Мақолалар

Солиҳа аёл илтижоси туфайли хидоят топган олим

Чоп этилди Mart 6, 2019 Солиҳа аёл илтижоси туфайли хидоят топган олимda fikr bildirishni o'chirish

Кунларнинг бирида тун ярмидан ошиб қолган пайтда ишдан уйга қайтдим. Бу вақт ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси шарифларида: “Раббингиз дунё осмонига тушиб, дуо қилувчилар борми, дуоларини қабул қилсам”, деб айтилган.

Уйга кириб дам олиш хонасидан аёлимни топа олмадим. Бошқа хоналарни қараб чиқдим. Шу пайт қулоғимга авваллари эшитмаганим – жуда ҳам гўзал тиловат эшитилди. Ўша томонга қараб юрдим. Не кўз билан кўрайки, уйнинг қоронғу бир четида аёлим икки қўлини кўтарган ҳолатда дуолар қилар эди. Яқин бориб, қулоқ солдим.

Ё Аллоҳ! У ўзидан олдин мени дуо қилар, Ўзининг ҳожатларидан олдин менинг ҳожатларимни сўрарди. Унга бир муддат табассум билан термилиб, сўнгра йиғлаб юбордим. Аёлимнинг кўз ёш тўкиб, ихлос билан менинг ҳаққимга қилаётган дуолари ички ҳиссиётларим ва қалбимда ўтган аламли дамларимни ҳамда Роббимнинг тоатида беэътибор бўлиб, унга осийлик қилган соатларимни эслатди. Аёлим кўзда ёш билан мени ҳидоятга бошлашини Аллоҳ таолодан қайта-қайта сўрарди. Унинг оҳ уриб қилаётган дуо-илтижолари музлаб қолган қалбимнинг туб-тубигача етиб борган, ичимдан нимадир отилиб чиқмоқчи бўлаётгандек эди гўё. Ўз ҳолатимга ачиниб кетдим. Аллоҳ раҳм қилсин менинг ҳолимга. Шунча кунларни осийлик ила ўтказиб, қалбим бир зум бўлсада Аллоҳнинг зикри ила ором олмаганини ич-ичимдан ҳис қилдим. Кўзларимдан оқаётган ёшларни артдим, икки қўлимни дуога очиб, Роббим мени ҳидоятга бошла деб қалбан илтижо қилдим. Беихтиёр ўзимни сарҳисоб қила бошладим.

Мана неча ойдирки, уйимни саранжом-саришта тутадиган, кундузи истаган нарсамни муҳайё қиладиган, тунда уйда ёлғиз ташлаб кетиб, фисқу фужур ишларим билан алламаҳалда уйга қайтганимда жойнамоз устида Аллоҳдан мени ҳидоят қилишни сўрайдиган солиҳа аёлим борлигини унутган эканман. Қалбимда ўзгача ҳис сеза бошладим. Гўё қалбим икки нарса орасида тинмай курашаётган эди. Бири аввал қилиб юрган гуноҳ ишларимга чорлов бўлса, иккинчиси ҳозиргина Аллоҳнинг муҳаббати ила топган ҳаловатим эди. Икки тиззамни қучиб ўтирарканман, кўзларимдан ёш қуйила бошлади. Гўё қалбимдаги бор фисқу фасодлар кўз ёшларим орқали тўкилиб тушаётгандек эди. Аёлимга назар ташлаб, қалбимга озор бермаслик учун бунча дард аламларни сездирмай сабр қилиб, бор ғам-ғуссаларини тунда Аллоҳнинг ўзига арз қилиши сўқир кўзларимни очди. Уйга келганимда очиқ чеҳра билан кутиб оладиган, хонадонимни бахт-саодатга тўлдирадиган, ишга ҳам таббассум билан кузатиб, эшикни ёпиши билан жойнамоз устида қалбидаги оҳу-нолалари ила Аллоҳдан мени ҳидоятга бошлашини илтижо қилиб сўрайдиган солиҳа аёлим экан.

Ҳозиргина топганим – қалбим ҳаловатидан ҳузурланиб турганимда ногаҳон муаззиннинг “Намозга шошилинг! Нажотга шошилинг!” деган нидоси қулоқларим остида жаранглади. Ҳеч бир иккиланишсиз ўрнимдан туриб таҳорат олиб, масжидга отландим. Шу куни бомдод намозини ўзгача туйғу, завқ-шавқ билан адо этдим-ки, ҳатто ҳаётимда биринчи маротаба намоз ўқиётгандек ҳис қилдим ўзимни. Гўё тонг отиб, у билан янги бир руҳ, янги бир нафс пайдо бўлгандек эди. Аллоҳга шукрлар бўлсин! Аёлимнинг таънаю танбеҳлари билан эмас, балки солиҳа аёлларга хос амалий ҳаракати ила қилган ишларимга пушаймон бўлиб, тавба қилиб, Роббимга юзландим. Аёлимга нисбатан меҳр-муҳаббатим аввалгига нисбатан жуда ҳам юксак даражага кўтарилди. Орадан анча йиллар ўтиб, ушбу солиҳа аёл эрини илм-маърифатга тинмай ундаши натижасида унинг жуфти ҳалоли Мадинадаги энг катта олимлардан бирига айланди. Олимдан ҳидоятга келишларига нима сабаб бўлгани сўралса, фахр билан: “Менинг ҳидоятга келишмга солиҳа аёлим сабабчи бўлган”, деб айтар эди.

Доктор Ҳасан Пошонинг “Эр ва хотин иккисининг қулоғига айтиладиган насиҳатлар” китобидан