Аёллар

Жавобсиз севги

Чоп этилди Mart 1, 2019 Жавобсиз севгиda fikr bildirishni o'chirish

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг бир жорияси бор бўлиб, уни ниҳоятда севарди. Бир куни у отдан йиқилиб тушди. Шунда Ибн Умар розияллоҳу анҳумо тезлаб келиб, меҳр билан унинг юз-кўзларини, бошини тупроқдан тозалай бошлади. У тинимсиз: «Жоним фидо бўлсин сенга», дер, жория эса унга қараб: «Қолун, қолун», дерди. Бу форсча сўз бўлиб, «сен жувонмард кишисан» деган маънода ишлатилади.

Кунларнинг бирида ана шу жория фурсат топиб, қочиб кетибди. Маҳбубасини қидириб топа олмаган Ибн Умар розияллоҳу анҳумо шундай деган экан:

Ўзимни хўп жувонмард ўйлаб эрсам, қиз кетиб қолди,

Бугун билдимки, мен ҳаргиз жувонмард кимса бўлмабман.

(«Дамашқ тарихи»)

Ибн Ҳазм раҳимаҳуллоҳ ўзининг «Тавқул ҳамома» номли китобида зикр қилишича, Муҳаммад ибн Омир қай бир жорияни кўрса, ошиқ бўлиб қолар, сабр қилолмас экан. То уни сотиб олиб, эгалик қилмагунича ғамга чўмилиб қоларкан. Мазкур жория ўз мулкига айланганидан кейин эса муҳаббати нафратга, талпиниши эътиборсизликка айланар, шундан сўнг ундан қутулишга ҳаракат қилиб қолар экан. Мана шу одатини деб, у катта миқдордаги мулкини зое қилган экан.

Аслзодалардан бўлган Муҳаммад ибн Омир чиройли юзли, хушсурат кўринишга эга бўлган иқтидорли адиб бўлган. Унинг васфига сўз ожиз, гўзаллиги халқ орасида зарбулмасал бўлган экан.

Ибн Ҳазмнинг зикр қилишича, муҳаббат ўрнини нафрат, зерикиш эгаллаганидан сўнг Муҳаммад ибн Омирнинг ишқида бир нечта жориялар вафот этган. Ана шулардан бирининг исми Афро бўлиб, Муҳаммад ибн Омирга бўлган ишқини ҳеч кимдан беркитмас, тинимсиз кўз-ёш тўкар экан. Эр-хотин ўртасидаги муҳаббат барқарор бўлиши учун ҳар икки тарафдан одатдан ташқари жидду жаҳд талаб қилинади.

Шуни ҳам билиш лозимки, эр-хотин ўртасидаги севги алоқаларида юзага келадиган муаммолар ўткинчи майда-чуйда, оддий келишмовчиликларда бўлмайди. Чунки бундай келишмовчиликлар ўзаро алоқанинг янгиланишига сабаб бўлиши ҳам мумкин. Таъбир жоиз бўлса, бу тансиқ таомингизга қўшиладиган, унга лаззат бахш этадиган ҳар хил аччиқ-чучук ва зираворлардек гап.

Ишқий кунларингнинг энг яхшисидир

Тегажоғлик қилган, урушган кунинг.

Севгида бўлмаса ризо­ю ғазаб,

Хатларда маза йўқ, тунд бўлар тунинг. 

Эр-хотин ўртасида юзага келадиган муаммо ва келишмовчиликларнинг асосий сабаблари қуйидагилардир:

  1. Турмуш ўртоғини, ҳатто баъзан ўзини ҳам тушуна олмаслик.
  2. Ҳаётидаги янги шерикка ёки янги турмуш тарзига мослаша олмаслик. Янги турмуш тарзи ҳеч қачон аввалгисига ўхшамаслигини англаб етмаслик.
  3. Энг асосийси, ушбу янги турмуш тарзига, бир умрлик йўлдошга нисбатан ихлос билан муносабатда бўлмаслик. Мазкур алоқанинг давомийлигини сақлаб қолиш ва унинг боқий қолиши учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилмаслик ҳамда ушбу робитани булғайдиган нарсаларни бартараф этмаслик.

Шу боис, «Севги бир ўйин бўлса, унинг қоидалари ушбулар» номли китобда муаллиф Доктор Шери Картер Скотт хоним айтганидек, «Сен ушбу севги ўйини қоидаларини ёдлашинг, уларни тушунишинг ва уларга амал қилишинг лозим бўлади».

«Қизларжон…» китобидан