Мақолалар

Уйингизга уларни кирита кўрманг!

Чоп этилди Mart 3, 2019 Уйингизга уларни кирита кўрманг!da fikr bildirishni o'chirish

Инсон Қиёматда қаттиқ сўраладиган неъматлардан бири бу – вақт экан. Шуни била туриб ҳам ҳамма нарсадан кўпроқ вақтимизни исроф қиламиз. Агар бир кунлик намозимизнинг ҳаммаси – фарз, суннат, витрнинг вақтини жамласангиз, уларни ўқиб олишга сарфланган вақтимиз бир соатга етмайди. Ана шу бир соат ичида кўпдан кўп савоблар оламиз, Аллоҳ таоло зиммамизга фарз қилиб қўйган амални бажариб, Унинг қарзидан қутулиб борамиз. Шунинг билан бирга, беш маҳал таҳорат олиб танамизни, либосларимизни пок тутамиз, яъни покизалик – саломатлик асоси; намозда қиёмда, рукуда, саждада бўлганларимиз, ўз навбатида, жисмоний машғулот вазифасини ҳам ўтайди ва соғлом бўлишимизни таъмин этади.

Намозда шунча кўп фойда борлигини Африка чангалзорларида яшаб, липпасига дарахт япроқларини боғлаб юрадиган қайсидир қавм билмаса билмас, Аммо бизнинг ватандошларимизнинг ҳаммаси билади. Бироқ вақтининг йўқлигини рўкач қилиб, намоз ўқимайди-да, кетма-кет давом этадиган турли сериалларни уч-тўрт соатлаб томоша қилади. Аллоҳ таоло аниқ ўлчов билан берган умрини ҳавога совуради, совуриш ҳам ҳолваси, ўша томоша қилаётгани сериалидаги тарбияси бузуқ зинокорларга, ярим-яланғочларга, ота-онасини ҳақорат қилувчиларга хайрихоҳ бўлиб, гуноҳларга ботади.

Сериал дегани, аслида  лақма одамларнинг ҳисобига жарақ-жарақ  пул орттириш деганидир. «Йўлбошловчи ёруғлик» каби 62 йилдан бери намойиш этиб келинаётган, 15762 сериядан иборат сериаллар бор. Бундай сериалларда қанча одамлар рол ижро этиб, яна қанча одамлар уларни томоша қилиб ўтиб кетди…

Сериал дегани бу – инсонга ўзининг ҳаётини унутиб бошқанинг ҳаётини яшаш дегани. Ана шу гапимизга яқиндагина Тошкентга келиб-кетган Бурак Узчивит мисол бўла олади. Ўзбекистонлик сериалпарастлар унинг “Қора севги” сериалида ўйнаган ролини кўриб мафтун бўлганмиш. Сериалга шу қадар берилиб кетган томошабин аёллар Узчивитнинг сериалдаги севгилисини ўзимман дея тасаввур қилиб қолган, ҳеч бўлмаганда, ўша аёлнинг ўрнида бўлиб қолишни жону дилидан истаган. Шунинг учун ҳам унинг “марҳабо, ийимисин?” деган бир оғиз гапига юраги тошиб жарақ-жарақ пулларини қурбон қилиб юбордилар.

Нафсиламри, сериал ҳам кино санъатининг бир тури ёки жанри. Унга эътироз қилсак, санъатни тушунмайдиган, замондан орқада қолган пандавақиликда айбланиб қолишимиз мумкин. Аммо ундаги мавзуларга бир томошабин сифатида эътирофимиз ва эътирозимизни айтсак, бўлар деган умиддамиз.

Хуллас, модомики, уйимизда телевизоримиз бор экан, сериалга қарашга мажбурмиз. Телевизорда нима ҳам кўрардингиз, уч-тўртта донишманднинг гурунги, қилпиллаган қўшиқчилар, одамнинг кўнглини беҳузур қиладиган эшилишлар, сузилишлар, сифатсиз рекламалар, от, ур, ўлдир, портлат… ва сериаллар-да…

Яқинда ЎзА сайтида “ZOʻR TV” телеканали муҳаррири Феруза Юсупова билан  “ZOʻR TV” телеканали: Томошабинлар турк сериалларини талаб қилишмоқда”, деган даъвоси катта суҳбат эълон қилинди.

“Абдулҳамид” ва “Эртуғрул” тарихий сериалларига эътироз бўлгани йўқ. Ижтимоий тармоқларда асосан “Ҳовли” сериали муҳокама қилиняпти. Шу фильмда ҳар бир салбий ҳолатдан сўнг лирик чекиниш билан ўша воқеага изоҳ берилади. Қаҳрамон қаерда, қандай айб қилгани кўрсатилади. Энг муҳими, фильмнинг якунида фалсафий хулоса бор. Ҳамма воқеа ўшанга қараб бораяпти. Чунки бунда ёмонлик орқали яхшилик улуғланган. Ёшларни ёмон йўлга кирмаслиги оилага боғлиқлиги, акс ҳолда оқибатининг нима бўлиши сўнгги қисмларда маълум бўлади. Яна бир мисол, “Гуллар изтироби” сериали бош қаҳрамонининг қалбини ўч олиш ҳисси эгаллаб олганди. Шу сабаб ундан барча юз ўгиради, у ёлғизланиб қолади. Ахир бу сериаллар орқали яхшиликни ёмонликдан фарқи кўрсатиб берилган-ку! Ҳар қандай асар фақат ижобий қаҳрамонлардан иборат эмас”.

Шу гапларни ўқиб туриб қадим замонлар бўлиб ўтган бир воқеани ўқиганим  ёдимга тушди: Бир устоз шогирдлари билан кимсасиз тоғда яшаб, уларга илм ва ибодат сирларини ўргатар экан. Кунларнинг бирида уларнинг ҳузурига шаҳардан бир гуруҳ одамлар кўтарилиб келишибди. Шаҳарликлар устозни маломат қилиб:

– Сиз шогирдларингиз билан шу хилватга беркиниб олиб ибодат қилиб ўтирибсиз, шаҳарда эса қиёмат қойим бўляпти – шаҳар халқининг тарбияси буткул издан чиқиб кетди: сўдхўрлик, ўғрилик, ичкиликбозлик, маишатпарастлик… авж олди. Уларни бу гуноҳлардан ким қайтаради! Ким уларга ҳақни ноҳақдан, тўғрини ўғридан, ҳалолни ҳаромдан ажратиб беради! Сиз ҳозироқ биз билан бориб ҳақиқий аҳволни ўз кўзингиз билан кўриб, одамларга панду насиҳат қилмасангиз бўлмайди, – дейишибди.

Наилож қолган устоз одамларга панду насиҳатлар қилиб келиш ниятида уларга қўшилиб шаҳарга жўнабди. Орадан бирор ҳафта ўтиб, устоз кечга яқин қайтиб  келибди. Уни катта қизиқиш билан ўраб олган шогирдларига кўрганларини гапириб бераркан, “Энг ёмони, одамлар маст-аласт бўлганидан кейин ўртадаги катта стол устига ёшгина аёл чиқар экан-да, мусиқага ўйнай-ўйнай эгнидаги кийимларини битта-битта ечиб отар экан”, дебди. Бу гапни эшитиб оғзи карракдек очилиб қолган шогирдлар бир оздан сўнг ўзига келиб, “уят, шармандалик, номус”, дея шовқин солишибди, шаҳар халқини кўп маломатлар қилишибди. Кейин ухлагани ётишибди. Устоз эрталаб ўрнидан туриб қараса, тоғда битта ўзи қолган эмиш. Шогирдларининг  ҳаммаси устози таърифлаган беҳаёликни ўз кўзлари билан кўриб келиш учун шаҳарга жўнаб кетибди.

Телевидение орқали сериал бизнесини касб қилиб олганлар бир бурчакка 16+ деган ёзувни чиқариб қўяётирки, бу, айниқса, ўтиш даврида бўлган ўсмирларни баттар қизиқтирмоқда. Телеканал масъуллари эса бир нарса деган одамга ана шу ёзувни рўкач қилишади. Аслида шу ёзувнинг ўзи жуда ҳам зўр реклама эканини улар билмайди, деб ўйлайсизми?..

Халқимиз турк сериалларини кўришни истаётган бўлса, шарманда, уятсиз, ярим яланғоч ва кинодаги туғилажак болалари ҳароми, валади зино бўлганларни айтмаётгандир.

Туркияга борсангиз, худди ана шу сериаллардаги каби очиқ кийинадиган, клиплардаги каби ҳаёсиз қизларни учратмайсиз ва бу сериаллар, клипларни тасвирга оладиган махсус ажратилган жойлар бормикан, деб ўйлайсиз. Кейин, турклар фақат ўзларида ишланган сериалларни кўради. Турк каналларида бошқа давлатларда ишланган сериалларнинг намойиш этилганини ҳам кўрмайсиз.

Ҳа, майли энди, халқимиз сериалсевар халқ экан нима ҳам дейсиз. Лекин инсонни жасоратга, ватанпарликка, ундайдиган; Ватанни, миллатни севишга тарғиб этадиган сериаллар йўқми, “Эртуғрул”, “Абдулҳамид”  каби сериаллар туркияда, менимча, унчалик тақчил эмас.

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар: “Кимки бирор инкор қилинадиган – ношаръий ишни кўрса, уни қўли билан инкор қилсин, ўзгартирсин. Кимки бунга қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин. Бунга ҳам кучи етмаса, қалби била қайтарсин. Буниси эса имоннинг заифроғидир” (Имом Термизий, Имом Насоий, Имом Абу Довуд, Имом Ибн Можа, Имом Ибн Ҳиббон, Имом Байҳақий, Имом Аҳмад ривоят қилишган).

Сарвари коинотимизнинг ушбу ҳадисига итоат қилиб, ҳаёсизлик, бузуқлик, шафқатсизлик тарғиб этиладиган сериаллардан қайтариш ниятида ана шу мақолани қораладик.

Азизларим, сериалдаги тарбиясизларни, зинокорларни, қаллобларни, даҳрийларни, сеҳргарларни, коҳинларни, фолбинларни… уйингизга киритманг. Улар, албатта, сизга ва фарзандларингизга зарар етказади. Уйингиз ҳар доим нурафшон бўлишини истасангиз, телевизорни камроқ ёқинг.

Дамин ЖУМАҚУЛ