Мақолалар

Ажримларга даво бор!

Чоп этилди Mart 4, 2019 Ажримларга даво бор!da fikr bildirishni o'chirish

Одамлар ўз-ўзини ислоҳ қилсагина мақсадга эришиш осон бўлади. Яқинда тажриба алмашиниш ва баъзи муаммолар юзасидан катта ҳаётий тажрибага эга бўлган Самарқанд вилояти отинойилари билан ажримлар ва уларни камайтириш юзасидан, ечимли ғояларни ҳаётга тадбиқ этиш ҳақида тор доирада фирклар алмашдик.

Ҳозирги сиёсий ўзгариш ва турли юксалиш жараёнлари кетаётган бир пайтда оиладек муқаддас даргоҳни “ажрим” деган офатдан қутқариш, фарзандларни етим бўлишдан асраш чора-тадбирлари изланмоқда. Бу йўлдаги чора-тадбирларни қўллаб қувватлаб, жамиятнинг бир бўлаги оилани мустаҳкамлаш, эл-юрт фаровонлигини таъминлаш борасидаги Юртбошимизнинг халқпарвар қарор ва фармонлар билан фуқаролар ҳаётига енгиллик киритилаётган экан, биз нега изланмаймиз, бепарвомиз? Бу масалада, биров қайнонани айбласа, яна кимдир келинни айблайди. Фикримча, айб ҳаммамизда. Айниқса, оналарда!

Қизни рисоладагидек ўстирганлар ҳақида, қуйидаги ҳадис ривоят қилинган. Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) айтади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимнинг учта қизи бўлиб, уларни ўз қўлида тарбиялаб, катта қилса, жаннатга кириши муқаррардир”, деганлар (Имом Бухорий ривояти). Қиз болани машаққат билан ҳаёт бўсағасига меҳнатсевар, ибо-ҳаёли, илмли, айниқса, Аллоҳ ва Расулини севадиган қилиб тарбияласагина жаннатга киришига асос бўлади. Хўш оналаримиз, гапдаги юришларидан, ўз орзу ҳавасларидан ортиб фарзандига вақт ажратяпдими?

Ҳаёт зиналаридан илдам кўтарилган, намунали оиланинг қайнонаси бўлган Самарқанд шаҳар бош отинойиси Нодира опага: –

– Ажрим ёқасига келмаслик учун нималар қилишимиз керак? – деган савол билан юзланганимизда:

– Учта келиним бор, уччаласи ҳам уч дунё. Қиз фарзандим бўлмагани учун уларга бор меҳримни бердим. Аммо энг катта ечим ҳам қийинчилик ҳам қайноналар қўлида. Қайнона кўзи бору кўр, қулоғи бору кар, бўлиши керак. Бу осон эмас, лекин қайнона уйдаги тинчликнинг энг катта байроқдори. Биз қайноналарни кузатганимизда, айниқса, жанжалли оилаларда, улардаги шу тизим ишламаслиги панд берган. Келиннинг озгина хатосини топса, кўринса бўлди… Қайнонани ўғлига гапи топилади. Бечора ўғил икки ўт орасида қолади. Ҳар бир оиланинг паст-баланди бўлади. Ўғлимнинг соғлигини асраш учун ҳам мен уларга ҳеч нарсани айтмайман. Келинларим билан мавжуд муаммони дўстона ҳал қилиб оламиз. Ва тайинлайманки: “Эрларингиз эшитмасин!”.

Оилада адолат тарозиси доимий ишлаб туриши керак. Оилада бирор муаммо пайдо бўлса, янги келган келиндан айб қидиришади. Оиладаги неччи йиллик барқарорликни янги келган келин ўзгартира олиши мумкинми? Ҳар бир оилада ўзига яраша тизим бўлади. Фарзандлари яхши тарбия кўрган оиланинг жамиятда мавқеи баланддир.

Намунали оилаларни ўрганиш ва уларнинг баъзи жиҳатларини кўпчиликка тарғиб қилиш мақсадида олиб борган кузатувлар шуни кўрсатдики, оилада тинчлик-хотиржамликни бош омили қайнонадир. Қайнотани ҳам баъзида ҳовуридан тушириб қўядиган ҳам, ўғлини тор феълини кенгроқ қилиш ҳам, келинни яхши гап билан тўғри йўлга солиш ҳам, қайнисингилларни бўлар-бўлмас аралашувидан қайтариш ҳам – фаросатли қайнонага ҳар томонлама боғлиқ масалалардан. Иккинчидан, оила қуришга тайёр бўлган қизнинг сепини тайёрлашдан олдин унинг “эп”ини тайёрлаш керак. Янги оилага унинг сепи ҳам, чиройи ҳам иккинчи даражали туради.

Шунинг учун муносиб умр йўлдоши танлаш инсон ҳаётидаги энг муҳим, балки ҳаёт-мамот масалаларидан бири ҳисобланади. Оила эр-хотинга кўп масъулият юклайди. Зеро, турмуш қуриш инсон ҳаётининг энг аҳамиятли ишларидан биридир. Бу борада ташланган битта хато қадам бутун ҳаётни остин-устун қилиб юбориши мумкин.

Ҳозирги кундаги ажримларнинг сабабларидан яна бири келин уй-юмуш ишлари, бола парвариши у ёқда турсин, ҳатто ўзини қандай тутишни, сўзлашишни билмайди.  Она қизига саронжом-саришталик, итоату ибодатдатни, пазандалик сирларини ўргатиш ўрнига сеп йиғиш билан оввора бўлган. Кечирасизу, агар эпи бўлмаса, уқувсизлик оқибатида юзага келган оилавий ажримни “сеп” қайтариб қоладими?

Бу масалада аввало, ота-она фарзандларига намуна бўлишлари лозим. Бундан ташқари, болаларини турмуш қуришга тайёрлашлари, оила хусусида уларни қизиқтирган масалаларни “миридан-сиригача” эринмай тушунтириб боришлари керак.

Хўш ўзингизга савол бериб кўрингчи, қиз ўстираётганлар? Қизингиздан кўнглингиз тўляптими? Йўқ? Бировнинг кўнгли қандай тўлсин? Агарда юмалоқ ёстиқ қилиб узатиб юбормай, камчилик-хатоларини ҳозирдан тузатишга киришсангиз, сиз яхши она, қизингиз яхши келин бўлади, иншоаллоҳ!

Шоҳиста ҲОЖИБОЙ қизи