Дунё янгиликлари

Малайзия Ислом илмий университети Ўзбекистон таълим муассасалари билан ҳамкорликни кенгайтиради

Чоп этилди Mart 4, 2019 Малайзия Ислом илмий университети Ўзбекистон таълим муассасалари билан ҳамкорликни кенгайтирадиda fikr bildirishni o'chirish

Ўзбекистоннинг Куала-Лумпур шаҳридаги элчихонаси берган маълумотга кўра, 2019 йилнинг 4 март куни Малайзия Ислом илмий университети (USIM) раҳбарияти ва профессор-ўқитувчилари билан учрашув бўлиб ўтди. 

1998 йилда асос солинган давлат олий таълим муассасаси USIM’да 32 йўналишда таълим берилади. Бугунги кунда у ерда 15 минг атрофида талаба таҳсил олади.

ТИВ хабарига кўра, учрашув чоғида USIM ва мамлакатимиз таълим муассасалари ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинган ҳамда бу каби ҳамкорликнинг самарадорлиги алоҳида таъкидланган. Сўнгги ярим йил ичида USIM билан Урганч давлат университети ва Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти ўртасида тадқиқотларни биргаликда ўтказиш соҳасида, мутахассисларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, студентларни алмашиш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги шерикчилик битимлари имзоланди. Малайзия университети Ўзбекистон Миллий университети ва Бухоро давлат университети билан ҳам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган.

Натижада жорий йил январь ойида Ўзбекистон Халқаро ислом академиясида ва Урганч давлат университетида Ислом илмий университети етакчи профессорларининг ислом ҳуқуқи ва банкинги, туризм, менежмент, АКТ ва бошқа йўналишлар бўйича лекциялари ташкил этилди.

Олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва «visiting professors» шаклидаги амалиётни давом эттириш мақсадида университетнинг инженерия ва қурилиш факультети деканини Тошкент архитектура-қурилиш институтида мустаҳкам архитектура мавзусида лекциялар курсини ўтказиши учун 2019 йил 27 мартдан 11 апрелгача Ўзбекистонга юбориш тўғрисида келишувга эришилди.

kun.uz