Мақолалар

Катта Лангар Қуръони

Чоп этилди Mart 9, 2019 Катта Лангар Қуръониda fikr bildirishni o'chirish

Ўзбекистон мусулмонлари идорасида “Катта Лангар Қуръони ва унинг тарихий аҳамияти” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Унда таниқли уламолар, имом-хатиблар, диний таълим муассасалари раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Мазкур анжуманни ўтказишдан мақсад бугунги кунда Ўзбекистон мусулмонлари идораси музей-кутубхонасида сақланаётган тарихий ва нодир қўлёзма асарларни кенг жамоатчиликка таништириш ва тарғиб этишдан иборатдир.

Илмий-амалий анжуманда сўзга чиққанлар Катта Лангар Қуръонининг тарихи билан боғлиқ бўлган нодир маълумотларни беришди.

Қуйида Катта Лангар Қуръони ҳақидаги мақолани эътиборингизга ҳавола этамиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг музей-кутубхонасида сақланаётган “Катта Лангар Қуръони” Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманидаги Лангар ота масжидида “Катта Лангар шайхлари” деб ном олган Ишқия тариқати вакиллари томонидан асраб келинган.

Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари номаълум киши томонидан Катта Лангар Қуръонининг 67 саҳифаси олиб кетилган. Унинг қаерда эканлиги ҳалигача маълум эмас. Шунда қишлоқ оқсоқолларидан бири Тўхта бобо Ражабов қўлёзманинг 12 саҳифасини асраб қолишга муваффақ бўлади.

Орадан ўн йил ўтиб, мустақиллик йилларида ушбу муборак саҳифалар яна Катта Лангар зиёратгоҳига қайтарилади.

Аслида бу қўлёзма юртимизга қандай келиб қолганлиги ҳақида ҳалигача ҳеч ким аниқ маълумот айта олган эмас. Ушбу қўлёзма устида илмий-тадқиқот ишларини олиб борган олимларнинг таъкидлашларича, қўлёзманинг битилиши VIII асрнинг охирги даврига тўғри келади.

Ҳозирги кунда ушбу қўлёзманинг 81 саҳифаси Россия Фанлар академиясининг Санкт-Петербургдаги Шарқ қўлёзмалари институтида сақланади. Машҳур шарқшунос, академик И.Ю. Крачковский ўзининг “Араб қўлёзмалари устида” китобида ёзишича, бу қўлёзма 1936 йилда институт томонидан нотаниш кекса аёлдан сотиб олинган.

1998 йилда профессор Е.А. Резван Шарқ қўлёзмалари институтида Е 20 инвентар рақами остида сақланаётган мазкур қўлёзма ҳақида хориж матбуотида инглиз тилида “The Qur’an and its World” мақоласини эълон қилди. Орадан бир неча ой ўтиб, француз шарқшуноси Франсуа Дерош Санкт-Петербургга хат йўллаб, Ўзбекистондаги Катта Лангар қишлоғидан топилган Қуръон саҳифалари фотонусхаларини ҳам юборади. Бу нусхалардаги ёзув тури ва услуби институтда Е 20 рақами остида сақланаётган қўлёзманики билан айнан бир хил эди.

Кейинчалик Е. Резван ушбу қўлёзманинг айрим саҳифалари Катта Лангар қишлоғида, шунингдек, Тошкент ва Бухорода ҳам сақланиши ҳақида хабар топади. 1999 йилда Катта Лангар Қуръони билан яқиндан танишиш мақсадида Ўзбекистонга илмий экспедицияни амалга ошириб, бир гуруҳ шарқшунос олимлар билан Тошкентда Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида сақланаётган Усмон мусҳафи ва Лангар Қуръонининг бир саҳифаси, Шарқшунослик Қўлёзмалар институтида сақланаётган 1та саҳифасини, Лангар ота масжидида сақланаётган 12 саҳифани бориб кўради. Кейинчалик бу ҳақда “Усмон Қуръони изидан” деган ҳужжатли фильм ҳам тайёрлайди.

2000 йилнинг май ойида россиялик ва голландиялик олимларнинг изланишлари натижасида, Гронинген (Голландия) университети Изотоп тадқиқотлари марказида мазкур қўлёзма пергаментининг намуналари замонавий техникалар ёрдамида радиокарбон таҳлилидан ўтказилади. Текширув натижаларига кўра, ушбу қўлёзма милодий 775–995 йиллар оралиғида кўчирилган бўлиши мумкинлиги ҳақида хулоса берилди. Олимлар ушбу хулосага таяниб, қўлёзма VIII асрнинг сўнгги чорагига тегишли, деган тўхтамга келишган. Бу хулосани француз шарқшуноси Ф. Дерош ҳам тасдиқлайди.

Ўзбекистонда мазкур қўлёзманинг жами 16 саҳифаси мавжуд:

Биттаси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари институтида сақланади. Шарқ қўлёзмалари институтида 11604 рақами остида сақланаётган саҳифада “Бақара” сурасининг 26–61-оятлари кўчирилган. Мазкур институтда 2460 рақами остида сақланаётган Садир Зиё кутубхонасининг каталогида мазкур саҳифа ҳақида маълумот берилган бўлиб, унда саҳифанинг Учинчи Халифа Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу) замонасида кўчирилган китобга тегишли экани айтилади.

Иккита саҳифаси Бухорода: биттаси Ибн Сино номидаги Бухоро вилоят кутубхонасида, иккинчиси Бухоро давлат музей-қўриқхонаси Арк қўлёзмалар музейида сақланмоқда. Унда Мужодала сурасининг 11-оятидан Ҳашр сурасининг 3-оятигача ёзилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида Катта Лангар Қуръонининг аввалдан бир саҳифаси сақланган. 2003 йилда 12 саҳифаси Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманидаги “Лангар ота” масжидидан келтирилган. Ҳозирда 13 та саҳифаси сақланмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасида сақланаётган Катта Лангар Қуръонининг аввалги битта саҳифасида “Бақара” сурасининг 126–150-оятлари, 12 саҳифасида Нисо сурасининг 136-оятининг ярмидан бошланиб, Моида сураси тўлиқ ва Анъом сурасининг 82-оятининг бошланишигача бўлган қисми бор.

Мавжуд саҳифалар Қуръони каримнинг икки жузини ўз ичига олган. Демак, таҳмин қилиш мумкинки, Катта Лангар Қуръони 190–200 саҳифа атрофида бўлган. Бугунги кунгача уларнинг 97 саҳифаси ёхуд 47 фоизигина етиб келган.

Ҳомиджон ИШМАТБЕКОВ,

Диний идора Фатво бўлими мудири

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 5-сонидан