Мақолалар

«БИСМИЛЛАҲ»НИНГ БАРАКАСИ

Чоп этилди Mart 2, 2019 «БИСМИЛЛАҲ»НИНГ БАРАКАСИda fikr bildirishni o'chirish

Бир мўмина аёл ҳар бир ишида “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм”, дейишни канда қилмасди. Унинг эри негадир бундан ғазабланиб, бир куни хотинини хижолатга қўймоқчи ва шу орқали унга айб тақамоқчи бўлди. Хотинига пул солинган ҳамённи тутқазиб: “Буни яшириб қўй, қачон сўрасам берасан”, деди. Аммо ўзи шу ҳамённи хотинига билдирмай олиб, соҳилга бориб қайиққа ўтирди. Денгиз ўртасига етганида ҳамённи сувга улоқтирди. Бу иши билан мўмина хотинига озор бермоқчи бўлди ва изига қайтди.

Сувга тушган ҳамённи бир балиқ ютиб юборди. Эр уйига келиб, ҳеч нарсадан хабари йўқдай юраверди. Бир неча кун ўтиб, эр дўкони олдида ўтирганида бир овчи балиқ кўтариб ўтиб қолди. Балиғи катта эди. Шунда у балиқчи билан савдолашиб, балиқни сотиб олиб, уйига жўнатди. Хотини балиқни олиб, эри келгунича пишириб қўймоқчи бўлиб, балиқнинг қорнини ёрган эди, ичидан бир ҳамён чиқди. Хотини “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” деб ҳамённи олдинги жойига қўйди.

Эр уйга келиб, кечки овқатга балиқ тановул қилди ва хотинига ўша ҳамённи олиб кел, деб буюрди. Хотини дарҳол ҳамённи келтириб берди. Эри ўзи берган ҳамённи кўргач, дарҳол Аллоҳ азза ва жаллага сажда қилиб: “Буни Раҳмон ва Раҳим Зотдан бошқа ҳеч қила олмайди”, деди ва хотинига воқеани бир бошдан айтиб берди. Хотини ортиқча ҳайратланмай, эрига: “Бу “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм”нинг баракасидан”, деди.

Арабчадан Бобомурод ЭРАЛИ таржима қилди.