Мақолалар

Болаларни назоратсиз қолдирманг!

Чоп этилди Mart 2, 2019 Болаларни назоратсиз қолдирманг!da fikr bildirishni o'chirish

Яқин атрофимиздану дунёнинг нариги чеккаларидан оқиб келаётган ахборотларни ўқиб, эшитиб гоҳ хурсанд, гоҳ ҳайрон, гоҳ огоҳ, гоҳ ташвишдамиз. Хабарлар хилма-хил, кўз кўриб, қулоқ эшитмаганлари қанча. Баъзида жуда оддий-жўн туюлган сабабнинг ҳеч кутилмаган оқибатидан ҳайратдасан, баъзи ҳодисаларнинг қандай келиб чиққанига ақлинг бовар қилмайди. Улар ичра гўдак, норасида болалар тақдири билан боғлиқ шундай хабарлар борки… кеча ёки ҳалигина ўқиганингда қалбингга тушган изтироб, оғриқ азоби совумасдан, бошқа нохуш хабар тармоқларни титратмоқда…

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЁХББ ОАВ билан ҳамкорлик қилиш бўлинмаси хабарларидан: 2019 йил 7 январь куни Наманган шаҳар “Қуйи Ровустон” маҳалла фуқароси 25 ёшли Н.Ф. уйида 2 яшар қизини болалар манежи ичида назоратсиз қолдирган. Гўдак гугуртни ўйнаши оқибатида ёнғин келиб чиққан. Ёнаётган парда боланинг устига тушган вақтда онаси ўчирган. Она ва бола куйиш жароҳатлари билан касалхонага ётқизилган.

2019 йилнинг 14 январь куни Фарғона тумани Чимён қишлоғида яшовчи фуқаро Д.А.нинг уйида содир бўлган ёнғинни пайқаб қолган қўшнилари уй эгасининг 2006 ва 2015 йилда туғилган фарзандлари ҳамда 2007 йилда туғилган жиянини ёнғин зонасидан куйиш тан жароҳатлари билан қутқариб, шифохонага олиб кетишган ва ёнғин хавфсизлиги хизматига хабар беришган. Шифохонада кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан, жароҳатининг оғирлиги сабабли 2015 йилда туғилган А.Д. вафот этган. Қаровсиз қолдирилган ёш болаларнинг очиқ оловдан фойдаланиши  ёнғин келиб чиқишига сабаб бўлган, деб тахмин қилинди.

2019 йил 15 январь куни Жиззах вилояти Зомин тумани Даштобод шаҳарчаси Бахт маҳалласидаги хонадонда ёнғин содир бўлган. Ёнғинни ўчириш экипажлари воқеа жойига 7 дақиқада етиб келган. Уйнинг ётоқхонасида гилам, кўрпа ва бешик ёнаётган бўлиб, ёнғин бартараф этилган. Суриштирувда бешикдаги бола ностандарт (қўлбола) электр иситиш мосламаси яқинида назоратсиз қолдирилиши натижасида ёнғин содир бўлгани аниқланган. Ёнғиндан хабар топган она жароҳатланган ўғлини шифохонага олиб кетган. Кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай, 2018 йилда туғилган М.Д. шифохонада вафот этган.

TJournal хабар беради: Шу йилнинг 13 январь – якшанба куни Испаниянинг Малага провинциясида  икки ёшли Хулен ота-онаси билан сайрга чиққан вақтида 100 метрли чуқурга тушиб кетган. Оила табиат қўйнида тамадди қилиш учун бу ерга келганди. Қулай жойни топишгач, онаси телефонда гаплашиш учун бироз узоқлашган ва эридан болага қараб туришни сўраган. Ота гулхан ёқишга ўтин йиғишга чалғиган, бола эса югуриб кетган ва чуқурга йиқилган. Кенглиги 30 сантиметрдан ошмайдиган чуқурга тушолмаган қутқарувчиларнинг ҳафта-ўн кунлик уринишлари бекор кетди…

Тошкент вилоятининг Чиноз туманида уйи олдидан оқиб ўтувчи ариққа тушиб кетган  2 ёшли қизини сувдан чиқарган онаси биринчи тиббий ёрдам кўрсатган. Тез тиббий ёрдам ходимлари етиб келишганда, қизалоқ вафот этган эди.

Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрида яшовчи 6 ёшли Д.Т. исмли қизалоқ гугурт ўйнаб, хонадаги бешикни ёқиб юборган. Ёнғинни уй эгалари ўчиришган. Қизалоқ ва унинг икки ойлик укаси куйиш жароҳатлари билан касалхонага ётқизилган…

Бу хабарларни ўқиш ҳам, эшитишу сўзлаш ҳам осон эмас. Уларни яна овоза қилиб қалбларга оғриқ солгинг келмайди, лекин… Юқорида келтирилган аниқ воқеаларнинг қурбони, жабрдийдаси бўлган барча болаларнинг ота-оналари энди: “Фалон ишим жигарбандимнинг тақдиридан ҳам муҳим бўлгани учун боламни назоратсиз қолдирган эдим”, демаслиги аниқ. Бозор-ўчар, дилкаш суҳбатлар, кўнгилочар сайру саёҳатлар, телефон оламига “шўнғиш”, чарчоқ ёки асабийликка енгилиш; “ўйнаяпти”, “ухлаяпти”, “ўзи еб-ичяпти” деган хотиржамлик билан ёш болани қаровсиз қолдиришнинг оқибатлари айрим ота-она ва унинг яқинлари учун бир умрлик армон бўлиб қолмоқда.

Бир киши Пайғамбар (алайҳиссалом) ҳузурларига келиб сўради: “Эй Аллоҳнинг расули! Туямни боғлаб, сўнг Аллоҳга таваккул этайми ёки уни ўз ҳолига қўйиб, таваккул қилайми?” Расулуллоҳ (алайҳиссалом) дедилар: “Туянгни боғла, сўнг таваккул эт!” (Имом Термизий ривояти). Бу ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳар ишнинг оқибати хайрли бўлиши учун келиб чиқиши мумкин бўлган нохушликларга қарши олдиндан эҳтиёт чораларини кўриб қўйишни таълим бермоқдалар.

“Ҳар бирингиз раҳбарсиз ва ҳар бирингиз қўл остингиздагиларга масъулсиз” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти), деб бошланувчи яна бир ҳадиси шарифда эркак киши ўз оиласи устидан раҳбар ва  уларга масъул, аёл эрининг уйи ва болаларига раҳбар, уларнинг устидан масъуллиги айтилган. Солиҳ зурриётлар қолдириш – инсон дунёвий ҳаётининг муҳим вазифаларидан. Балки шу сабабдан Аллоҳ таоло фарзандларни қалбимизга шунчалар азиз, яқин, суюк қилиб қўйгандир. Жаннат райҳонлари – ўғил-қизларимиз биз ота-оналарга Яратганнинг бебаҳо неъмати, омонатидир, уларнинг ҳар қадамию амалига раҳбар, масъул эканимизни унутмайлик.

Муҳтарама УЛУҒОВА

Ислом нури” газетасининг 4-сонидан