Мақолалар

Қаламнинг беш хусусияти

Чоп этилди Mart 8, 2019 Қаламнинг беш хусусиятиda fikr bildirishni o'chirish

Бола бобосининг мактуб ёзаётганини томоша қилиб ўтирган эди. Дафъатан:

– Бизнинг бошимиздан ўтган бирор воқеани ёзмаяпсизми? – менга алоқаси бор бўлиши эҳтимоли борми?” – деб сўраб қолди.

Бобо ёзишдан тўхтаб кулимсиради ва неварасига:

– Тўғри топдинг, сен ҳақингда ёзяпман. Бироқ мен фойдаланаётган қурғошин қалам бошқа қаламлардан жуда ҳам қийматли, улғайганингда бу қаламни сен ҳам мендек  севасан дея умид қиламан, – деди.

Бола ҳайрон бўлиб қаламга боқди, аммо унда ўзгача хусусият кўрмади.

– Хўп, аммо мен кўрган бошқа қаламлардан бу қаламнинг ҳеч қандай фарқи йўқ-ку!

– Бу – нарсаларга қандай қарашингга боғлиқ, бу қаламнинг бешта муҳим хусусияти бор ва сен уни билиб олсанг дунёда омадли инсонлардан бирига айланасан. Биринчи хусусият: ғайритабиий ишлар қила олишинг мумкин, аммо ташлаган қадамингни таъмин этиб турган бир куч борлигини унутма. У – Раббимиздир ва Ўз қудрати билан бизни ҳаракатлантиради.

Иккинчиси, бир неча саҳифа ёзганимдан кейин қаламнинг учини арчмоғим керак. Бу иш қаламга бир оз оғриқ берса-да, натижада янада ўткир бўлиши таъмин этади. Шунинг учун баъзи оғриқларга тоқат қилишни ўргангинки, оғриқлар сени янада пишитади.

Қурғошин қаламда бирор нарсани хато ёзиб қўйсанг, уни ўчирғич билан истаган вақтингда ўчиришинг мумкин. Шундан бирор хато иш қилиб қўйсак, уни кейинчалик тузатишнинг ёмон иш эмаслигини тушуниб оласан. Аслида бу бизни адолат йўлида тутишга яраган энг муҳим ишлардан биридир.

Тўртинчи хусусият: қурғошин қаламнинг энг керакли қисми унинг ташқарисидан ўраб турган чиройли шакли эмас, ичкарисига жойлашган қурғошиндир. Шунинг учун инсон ҳамма вақт ўзининг ичига боқсин. Энг кўп уни муҳофаза қилсин.

Бешинчиси ва энг сўнгги хусусияти: қаламдан ҳамма вақт бир из қолгани каби сендан ҳам ҳаётда қилган ишларинг из бўлиб қолади. Шунинг учун ҳар бир ҳаракатингга диққатли бўл.

Дамин ЖУМАҚУЛ таржима қилди