Слайдер

“Саодат асри ифори”

Чоп этилди Mart 7, 2019 “Саодат асри ифори”da fikr bildirishni o'chirish

Бугун Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти талаба қизлари ўртасида 8 март – халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан “Саодат асри ифори” деб номланган тадбир бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг байрам табриги ўқиб эшиттирилди. Тадбирда Олмазор тумани бош отинойиси Муборак Ҳакимова ҳакамлар ҳайъати раиси, институт устозлари эса ҳайъат аъзолари бўлиб қатнашдилар.

Тадбир бошида мўминлар оналари ҳисобланмиш, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳли байтлари ва саҳобия оналаримиз ҳақларига Қуръон тиловати ўқилди. Тадбир учта шарт асосида ўтказилиб, биринчи гуруҳ “Фотимаи Заҳро”, иккинчи гуруҳ эса “Ойша Сиддиқа” деб номланди. Тузилган саволлар бир-биридан қизиқарли, ўйга толдирувчи, инсон руҳиятига озиқ бўладиган эди. Шартларга берилган вақтлар оралиғида эса талаба қизлар Исломда аёлнинг ўрни, аёлнинг иффати, ҳаёси ҳақида Фотима онамиз тимсолида маълумотлар бердилар.

Биринчи шартда Қуръони каримдаги Аҳзоб сураси, 16-, 37-, 50-оятлар; Моида сураси, 6-оят; Нур сураси, 14-оят; Мужодала сураси, 1-оят; Таҳрим сураси, 4-оят; Инсон сураси, 5-, 6-, 7-оятларда муборак оналаримизнинг қайси бирига оид сўзлар бор? ҳамда  Саодат асри саййидалари ҳақида уларнинг шажаралари, асл исмлари, қабилалари ҳақида маълумотлар савол тарзида тузилди. Масалан, савол: Маҳрлари асирликдан озод қилиш бўлган ва насаблари Ҳорун алайҳиссаломга бориб тақаладиган онамиз ким?

Жавоб: Сафия бинту Ҳуйай Назрия.

Қизларимиз ҳар бир шартдаги саволларга зукколик ва чаққонлик билан жавоб беришди. Якуний хулоса – меҳр-оқибат ғалаба қозонди.

Тадбир сўнгида Олий маҳад қизлари ичидан яқинда ҳофизи Қуръон бўлган беш нафар қизлар раҳбарият томонидан қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Нилуфар БОЗОРБОЙ қизи