Мақолалар

АБУ ТАЛҲА (Р.А.) НИНГ РАСУЛИ АКРАМ (С.А.В.) ГА МУҲАББАТИ

Чоп этилди Mart 6, 2019 АБУ ТАЛҲА (Р.А.) НИНГ РАСУЛИ АКРАМ (С.А.В.) ГА МУҲАББАТИda fikr bildirishni o'chirish

Абу Талҳа Исломни қабул қилгандан кейинги йилда, иккиси жами етмиш уч кишилик Мадина мусулмонларига қўшилиб, Ҳаж учун йўлга чиқди. Маккага етишди. Минодаги “Ақоба” отилган жойда ярим кечада тонгга яқин Пайғамбарларнинг энг буюги билан кўришди. Абу Талҳа ўзининг, барча оламлар жанобининг муборак юзини ой нурлари остида илк бора кўрди. Аллоҳ яратган энг маъноли, энг покиза, энг мунаввар юз қаршисида Умму Сулаймни яна бир бор эслади. Асло хато қилмаганини, чиркин ҳаётдан қутулишига сабабчи бўлган аёлини яна бир бор хаёлан тақдирлади. Эргашиладиган, ҳар амри сўзсиз, тараддудсиз бажарилиши зарур бўлган ягона инсон қаршисида эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак юзига боқар экан, кўнглининг битмас-туганмас муҳаббат билан тўлиб-тошганини ҳис этди. Бу муҳаббат томирларига, вужудининг ҳар заррасига қадар ёйилар, ичида таърифи имконсиз бир бахтиёрликни ҳис этар эди у. Шу онда ўл деса, ҳеч тараддудсиз ўлган бўларди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинани шарафлантиргач, муҳожирлар билан Ансор (мадиналик асҳоблар) орасида (маънавий) қариндошликни вужудга келтиришни ташкил этиш учун Умму Сулайм ва Абу Талҳанинг уйини танладилар. Бу маросимни бир хурмазор (боғ)да шаҳар ташқарисидаги бир майдонда ҳам ўтказиши ёки шаҳар бойларидан бирининг уйида ҳам ўтказиши мумкин эди. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жанобимизнинг бу уйдаги Аллоҳ ва Расулига муҳаббат туйғуси тортган бўлса керак. Мусулмон бир оила учун умр бўйи ифтихор этиладиган бу воқеа амалга оширилган бир уйнинг соҳиби бўлмоқ – дунёнинг ҳеч бир неъматига алмаштирилмайдиган бир неъмат эди.

 

УММУ СУЛАЙМНИНГ РАСУЛУЛЛОҲ (С.А.В.) ГА ҲАДЯСИ

Бир кун Умму Сулайм кўзларининг нури ўғлининг қўлидан тутди, Расули ккрам соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузури муборакларига борди.

– Ё Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам, одамлар сизга бир қанча ҳадялар келтирадилар. Мен ҳам келтирай дедим, аммо, тополмадим. Мана, шу ўғлим закий ва тарбияли бола. Лутфан буни ҳадя сифатида қабул қилинг, хизматингизни қилсин, – деди ва чиқди.

Ўн ёшли, севимли ва тарбияли бола ўша кундан эътиборан ўн йил жанобимиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хизматларида бўлди. Ва у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламни мамнун этди. Бу ўн йил ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бажарган бир иши туфайли унга “Нега бундай қилдинг?” демаганларидек, адо этмаган бир иши сабабли “нега буни қилмадинг?” демадилар. Бу эса, Анас хизматда камчиликка йўл қўймагани билан бирга Набиййи муҳтарам соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни яхши кўрганини ҳам билдиради.

Агар мадиналиклар берган ҳадяларга баҳо берилиши керак бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ва мўминларга фойдаси жиҳатдан ҳеч бир оила берган ҳадя Умму Сулайм берган ҳадянинг тўпиғига ҳам чиқолмасди. Жонини бермоқни ҳам оз кўрадиган даражада чин дилдан боғланган жаноби соллаллоҳу алайҳи ва салламга бера оладиган ҳеч қандай дунёликка соҳиб бўлмаган, аммо Аллоҳнинг лутфу карами билан энг буюк ҳадяни тақдим эта олди. Чунки унинг ҳадяси бошқаларники каби тўрт-беш кунда тугаб-битиб кетадиган хилидан эмас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга кеча-кундуз хизмат қилди, вафотларидан сўнг ҳам у зотдан эшитган ва ўрганган бебаҳо билимларни ўзидан кейинги мусулмонларга етказди. У нақл этган ҳадис – 2286 тадир.

Ҳадис китобларида баъзан Абу Талҳа уйга келганида қимматли жуфти ҳалолига:

– Умму Сулайм, уйда егулик бирор нарса борми? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жанобимизнинг овозлари қалтираб чиқди. Ҳеч нарса емаганларини билдим, – деганини қайд этади.

Абу Талҳа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг барча сафарларида бирга бўлди. Куч-қувватли киши эди. Ҳунайн жангида йигирмата мушрикни ер тишлатиб қўйгани маълум. Шунинг учун ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жанг пайтида Абу Талҳанинг овози юз кишининг овозидан хайрлироқдир”, деганлар.

Уҳуд уруши бутун шиддати билан давом этар экан, Абу Талҳа тиз чўкди, ортида ўтирган ва унга ўқ узатиб турган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга вужудини қалқон қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам отилган ўқ қаёққа кетаётганини кўриш учун бош кўтаргач, у:

– Ота-онам сизга фидо бўлсин, ё Расулуллоҳ, кутилмаган ўқ учиб келиб қолиши мумкин, менинг кўксим кўксингизга қалқон бўлсин, – дея бошини кўтарар ва у зотга тўсиқ бўлишга ҳаракат қиларди. Бу сўз айтмоққа осон, аммо тепасидан ўқ ёғилганда  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бош кўтарганда бошини унга тўсиқ этароқ, кўксини Пайғамбар (с.а.в) кўксилари олдида керароқ буларни сўзлай олмоқ ҳар марднинг, ҳар кишининг иши эмас. Таҳликали пайтдаги бу фидокорликни ўша куни юзларча қайтарган Абу Талҳа ҳақиқатан баҳодир ва қаҳрамон эди. Ҳар гал бу фидокорлик қайтарилганда такрорланган бу байт, у стол бошида ёзилган қасидаларга, ғазал ва мадҳияларга қиёс этилмайдиган даражада бебаҳодир. Абу Талҳа бажарган, уддалаган иш-фазилат нарвонининг энг сўнгги босқичидаги сўз билан эмас, ҳаракати билан қилинган фидокорлик ўрнагидир.

Исми сиёсий ҳодисаларга аралашмагани учун келажак наслларга зиёда етолмаган, аммо маълум мақсадлар эшлигида шуҳрати кўкларга юксалганлардан асло қолишмаслигини Мавло ҳузурида исботлайдиган бебаҳо инсон бу ҳаракати билан мўминлар кўнглида ўзгача бир тахт қурган бўлса, ажаб эмас. Уҳуд уруши давом этаркан жанг майдонини тарк этиб кетган бир қанча инсон ҳазрат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурига уялиб, тортина-тортина келган эди. Абу Талҳа эса вужудини у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламга юз марталаб қалқон этган бир инсон туядиган маъсудлик билан, аммо буюкланмасдан, бажарганини етарли билмасдан, бошқаларга тепадан қарашни кўнглига ҳам келтирмасдан, аммо зиёдароқ амал этмоқ орзуси билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларидан ўрин олди. Ҳар он хизматларига ҳозиру нозир бўлмоқнинг буюк завқини тотди.

Бир кун Оли Имрон сурасидан бир оят нозил бўлди: “Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизча сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билгувчидир” (92-оят) дейилади. Шунда Абу Талҳа дарҳол Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига келди:

– Ё Ҳабибуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)! Аллоҳ бу оятни нозил қилди. Менинг ўзимга севимли мол-дунём, давлатим – Байраҳо деган боғим бор, шуни Аллоҳ йўлида (садақа сифатида) топшираман. Хоҳлаганингиздек тасарруф этинг, – деди.

Бундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам беҳад мамнун бўлгани ва: “Қандай яхши, қандай гўзал… фойда келтирувчи бир боғ” деганлар ва бу боғни Абу Талҳанинг муҳтож қариндошлари номига ўтказиб берганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам гоҳ-гоҳ бу боққа ўзининг боғига келгандек бемалол кириб дам олганлар, ширин сувларидан ичганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам баъзан Абу Талҳанинг уйига борар, ҳатто ётиб ухлаган пайтлари бўларди. Бир гал Умму Сулайм Пайғамбаримизнинг муборак пешоналаридаги терларни пахтага шимдириб, бир шиша идишга сиқа бошлади. Шу пайт уйғониб қолган Пайғамбаримиз:

– Нима қиляпсан, эй Умму Сулайм? – дедилар.

– Ё Набийюллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)! терларингиздан мушк қилмоқчиман, – деб жавоб берди Умму Сулайм. Ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг бу ҳаракатини тўғри топдилар:

– Аҳсанту (гўзал иш қилдинг), – деб мақтадилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу уйнинг болаларини ҳам эътиборсиз қолдирмас эдилар. Бир борганларида ҳали кичик Умайрнинг йиғлаётганини кўриб сабабини сўрадилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундан сўнг ўша уйга ҳар борганларида

– Эй Або Умайр, қушчага нима бўлди, қуш боласи, қалай? – деб сўрардилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳажжул Видода эҳромдан чиққанларидан сўнг соч олдирдилар. Аввал одатларига биноан ўнг тарафдан бошладилар, бу сочларни бир-бир атрофдагиларга тарқатдилар. Сўнг чап тарафини олдирдилар ва:

– Абу Талҳа қани? – деб сўрадилар.

– Шу ердаман, ё Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)!

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларидаги соч тутамини унга бердилар. Бу ҳол Абу Талҳага берилган баҳоларнинг устуни эди. У бу сочларни уйига асрамоқчи, гоҳ-гоҳ мурожаат этувчиларга (бу сочлардан) бермоқчи эди.

 

МУБОРАК ЗОТ ҚАБРИНИ ҚАЗИГАН ГЎРКОВ

Абу Талҳа Мадинада қабр қазувчи сифатида танилган киши эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабри муборакларини қазган ҳам Абу Талҳадир. Ҳазрати Умар вафот этар эканлар, хилофот мақоми учун олти киши белгиланди. Абу Талҳага ҳам эллик кишилик бир қисм билан сайлов биносини ўрашни ва ҳеч ким уларни безовта қилмаслигини таъминлаш амр этилди. Абу Талҳа уч кун кутмоқчи, тўртинчи кун (яна) Халифа аниқланмаса ва бу олти киши орасида англашилмовчилик юзага келса, ҳаммасининг ҳам бўйинларини қайирмоқчи эди.

Ҳижратнинг ўттиз биринчи йилида Абу Талҳа дунёга видо айтар экан, ортида хотиралар қолдирароқ, юкли бир дафтар билан кетарди. Бу дафтар фақат ўзини эмас, кўп одамни бахтли эта оладиган таассуротларга тўла эди. Инсониятга қила олган ягона яхшилиги – ўлиб кетмоқдан янада, тўғрироғи, умри давомида кимга, қаерда ва қандай ёмонлик қилишнинг ҳисобини олишдан бошқа дарду ҳунари бўлмаганлар қаторида бу дунё Абу Талҳа кабиларни ҳам устидан кўтаради.

Орада минг тўрт юз йилдек узун масофа борлигига қарамасдан, унга ва унга (Абу Талҳага) ўхшаганларга кўнгилларида ҳурмат ва муҳаббат туйганлар ҳам бу дунёда яшамоқдалар. Мавлонинг лутфу карами билан бир кун мутлақо уларга баробар бўлмоқ амали уларни овутмоқдадир. Чунки Ҳабибуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Ҳар ким севгани билан бирга бўладир деганлар (Бухорий, адаб, VII /112). Борди-ю, бу дунёда бўлмаса, эртанги абадий оламда севгилилар, севишганлар бир-бири билан топишиб, ҳасратларини кетгазгайлар, мангу бирга бўлгайлар. Аллоҳу акбар!

Кўп инсоннинг қабрини қазган Абу Талҳанинг мозори энди ортида қолаётган одамлар томонидан қазилди. Ҳар фоний каби у ҳам қора тупроқ қаърига қўйилди. Азиз руҳи эса, ҳаёт-мамот жангида ўз жонини ўртага қўйиб, қўришга ҳаракат қилган Буюк Расулнинг меҳмони бўлмоқ учун фаришталар билан бирга йўл олмоқда. Аллоҳим! Абу Талҳага, оиласига лутфу караминг билан муомала айла!

Манбалар асосида Нилуфар БОЗОРБОЙ қизи тайёрлади.