Мақолалар

Кўнгилдан кўкарар кўклам куртаги (Бадиа)

Чоп этилди Mart 5, 2019 Кўнгилдан кўкарар кўклам куртаги (Бадиа)da fikr bildirishni o'chirish

 

 

Нега инсон ўз умрини баҳор билан ўлчайди? Нечун ҳаётимнинг фалон кузи демайди? Айт-чи, баҳор ё Сен билан бошланганми, яшаш ибтидоси? Ё Сен билан безаклими, умр ўлчови?

Кўклам асли нимадан бошланади?

Қуёшнинг тобора шимолга оғишиданми, ё бойчечакданми? Ёхуд қурбақанинг қуриллашидан,ё бўлмаса қалдирғоч ташрифиданми?

Эҳтимол, бу соғинтирувчи фаслнинг дебочаси узоқ тоғ чўқққиларидаги муздан узилган илк томчидан,ё момоқаймоқнинг заррин ранглариданмикан?

Балки, шошқалоқ бодом гулларидандир?

Ё бўлмаса, унинг илк элчилари ўйинқароқ болакайларнинг учирган варракларимикан?

Баҳордан андоза олган ироқи дўппилар ва толпопукларми, ё кўклам муждалари?

Эҳтимол, офтобрўйга ошиққан онахоннинг ўрик гулига тикилган нигоҳларига, балки “Омонлик,омонлик, ҳеч кўрмайлик ёмонлик” дея сумалак тотиётган отахонлар насибасидандир, бу сеҳрли фасл ибтидоси?

Ассалом, Кўклам! Сен қандай ва нимадан бошланма, нафасингни энг аввал кўнгил сезади, энтикади, тўлқинланади ва сенга пешвоз чиқади. Сен яйдоқ еру яланғоч шохларни яна яшил либосларга буркаганингдек.кўнгиллар ҳам янги туйғулар билан тўлади. Ҳолбуки,бу туйғулар ёш танламайди. Сенга барча бирдек ошиқ бўлади. Бу жамики кўнгилларда туғилган муҳаббат фақат сенга аталган. Сенгагина хосдир. Сен қайдан биласан, ўрик гулига ошуфта онахон қалбига ҳам ўн саккиз ёшли баҳори қайтгандир, отахоннинг хотирасида эса қир-адирда насиминг алвон дуррасини ҳилпиратган маъшуқаси чопқиллаётгандир. Сен шундай сеҳрлисанки, ҳар қалбни ишғол қиласан, ҳар кўнгилда ғалаён уйғотасан. Табиат билан уйғун ва бир вақтда кўнгил баҳорини ҳам армуғон этасан.

Нега инсон ўз умрини баҳор билан ўлчайди? Нечун ҳаётимнинг фалон кузи демайди?

Айт-чи баҳор, ё сен билан бошланарми,яшаш ибтидоси? Ё сен билан безаклими умр ўлчови?

Саксонинчи баҳорини қаршилаётган онахон ва ўн саккиз ёшли ойпари қизнинг сенга қадалган нигоҳларида нечук бир маъно? Эй яшартирувчи фасл, нечун сенга тўймайди инсон? Ҳар ташрифинг бетакрорми, ё ? Ахир, юз йил бурун очилган лоланг бугун ҳамон ўша-ўша : алвон рангда-ку. Югурик жилғаларинг-да,юлдуздек сочилган чучмомоларинг,бир кечада чаман бўлғуси олчазорларинг- бари ҳамон ўша-ўша – Сенинг азалий манзараларинг-ку?! Ё ҳар баҳор умр баҳори, кўнгил баҳорими? Шунданмикин, менинг фалон баҳорим, деган умр ўлчови?!. Эҳтимол, шудир сенинг ёздан-да, куздан-да, қишдан-да суюклилигинг, инсон ва табиат олдидаги бебаҳолигинг.

Ассалом, баҳор! Сен ризқ-рўз дастурхонининг ёзгувчисидирсан, Сендан бошланади, ризқу насибамиз файзу баракаси. Само карнайчиси- момақалдироқларнинг гулдуросида, беқарор булутларнинг сайрида, ҳар ёзилган япроғу гуллаган шохларингда- сенинг ҳар кўринишингда нозу-неъмат, хирмон-хирмон ҳосил мақсади мужассам. Ҳатто кўримсиз янтоқнинг кўкаришида ҳам чорванинг ризқи бор. Чорвада эса инсон насибаси.

Нега инсон Сен билан ота-онасини соғингандек, ёрини кутгандек дийдорлашади?

Сен келганда нечун ҳар билакда ўзгача қувват, ҳар юракда янги орзу-мақсад пайдо бўлади?

Сирли сумалак теграсида вожиб бўлғуси меҳр-оқибат юксаклигининг бирор қиёси бормикан? Саховат қадриятлари қўшиб тугилган кўк сомсаларинг-чи?

Коинотнинг бузилмас қонуниятлари асосида қарор топган Наврўзингдан айланай, Сенинг ! Кун ва тун баробарлиги, табиат уйғониши, ёруғлик- буларнинг барида буюк бир ҳикмат бор. Минг-минг йиллар муқаддам белгиланган бу сана ҳозирги замон мунажжимлари учун қадим шарқ донишмандлигидан улуғ бир намунадир. Бой мозийга аниқ ишорадир.

Ассалом, Наврўз!

Сенинг бу галги ташрифингга ҳам соғинчдан поёндозлар тўшадик, кўнгиллар беғуборлигини хонадонларимиз, кўчаларимиз, маҳаллаларимиз. шаҳару қишлоқларимизга ҳам кўчирдик. Томирлари аллақачон замин билан тиллашаётган минг-минглаб нигоҳларимизга ўзинг она бўл, Наврўз!

Мана, қатор-қатор далалар : кафтдек текис, паҳлавондек бақувват. Унинг ўртасида қўлини чаккасига қўйган инсон эса- Бободеҳқон. Биласан,сени энг орзиқиб кутган бани-башар вакили ўша. У сени қадим қадрдонини кутгандек кутади, иссиқ тафтингни тупроғидан сезади.

Сенинг бу галги ташрифинг Юртим -Ўзбекистон учун янада юксалиш баҳори ҳамдир.Баҳор ва Юксалиш. Ҳар иккисида ҳам бир мақсад мужассам: кўклам табиатга комиллик бахш этса, тараққиёт-юксалиш инсон ҳаётини баҳор каби яшнатгувчидир.

Ҳуш келдинг, кўнгилларда яратувчилик, юрт равнақи йўлидаги ғайратимиз-шижоатимизга янада кўтаринки руҳ, юксак ниятларимиз ижобатига остона бўлгувчи -Юксалиш баҳори!

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ.

Халқ сўзи online