Мақолалар

Қалб гавҳари

Чоп этилди Mart 8, 2019 Қалб гавҳариda fikr bildirishni o'chirish

Ислом динининг асоси ақида. Ақиданинг асоси эса Аллоҳ таолонинг биру борлигига имон келтиришдир. Энг аввало, қалбда ақида асослари ўрнашмас экан, шариат аҳкомларини бажаришдан фойда бўлмайди. Зеро, улуғ машойихларимиздан Сўфи Оллоёр айтганларидек:

“Ақида билмаган шайтона элдир,

Агар минг йил амал деб қилса елдир”.

Имом Абу Мансур Мотуридий (раҳматуллоҳи алайҳ)га кўра имон бу – тил билан иқрор бўлиш ва қалб ила тасдиқлашдир. Имони муфассал – мўминликнинг батафсил ифодаси қуйидагича: Аллоҳга, унинг фаришталарига, китобларига, набийларига, охират кунига, яхшилик ва ёмонлик Аллоҳ таоло хоҳиши билан бўлишига, ўлимдан кейин қайта тирилишга имон келтирдим.

1) Аллоҳ таолога имон келтириш деганда Зотида, сифатларида, исмларида, феълларида, ҳукмларида Унинг ёлғизлигига, шериги йўқлигига имон келтириш тушунилади. Бунга доир Қуръони каримда бир неча далиллар мавжуд. Жумладан, Аллоҳ таоло бундай деган: “Ана ўша Раббингиз – Аллоҳдир. Ундан ўзга илоҳ йўқдир. У ҳамма нарсанинг яратувчисидир. Бас, Унга ибодат қилингиз! У ҳар нарса устидан вакил (кузатувчи)дир” (Анъом сураси, 102-оят).

2) Фаришталарга ишониш ақидамиз арконларидан биридир. Уларга имон келтириш Аллоҳ ва унинг расули тавсифлаганидек бўлиши керак. Яъни, уларнинг сифатлари ҳақида ҳадисда шундай дейилади: Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Фаришталар нурдан яратилгандирлар. Жинлар оловнинг тутунидан яратилгандир. Одам сизга васф қилинган нарсадан яратилгандир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Фаришталар инсон кўзига кўринмайдиган, хизматдан чарчамайдиган, ғафлатда қолмайдиган, гуноҳ қилмайдиган, ўзларига буюрилган амрни сўзсиз бажарадиган ва яна бир қанча олий сифатларга эга бўлган зотлардир.

3) Илоҳий китобларга имон келтириш ўша китобларнинг барчаси Аллоҳнинг каломи эканига ишонмоқликдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган: “Пайғамбар (Муҳаммад) ўзига Парвардигоридан нозил қилинган нарсага (оятларга) имон келтирди ва мўминлар ҳам. (Уларнинг) ҳар бири Аллоҳга, фаришталарига, китобларига ва пайғамбарларига бирортасини ажратмасдан (ҳаммасига) имон келтирди…(Бақара сураси, 285-оят).

Пайғамбарларга нозил қилинган илоҳий китоблар тўртта бўлиб, улар Забур Довуд (алайҳиссалом)га, Таврот – Мусо (алайҳиссалом)га, Инжил – Исо (алайҳиссалом)га, Қуръон –Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га нозил қилинган. Илоҳий китобларга имон келтириш Қуръони каримга имон келтиришнинг бир бўлагидир. У доимо башариятни Аллоҳнинг Ўзи ҳидоятга солиб турганини билдиради ва мусулмонларни ушбу китобларга аҳил бўлган халқлар билан яқинлаштиради. Шунинг учун Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Ҳаммангиз Аллоҳнинг “арқони”ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва турли фирқаларга бўлиниб кетманг …”, (Оли Имрон сураси, 103-оят) деб марҳамат қилган.

4) Аллоҳ таоло Ўз китобида номларини зикр қилган пайғамбарларга ва уларнинг исмларини ва ададларини фақат Ўзи биладиган набий ва расулларни юборганига ҳам имон келтирмоғимиз вожибдир. Пайғамбарлар омонатли, гуноҳдан маъсум зотлардир.

5) Ислом ақидаси бўйича бу дунё инсон учун синов майдони, холос. Асосий ҳаёт эса Охират диёридир. Аллоҳ таоло айтади: “Бу дунё ҳаёти фақат (озгина) ўйин-кулгидир. Агар улар билсалар, охират диёригина (ҳақиқий) ҳаёт (жойи)дир” (Анкабут сураси, 64-оят).

Охиратга, яъни қиёмат кунига ишониш имоннинг яна бир шартидир. Бу ҳақиқатни тасдиқ қилмаган инсон мўмин бўла олмайди. Қуръони каримнинг жуда кўп оятларида мўмин ва тақводорларнинг сифатлари зикр этилганида “ва улар охиратга ишонадилар” деб васфланади.

Охиратга ишониш Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда хабар берилган нарсаларга: ҳашрга тўпланишига, номаи аъмолларнинг берилишига, кишининг савоб ва гуноҳлари ҳисоб қилинишига, мезонга (тарозуга), ҳавзга, сирот кўпригига, шафоатга, жаннат ва дўзахга, уларнинг аҳлларига ҳозирланган неъмат ва азобларга ишониш, демакдир.

6) Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Албатта, Биз ҳар бир нарсани ўлчов ила яратдик”, деган (Қамар сураси, 49-оят).

Ўзбек тилида “ўлчов” деб таржима қилинган сўз оятда “қадар” лафзи бўлиб келди. Уламоларимиз “қазо” ва “қадар”ни қуйидагича таърифлайдилар:

“Қазо Аллоҳ таолонинг барча ишлар келажакда қандай бўлишини азалдан билишидир”.

“Қадар ўша нарсаларнинг Аллоҳнинг азалий илмига мувофиқ равишда вужудга келишидир”.

Тақдир азалда битилган эканлигига имон келтириш вожиб, дейилганда “ҳамма нарса Аллоҳ иродаси билан бўлса, у ҳолда бандага нима қолади?” – деган савол пайдо бўлиши табиий.

Бу саволнинг жавоби икки қисмга бўлинади.

Биринчи қисм – дунёдаги инсоннинг дахли йўқ нарсалар. Фақат Аллоҳ таолонинг қудрати билан бўлади. Мисол учун, инсон ақлининг ўткир ёки ўтмаслиги, гавдасининг турлича, ҳуснининг чиройли ёки хунуклиги, туғилиш вақти ва жойи, эркак ёки аёллиги ва шунга ўхшаш бир қанча ишлар борки, уларга инсоннинг ҳеч қандай дахли йўқ. Инсон бу нарсалардан “Нега қоматинг узун, ёки пакана?” ёки “Нима учун фалон куни туғилдинг, фалон куни ўлдинг?” – деб сўроқ қилинмайди. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳдан. Бу турдаги қадарга имон келтириш ҳар бир мўмин-мусулмонга вожибдир.

Иккинчи қисм – инсон томонидан содир этилган иш ва амалларга боғлиқ. Буларда инсоннинг дахли бор, у бу ишларда ўзининг хоҳиши, ихтиёри ва ҳаракати билан иштирок этади. Масаланинг нозик жиҳати ҳам шунда.

Мусулмончиликнинг соф ақидаси эса Аҳли сунна вал-жамоа мазҳабида ўз аксини топган. Бу ақидага биноан, инсоннинг ихтиёрий амаллари Аллоҳ яратган нарсалар жумласидандир. Чунки дунёда Аллоҳ яратган нарсалардан бошқа нарса бўлиши мумкин эмас. Лекин бу инсон ўз ишини мажбур бўлиб қилади, яъни ҳар қандай ишни бажариб туриб: “Аллоҳ шуни хоҳлабди-да шунинг учун қилдим, менда айб йўқ”, дегани эмас. Чунки инсоннинг масъул бўлиб сўраладиган ишлари ҳам мана шу каби ўзининг амалига боғлиқ бўлган масалалардадир. Чунки инсон бир ишни амалга оширадиган бўлса, ўша ишни амалга ошириш учун икки нарсага боғлиқ бўлади. Биринчиси, уни амалга ошириш учун зарур бўлган омиллар. Иккинчиси, инсоннинг ўша ишни амалга ошириш учун йўналганлиги туфайли хоҳиш эгаси ҳисобланади. Ҳамда ана шу ихтиёри туфайли амалга оширган ишидан жавобгар бўлиб сўралади. Сўфи Оллоёр бобомиз бу ҳақда “Саботул ожизин”да қуйидагиларни айтганлар:

“Ҳаромидин вале манъ этди бизни,

Берибдур ихтиёри жузъимизни”.

Яъни, Аллоҳ таоло бизларга ҳаромга қўл урмасликни буюрди, шунинг билан бирга жузъий ихтиёримизни ҳам ўзимизга берди.

7) Қиёматда инсонларнинг қайта тирилиши бор эканига имон келтириш динимиздаги энг катта асослардан бири бўлиб, уни инкор қилган киши мўмин ҳисобланмайди. Қуръони каримнинг йигирмадан ортиқ ўринда қайта тирилиш кунига ишониш Аллоҳ таолога ишониш билан ёнма-ён зикр қилинган ва мантиқий жиҳатдан унинг ҳақ экани исботланган. Аллоҳ таоло шундай дейди: «У Бизга: “Чириб кетган суякларни ким ҳам тирилтира олур?” – деб, нақл келтирди-ю, (аммо) ўзининг (қандай) яралганини унутиб қўйди. (Эй Муҳаммад!) Айтинг: “У (чириган суяк)ларни дастлаб пайдо қилган зотнинг Ўзи қайта тирилтирур. У турли хил яратиш(лар)ни билувчидир”» (Ясин сураси, 7879оятлар).

Тарихдан маълумки, илк пайдо бўлган фирқа ва оқимлар биринчи бўлиб ақида масалаларини бузиб талқин этганлар. Шунинг билан улар ўз томонларида бўлмаган мусулмонларнинг барчасини кофирга чиқариб, ўлдириш ҳалол деган қарашга асосланганлар. Баъзан гуноҳ ишларни қилган кишини ҳам мушрик ва кофирга чиқарган фирқалар ҳам бўлган.

Аҳли сунна вал-жамоанинг мотуридий йўналишига кўра имон зиёда ва ноқис бўлмайди. Балки ҳар бир кишининг имони комил саналиши, тоат ва ибодат ёки гуноҳ-маъсият билан имоннинг айнан ўзи кўпаймаслиги ва камаймаслиги таъкидланади. Мисол учун, Аллоҳ таоло марҳамат қилиб шундай дейди: “Мўминлар – Аллоҳ (номи) зикр этилганида – дилларида қўрқув бўладиган, оятлари уларга тиловат қилинганида – имонлари зиёда бўладиган кишилардир…” (Анфол сураси, 2-оят).

Имом Мотуридий мазкур оят ҳақида шундай дейдилар: «Қуръон оятидаги “имонлари зиёда бўлади” жумласи адад ёки айни имоннинг ўзида зиёдаликни билдирмайди, балки унинг нури, шарафи, фазилати зиёда бўлганини билдиради. Масалан, “жамоат билан ўқилган намоз ёлғиз ўқилган намоздан йигирма беш баробар даражаси афзалдур” ҳадисида ҳам айнан намознинг адади зиёда бўлиши назарда тутилмаган, балки шарафи ва фазилати зиёдалиги назарда тутилгандир. Худди шу каби имоннинг амаллар жиҳатидан зиёда бўлиши ҳам унинг шарафи, фазилати, камоли зиёдалашишига далолат қилади. Амаллар имон жинсидан эмасдир, у иқрор ва тасдиқлашдан иборатдир» (Таъвилоту аҳлис-сунна).

Аллоҳ таоло барчамизни имон-эътиқодда мустаҳкам қилсин!

 

Ҳамиджон ИШМАТБЕКОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мудири

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 5-сонидан