Мақолалар

Заҳириддин  Муҳаммад  Бобур эътиқоди

Чоп этилди Mart 9, 2019 Заҳириддин  Муҳаммад  Бобур эътиқодиda fikr bildirishni o'chirish

(«рисолайи волидия» ва «мубаййин» асарлари мисолида)

Заҳириддин Муҳаммад Бобур бир умр шариатпаноҳ  ҳукмдор бўлиб яшади.  Мирзо Олим Мушрифнинг «Ансоб ус-салотин фи таворихи хавоқин» (Султонлар насаблари ва хоқонлар тарихи) номли тарихий асари маълумотларига қараганда, Заҳириддин Муҳаммад  исмини Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор қўйган бўлиб, «Бобурнома»нинг  ҳозириги ўзбек тилига (2008) қилинган  табдилида  исм сўзларининг шарҳи қуйидагича келтирилади: «Заҳири дини Муҳаммад – Муҳаммад динининг таянчи, посбони демакдир. Бобур – бабр(шер)сифат, шердек деган маънога моликдир». Дарҳақиқат, у исми жисмига монанд  умри давомида комил мусулмон сифатида суннийликнинг ҳанафийлик мазҳабига содиқ бўлиб келди.

Бобур Мирзо буюк подшоҳ, дилбар шахс, соҳиб девон шоир, «Бобурнома» ижодкори, йирик назариётчи олим, қаттиққўл адабиётшунос каби фазилатлар соҳиби бўлиши билан бирга етук таржимон ҳам эди. У  Хожа Аҳрор Валийнинг панднома, насиҳатнома асари – «Волидия»ни бетакрор тарзда назмда 243 байтда таржима қилди. Маълумки, «Волидия» рисоласи Хожа Аҳрорнинг волиди – отаси Хожа Маҳмуд хоҳиши билан ёзилганлиги ва мухтасар – ихчам бўлганлиги сабабли  «Волидия» (отага бағишланган) номи билан аталган. Бу асарда ахлоқ-одоб, инсоннинг ўзини таниши, фақру-фано масалаларидан сўз юритилган бўлиб, ўз замонида энг кўп ўқиладиган асарлардан бўлган. Жумладан, Алишер Навоийнинг «Хамсат ул-мутаҳаййирин» асарида ёзишича, у Абдураҳмон Жомий ҳузурида кўпгина бошқа китоблар қатори бу рисолани ҳам ўқиганини таъкидлайди: «Яна ҳазрати Хожа Убайдуллоҳнинг оталари ишорати била битилган рисолаларидур, ҳам фақр ҳам фано тариқидаким, оз ўғулга бу давлат муяссар бўлуб эркинким, ота амри била бу навъ шойиста хизмат қилмиш бўлғай»..

Бобур Мирзо 1528 йилда бу насрий асарни ўзбек тилига манзума тарзида ўгиради. Асарнинг бугунга қадар 5 та қўлёзмаси мавжуд бўлиб, улар тўғрисида Ф.Кўпрулу, С.Ҳасанов, Ҳ.Қудратуллаев, Ю.Билол, Т.Сейҳан, Ш.Ёрқин, Ҳ.Ҳасанов каби олимлар бир қатор илмий тадқиқот ишларини амалга оширишган. Асар борасида афғонистонлик олима Ш.Ёрқин шундай ёзади: «Темурийлар ва Ўрта Осиё сўфийларининг пир ва муршиди Хожа Аҳрорнинг «Волидия» номли насрий рисоласини Бобур шеърий тарзда ўзбек тилига ўгирди. Бу рисоланинг мавзуи инсон зоҳири ва ботинини покиза қилмоқдан иборат бўлиб, Абул Фазл Алломий уни «маърифат денгизининг дурдонаси»деб билади». Шунинг учун ҳам Бобур томонидан гарчанд асар шеърга солинган бўлса-да, матнда асосий диққат шоирона сеҳрсозлик эмас, балки Хожа насиҳатларини китобхонга аниқ етказишга қаратилади.

Бобур Мирзонинг Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор ва уларнинг фарзанду невараларига ҳурмат-эътибори катта бўлганлиги тарихдан яхши маълум. Хожа невараларидан икки киши Бобур хизматида бўлганлиги, айниқса, Хожа Калоннинг Бобур билан қадрдонлиги ушбу фикрни исботлайди.

Бобуршунослик соҳасида, дастлаб, «Рисолайи волидия» ҳақида фикр юритган олим Ф.Кўпрулу (1890-1966) ҳисобланади. Олим бу ҳақда «Миллий татаббулар» мажмуасида (1915) «Risâle-i vâlidiyye тercümesi» номли мақоласида сўз юритади. «Рисолайи волидия»ни  илк бор туркчага таржима қилган олим Ю.Билол асарни оддий уч рукнли рамал (фоилатун- фоилатун-фоилун)да ёзилганлигини Истанбул ва Рампур қўлёзма нусхаларига таянган ҳолда изоҳлайди. У бу ҳақда  шундай ёзади: «…Бу асарда Бобурнинг бор истеъдоди ва эътиқоди намоён бўлган. Худди шундай фикрни «Мубаййин»  ҳақида ҳам айтиш мумкин. Ҳар иккала асар ҳам  Бобуршоҳнинг фиқҳга қизиққанлиги ва собит ханафий эканлигини кўрсатади».

Турк адабиётида «Рисолайи волидия» асарининг таржима қилиниш ва ўрганиш борасида Фатиҳ университетининг фан ва адабиёт факультети доценти Али Фуад Билкан ҳам қатор тадқиқотларни амалга оширган. Жумладан, олим 2001 йилда «Рисолайи волидия» асарини Ю.Билол нашридан фарқли равишда туркчага таржима қилади. Филология фанлари доктори, профессор, Ҳ.Қудратуллаевнинг «Бобур армони»(2009) китобида ёзилишича: «Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг шахсий ҳаёти ва ижодида киши диққатини тортадиган алоҳида бир жиҳатни унинг нақшбандия тариқатининг машҳур вакили Хожа Аҳрор Валийга муносабати, тасаввуф илми ва Хожанинг валийлик ҳоли ҳамда  салоҳиятига берган баҳосидан билса бўлади».

Турк олимаси Т.Сейҳан «Мубаййин»нинг(2004) туркча таржимаси сўз бошисида: «..Улуғбекдан сўнг Абу Саид Мирзо (1451-1469)  даврида  ижтимоий-сиёсий ҳаётда инсон марказий ўрин  эгаллаб, суюрғолга ўхшаш эҳсонлар ортиб борди. Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор каби шаҳар аҳолиси вакилларидан  бўлган шайхлар, ижтимоий-сиёсий ҳаётда муҳим роль  ўйнай бошлади. Абу Саид Мирзонинг ўлимидан сўнг унинг ўғиллари даврида бу ҳолат  яна-да кучайди. …Шайбонийхон  давридан  сиёсий ва  маданий унсурлар воситасида сўфий шайхлар ҳамда уламолар билан яқин алоқа ўрнатиш фаолияти бошланади. Шу тариқа сўфий тариқатининг таъсири остида муштарак сиёсат юзага келади. Халқ ҳам буни қўллаб-қувватлай бошлади» деб ёзади. Албатта, ўзбек давлатчилик  тарихида диний-фалсафий асарлар муҳим аҳамиятга эга бўлган. Ҳар бир даврда, халқ эътиқоди дунёсидаги ўзгаришларга қараб бундай асарлар гоҳи таржима қилиниб,  гоҳ эса яратилиб вужудга  келтирилган.  Яхши таълим олган, туркий тил билан бир қаторда араб ва форс тилларини ҳам яхши билган кишилар, араб ва форс тилини яхши билмаган одамларга ўргатиш мақсадида диний асарлар яратишган. Битилган асарларни эса турк тилига таржима қилишган. Даставвал, Қуръон тафсирлари таржималари ва бошқа илмларни  ўз ичига олган «Китоби Муқаддимайи Абуллайс Самарқандий», «Муинул Мурид», «Атабатул Ҳақойиқ»,  «Наҳжул Фародис», «Қисаси Рабғузий»,  «Мифтоҳул адл» каби китоблар вужудга кела бошлаган.

Мирзо Бобур етук исломшунос олим сифатида, қолаверса, Ҳожагон тариқатига бўлган юксак муносабати,  диний-фалсафий соҳада эгаллаган билими уни «Мубаййин»дек асар яратишга ундади. Маснавий шаклида ёзилган ушбу асар ҳафиф баҳрида фоилотун-мафоилун-фоилун қолипида бўлиб, жами 2258  байтдан ташкил топган. Асарга  ханафия мазҳабида ислом асослари асос қилиб олинган бўлиб,  китоби имон, китоб-ус-салот, китоб-уc-закот, китоб-ус-савм, китоб-ул-ҳож каби  бешта бош бўлимдан иборат. Асарнинг айни пайтга қадар топилган 8 та қўлёзмаси мавжуд бўлиб, улар асосида бир қатор илмий нашрлар тайёрланган. Жумладан, С.Ҳасанов (2000), Т.Сейҳан (2004), Ҳ.Ҳасанов (2011) каби олимлар томонидан   ўзбек ва турк тилларидаги нашрлари эълон қилинган.

Бобур фиқҳ илми борасида кенг маълумотга эга бўлиб қолмасдан, балки, чуқур тасниф этишга қодир салоҳиятга эга эди. Бироқ  Бобур мутасаввиф  бўлмаган. У Аллоҳнинг бир суюкли бандаси сифатида Қуръони Карим измига амал қилган. Ўзининг ҳар қадамида буюк мураббий Расулуллоҳ(с.а.в)нинг йўл ва тамойилларини ўзига дастурул-амал билган.  Фалсафий-тасаввуфий соҳадаги эгаллаган юксак  илми унга  «Мубаййин»дек асарни яратишга ундаган.. Бобур шундай қилиб барча туркий халқларнинг зиммасида турган беш аркони мубини ислом учун абадий манба қилиб яратди.

Турк олимаси Т.Сейҳан «Мубаййин»нинг туркча таржимаси сўз бошисида ёзишича, Хоразмшоҳлар давридан бошланган таълимий  асарлар  яратиш анъанаси эски чиғатой даврига келиб  тўхтаб қолган. Илк ўзбеклар даврида бу анъана гоҳ ислом ҳаётининг қандай бўлиши лозимлигини кўрсатувчи  ҳикматлар шаклида, гоҳ илмий  жиҳатдан диний масалаларни ёритувчи  асарлар сифатида  янгидан  жонлана бошлаган. Гарчи мумтоз чиғатой (ўзбек мумтоз адабиёти) даврида Алишер Навоий  «Сирожул Муслимин» номли номозга оид  асарини яратган бўлса-да,  бу динни  ўргатиш  мақсадидан  кўра  кўпроқ ўзи  суҳбатларида иштирок этган  Ҳожа Аҳрорга  нисбатдан қарздорлик  сифатида ёзилган. Диний раҳбарлик вазифасини бажарган хонлар халқга суннийлик ва  ханафий  мазҳаби борасида тушунчалар бериб борган. Шайбонийхон «Рисолаи-Маориф»,  Убайдуллохон   «Таржимайи  Хавоиди Қуръон Фи-л Фурқон», «Масоилус-салот» каби асарлари асосида дарслар ташкил этилган. Бобур Мирзо эса динни сиёсат даражасига олиб чиқмаган. Бунинг натижасида,  Шайбонийхонга қарши Самарқандни  ҳимоя қилолмай шарққа чекиниш қилган. Ўша пайтларда  Бобур ўзининг «Мубаййин» (баён этилган) номли асарини яратган. Бу асарни классик  чиғатой адабиётида яратилган асарлардан кейинги диний-фалсафий асар сифатида санашимиз  мумкин. «Мубаййин» асарида  Бобурнинг олимлиги ва  сунний шахсияти кўринади.

«Мубаййин» фиқҳ қоидаларини барчага тушунтириш мақсадида  ёзилганини  асардаги хитоблардан ҳам билиш мумкин. Бобур мурожаат қилмоқчи бўлган ўқувчи гуруҳини ушбу хитоблар орқали аниқлаб оламиз:  Ёй нойиб, эй ҳужаста-пай фарзанд, эй мўмин, эй ҳамдам (11 марта), эй доно (5 марта), эй мусаллий, эй барно (2 марта), эй ёр (19 марта), эй аҳбоб (2 марта), эй сарвар (3 марта), эй қардош (2 марта), эй мусаллийи толиб, эй сойил, эй толиб(3 марта), эй корий, эй ҳом, эй сўзи туз (5 мартадан).  Бобур ўрни келганда олимларга ҳам мурожаат қилиб, ушбу асарни дин йўлидаги бир манба эканини таъкидлайди. Қолаверса, асар нафақат туркий халқларга,  балки араб-форс миллатларига ҳам  етиб боришини истайди.

Бобур ўзининг мазкур  асарига «Мубаййин» деб қатъий ном берган бўлса-да, уни «Мубин» шаклида эътироф этган ҳоллар ҳам бўлди. Асарнинг аслий  номини аниқлаш борасида туркиялик  олимларнинг ўз ўрни бор.  Турк олими Ф.Кўпрулу асар номига тўхталар экан, «Мубин» аслида   кимнинг асари эканлиги борасида қатъий фикрни айтган: «Бобурнома»ни  1922 йилдан инглиз тилига таржима қилган  А. С. Бевериж, ҳинд муаррихларидан Абу Фазл билан Бадоунийнинг бу номни «Мубаййин» сифатида ўқишганини ва Спрингер ушбу асарни «Фиқҳи Бобурий» деб кўрсатганини баён қилиб, эски хатосида давом этган, «Бобурнома»ни  форсчага таржима қилган Шайх Зайн ушбу манзум фиқҳ китобига шарҳ  ёзган бўлиб, «Мубин» мана шу шарҳ китобининг номидир. Қолаверса, Заҳириддин Муҳаммад Бобур

Чун баён эттим  анда шаръиййот

Не ажаб гар дедим Мубаййин от.

деб аниқ ном қўйиб  кимга ва  қайси йилда ёзилганлиги борасида ёзиб қолдирган. Асар муаллифи фарзандлар билиши лозим бўлган имон, номоз, рўза, закот, ҳаж масалаларини шеърий усулда бутун қонуниятлари билан баён этганки, булар барча замонлар учун аҳамиятлидир.

 

Шуҳрат Ҳайитов,

адабиётшунос,

филология фанлари бўйича фалсафа доктори

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 5-сонидан