмуш (никоҳ шарти) учун сиздан (алоҳида) бошқа маҳр истамайман. Менга бермоқчи бўлганингиз ўша маҳр – Шаҳодат калимасидир.

– Никоҳ маросими учун ҳеч қандай тўсиқ қолмади, – деди.

Икки маъсудлик бирдан келди. Абу Талҳа энди жуда самимий ҳавас қилса арзийдиган бир ҳаёт яшамоқчи, яъни гўзал турмуш кечирмоқчи. Аллоҳга, динига, пайғамбарига ниҳоясиз муҳаббат билан боғланган Абу Талҳа яна ўттиз уч йил яшади.

Манбалар асосида Нилуфар БОЗОРБОЙ қизи тайёрлади.