Мақолалар

Совчилик одоблари

Чоп этилди Mart 5, 2019 Совчилик одоблариda fikr bildirishni o'chirish

Халқимизнинг тўйлари кўп. Ота-она борки, топган-тутганини фарзандимнинг тўйига сарфлайман, деган орзу-ҳавас билан яшайди. Шунингдек, кексаларимиз: “Топганинг тўйларга буюрсин”, дея дуо қилишади. Муқаддас даргоҳ бўлмиш оилада кўзлар қувончи фарзанд туғилибдики, ўғил бўлса, уйласам, келинлар олсам, қиз бўлса, яхши жойга узатсам, мен ҳам қудалик – андалик бўлсам, деб ҳар бир ота-она ният қилади.

Аслида, қудачилик Аллоҳ таолонинг бандаларига берган улуғ неъматларидан бири бўлиб, Қуръони каримнинг “Фурқон” сураси 54-оятида шундай марҳамат қилинади:

У яна (ҳақир) сувдан (манийдан) инсонни яратиб, сўнгра уни насл-насабли ва қуда-анда қилиб қўйган зотдир. Дарҳақиқат, Раббингиз (ҳар ишга) қодирдир”.

Қудачилик – никоҳ орқали шаклланган қариндошлик муносабатларидир. Яъни, бир-бирига мутлақо нотаниш ва бегона бўлган кишилар – келин ва куёвнинг ота-онаси, оила-аъзолари, уруғлари қудачилик орқали ўзаро қариндошга айланадилар. Бу шунчаки оддий муносабат эмас, балки Яратган номи билан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатлари ҳамда кўпчилик мўмин ва мусулмонларнинг гувоҳлигида ўрнатилган муқаддас алоқадир. Шунинг учун исломда қудачилик алоқаларига катта аҳамият берилган ва бунга оид шаръий ҳукмлар ҳам батафсил баён қилинган.

Аслида қудачилик муносабатлари дастлаб совчиликдан бошланади. Чунки бизнинг минтақамизда одатда, совчилик йигитнинг ота-онаси ёки яқинлари томонидан амалга оширилади. Келин олишни ният қилган хонадон аҳли ўғлига муносиб қизи бор хонадонга яхши ниятлар билан ташриф буюради. Қиз ўстирган хонадон эса, қизи бўйи етгач, ҳар куни совчилар кутишга тайёр туради, совчилар уларнинг одатий меҳмонларига айланади. Совчиликдан олдин нималар қилиниши кераклиги тўғрисида динимиз керакли тавсиялар берган.

Энг аввало оила қураётган келин ва куёв имкони борича бир-бирига яқин қариндош бўлмасликлари уламолар томонидан тавсия этилади. Иккинчидан, совчи қўядиган ва совчи кутадиган оила ўғил-қизлари никоҳга тайёр эканлиги ҳақида бош қотириши лозим. Шунинг учун аввал ўғилнинг рисоладагидек эр, қизнинг рисоладагидек рафиқа бўлишига ишончлари комил бўлгандан кейингина, тўй ҳаракатига киришиш кераклиги айтилган. Бизда айрим оилаларда никоҳга тайёргарлик деб – фақат моддий тайёргарлик тушунилади. Гўёки тўй қилиш харажатлари топилса, тўйни бошлайвериш керак, деб ўйлашади. Аслида, энг асосийси бўлган – тўйдан кейинги ҳаёти бахтли бўлиши учун қай даражада тайёр эканини ўйлаб ҳам кўришмайди.

Бир ҳадисда шундай дейилган:

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан биронтангиз бировнинг савдоси устига савдо қилмасин ва биродарининг совчилиги устига унинг изнисиз совчи қўймасин”, дедилар”. Имом Муслим ривояти

Шариатимизда нафақат келин ва куёв танлашда, балки қуда тутилаётган хонадоннинг ҳам насабли ёки мансабли эканига эмас, бу оила аъзоларининг, бўлажак қудаларнинг дини, ахлоқи ва маънавиятига ҳам эътибор қаратиш зарур бўлади.

Никоҳ қурган ёшлар келажакда бахтли ҳаёт кечириши учун хонадон эгалари совчи қўйишда мазкур оила ҳақида эринмасдан суриштиришлари лозимдир. Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, бирор кимса, сиздан маҳаллангиздаги бирор оила ҳақида суриштириб келса ёки қариндошингиздан бирор ким ҳақида сўраса, унга ҳақиқатни айтишингиз лозимдир. Эҳтимол сизнинг биргина сўзингиз мазкур оила бир умр бахтли бўлишига сабаб бўлар ёки бир умр бахтсиз бўлишидан асраб қолар. Шунинг учун гувоҳлик беришда адолатли бўлиш лозимдир.

Нафақат, ўзга-бировлар ҳақида, балки ўзингиз, ўз оила азоларингиз ва фарзандларингиз ҳақида ҳам бор гапни айтишингиз лозим бўлади.

Совчиларнинг гап-сўзлари бир бирига маъқул келганидан сўнг тўй ҳақида келишув бўлаётганда, улар бир бирига имкон қадар енгил бўладиган, исроф бўлмайдиган томонни ҳаракат қилишлари лозимдир. Бунинг учун икки томон бир-бирларига ён босишлари, ўзаро бир-бирларини тушунишлари, бир-бирларини қўллаб-қувватлашлари каби инсоний фазилатлар билан музайян бўлиши тарғиб қилинган. Баъзи оилалар тўйга ортиқча ташвиш-харажат қилиш ҳаракатида бўлгани сабабли, фарзандларининг турмушлари кечикиб кетяпти. Бугунги кунда айрим оилалар ҳаддан зиёд ортиқча орзу-ҳавасларга берилиб кетишмоқда. Ҳатто тўйгача бўлган – совчи қўйиш, совға-салом улашиш ва шу каби тўйнинг дебочаси бўлган борди-келдиларга сарфланаётган харажатларга аслида, бутун бир тўйни ўтказса бўлади. Зеро бугунги кунда Юртбошимиз томонидан илгари сурилаётган “Тўйларни ихчамлаштириш” масаласи ҳам шу мавзуга тўғри келади.

Баъзан, бу борада юксак қадриятларимиз унут бўлиб боряпти ва натижада боши берк кўчага кириб, кўплаб муаммоларга дуч келиб қолинмоқда. Оилада эр эрлигини қилса, хотин эса хотинлигини билса, бунчалар кўп муаммоларга дуч келинмасди. Оилалар бу қадар кўп ажраган бўлмасди. Баъзи совчи аёллар аввалига қуллиқ қилиб боради, ялинади, қизингиз келиним эмас, балки менинг ҳам қизим бўлади, дейдию, тўйдан кейин турли гап-сўзларни кўпайтиришади. Ана шу ҳолатда оила бошлиғи бўлмиш эр индамай, ўзини билмаганга олиб турса, хотинининг зулмига, гуноҳига у ҳам тенгма-тенг шерик бўлади.

 

Муродуллохон НУРИДДИНОВ,

Қамаши тумани “Қоратепа” жоме масжиди имом-хатиби.

Nasafziyo.uz