Мақолалар

Одам алайҳиссаломни ким дафн қилган?

Чоп этилди Mart 1, 2019 Одам алайҳиссаломни ким дафн қилган?da fikr bildirishni o'chirish

Одам алайҳиссалом – ер юзидаги биринчи одам, инсоният отаси. У Қобил ўлдирган Ҳобилни ҳисобга олмаганда биринчи бўлиб боқий дунёга кўчган инсондир.

Хўш, у қандай дафн қилинган ва дафн маросимини ким, қай йўсинда ўтказган?

Қобил ўзининг акаси Ҳобилни ўлдирганидан сўнг Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломга яна бир ўғил ато қилди. Одам алайҳиссалом унга Шис деб от қўйди. Бу сўзнинг маъноси “Аллоҳнинг совғаси”, деҳқони усулда айтганда, “Худо берди – Худойберди”дир. Шис алайҳиссаломга 50та саҳифа нозил бўлган.

Муҳаммад ибн Исҳоқнинг ёзишича, Одам алайҳиссаломнинг паймонаси тўлганида Шис алайҳиссаломга  васият қилади ҳамда кун ва тунни диний амалларга мувофиқ тақсимлашни ўргатади ва дунёни қачон сув босишининг хабарини беради.

Одам алайҳиссалом жума куни вафот этади. Фаришталар жаннатдан мушку анбарлар ва хушбўй ҳид таралиб турган кафан олиб тушадилар. Ибн Исҳоқ айтадики, Одам алайҳиссаломнинг жони узилганда қуёш ва ой тутилади ва бу ҳол бир ҳафта – етти кеча-кундуз давом этади.

Ҳадиси шарифда:

عَنْ عُتَىٍّ قَالَ رَأَيْتُ شَيْخاً بِالْمَدِينَةِ يَتَكَلَّمُ فَسَأَلْتُ عَنْهُ فَقَالُوا هَذَا أُبَىُّ بْنُ كَعْبٍ فَقَالَ إِنَّ آدَمَ عَلَيْهِ السَّلاَمُ لَمَّا حَضَرَهُ الْمَوْتُ قَالَ لِبَنِيهِ أَىْ بَنِىَّ إِنِّى أَشْتَهِى مِنْ ثِمَارِ الْجَنَّةِ. فَذَهَبُوا يَطْلُبُونَ لَهُ فَاسْتَقْبَلَتْهُمُ الْمَلاَئِكَةُ وَمَعَهُمْ أَكْفَانُهُ وَحَنُوطُهُ وَمَعَهُمُ الْفُئُوسُ وَالْمَسَاحِى وَالْمَكَاتِلُ فَقَالُوا لَهُمْ يَا بَنِى آدَمَ مَا تُرِيدُونَ وَمَا تَطْلُبُونَ أَوْ مَا تُرِيدُونَ وَأَيْنَ تَذْهَبُونَ قَالُوا أَبُونَا مَرِيضٌ فَاشْتَهَى مِنْ ثِمَارِ الْجَنَّةِ. قَالُوا لَهُمُ ارْجِعُوا فَقَدْ قُضِىَ قَضَاءُ أَبِيكُمْ. فَجَاءُوا فَلَمَّا رَأَتْهُمْ حَوَّاءُ عَرَفَتْهُمْ فَلاَذَتْ بِآدَمَ فَقَالَ إِلَيْكِ إِلَيْكِ عَنِّى فَإِنِّى إِنَّمَا أُوتِيتُ مِنْ قِبَلِكِ خَلِّى بَيْنِى وَبَيْنَ مَلاَئِكَةِ رَبِّى تَبَارَكَ وَتَعَالَى. فَقَبَضُوهُ وَغَسَّلُوهُ وَكَفَّنُوهُ وَحَنَّطُوهُ وَحَفَرُوا لَهُ وَأَلْحَدُوا لَهُ وَصَلَّوْا عَلَيْهِ ثُمَّ دَخَلُوا قَبْرَهُ فَوَضَعُوهُ فِى قَبْرِهِ وَوَضَعُوا عَلَيْهِ اللَّبِنَ ثُمَّ خَرَجُوا مِنَ الْقَبْرِ ثُمَّ حَثَوْا عَلَيْهِ التُّرَابَ ثُمَّ قَالُوا يَا بَنِى آدَمَ هَذِهِ سُنَّتُكُمْ »

Утай розияллоҳу анҳу бир куни Мадинада гапириб турган қарияни учратиб қолиб, унинг кимлигини суриштирганда, у Убай ибн Каъб эканини айтадилар. У бундай деётган эди:

«Одам алайҳиссаломнинг ўлим онлари яқинлашганда, у ўғилларига хитоб қилиб: “Болаларим, мен жаннат меваларидан егим келяпти”, деди ва улар ўша меваларни излаб кетдилар. Йўлда улар хушбўй таратиб турган кафан олиб келаётган фаришталар билан учрашиб қолади. Шунингдек, улар ўзлари билан бирга белкурак ва ҳошияли катта сават (тобут) ҳам олиб олган эдилар.

Фаришталар: “Эй Одам ўғиллари, қаёққа кетяпсиз ва нима излаб юрибсиз” деб сўрашди.

Улар: “Отамиз хасталаниб қолди ва жаннат меваларидан егиси келибди”, деб жавоб бердилар.

Фаришталар: “Ортингизга қайтинг, отангизнинг қазои қадари яқинлашди”, дедилар.

Фаришталар кириб келганида Ҳавво онамиз уларни кўрганлари заҳоти таниди ва дарҳол Одамнинг устига ўзини ташлаб маҳкам қучоқлаб олди. Одам алайҳиссалом унга: “Қоч, қоч, мендан нари тур, бу ерга сен сабабли келиб қолган эдим. Энди эса мен билан Раббимнинг фаришталари ўртасидаги йўлни очиб қўй”, деди.

Шундан сўнг фаришталар унинг жонини олишди, ювиб, кафанлашди, муаттар ҳидли мушку анбарлар сепишди. Кейин қабр қазишди, уни жойига қўйишдан олдин жаноза намози ўқишди. Сўнг эса уни лаҳадга қўйиб, лаҳад оғзини ғишт билан бекитишди.

Кейин юқорига чиқиб, қабрни тупроқ билан кўмишди ва: “Эй Одам фарзандлари, сизнинг одатингиз шундай бўлади” дейишди”, дейилган (Имом Аҳмад ривояти).

 

Дамин ЖУМАҚУЛ таржима қилди.