Мақолалар

Қайси давлатларда аёлларга кам маош тўлашади?

Чоп этилди Mart 7, 2019 Қайси давлатларда аёлларга кам маош тўлашади?da fikr bildirishni o'chirish

“Евроньюс”нинг Европа статистика хизмати маълумотларига асосланиб қайд этишича, ишга жойлаштириш соҳасида гендер тенгсизлиги кўрсаткичлари минтақанинг Италия, Мальта ва Греция каби мамлакатларида юқори. Аксинча, Литва ва Финляндияда бу соҳада гендер фарқи жуда кичик.

Европа статистика хизматининг 2017 йил бўйича мазкур ҳафтада эълон қилган тадқиқот натижаларига кўра, Мальта компаниялари эркакларни аёлларга қараганда 24,1 фоизга кўпроқ ишга қабул қилган. Италия ва Грецияда бу кўрсаткич 19 фоиздан сал ортиқ. Литва, Финляндия, Швеция ва Латвияда эса айни соҳа бўйича гендер фарқи 5 фоизни ташкил қилган холос.

Мазкур тадқиқот Евроиттифоқ мамлакатларида 20 ёшдан 64 ёшгача бўлган эркак ва аёлларни ишга жойлаштириш таҳлилларига асосланган.

Хабарда қўшимча қилинишича, ЕИнинг 28 давлатидан 11 тасида молия ва суғурта соҳаларида аёллар ва эркаклар меҳнатига ҳақ тўлашда катта фарқ мавжуд. 2016 йилда мазкур йўналишларда фаолият кўрсатган аёл хизматчиларга эркак ҳамкасбларига қараганда 30 фоиз кам маош тўланган. Аммо, қурилиш, сув таъминоти, ассенизация ва утилизация тармоқларида меҳнат қилган аёлларга эркакларга нисбатан кўпроқ иш ҳақи берилган. Тадқиқотда бу ҳолат айни тармоқларга кўпроқ юқори малакали ва олий маълумотли хотин-қизлар ишга қабул қилиниши билан боғлиқлиги айтилади.

Тадқиқот хулосасига кўра, ЕИ мамлакатларида гендер фарқлари 2001 йилдан буён 6,6 фоизга камайган.

Малоҳат Ҳусанова,

ЎзА