Мақолалар

Исрофнинг катта кичиги йўқ

Чоп этилди Mart 12, 2019 Исрофнинг катта кичиги йўқda fikr bildirishni o'chirish

Аллоҳ таолонинг бандага берган ҳар бир неъмати қиёматда ҳисоб-китоб қилинади. Ҳукамолар бу борада: “Мол-мулкнинг ҳалолининг ҳисоби, ҳаромининг азоби бор”, дейишади. Шундай экан, ҳалол мол-мулкни сарфлашга ҳам эҳтиёткорлик билан ёндашиш, зинҳор исрофга йўл қўймаслик, ҳаромдан эса ҳазар қилиш лозим. Бу борада Аллоҳ таоло биз бандаларига бундай таълим беради: “…Шунингдек, еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмас” (Аъроф сураси, 31-оят).

“Исроф” араб тилидан олинган сўз бўлиб, “ҳисобсиз тарзда ишлатиш”, “ҳаддидан ошиш” каби маъноларни англатади. Исрофга йўл қўйган киши неъматларни ўрнига сарфламаган ва ҳожатдан ташқари ишлатган бўлади. Халқимиз буни увол, деб атайди.

Баъзилар “исроф” деганда ейилмай, ичилмай қолиб кетган егуликларни тушунишади. Аслида эса исроф фақат бундан иборат эмас. Ўз ўрнига сарф этилмаган мол, зарурий эҳтиёж бўлмаган нарсага ишлатилган мулк ёки вақт, куч-ғайрат ҳам исроф қилинган ҳисобланади.

Халқимиз меҳмондўст: тўй-ҳашамлар, маросимлар, турли хил зиёфатлар ўтказишни хуш кўради. Бу яхши фазилат, албатта. Аммо бу борада ҳам маълум меъёрларга амал қилиш лозим. Уч-тўрт хил овқат, ширинлик, ичимликлар… Аксарият вазиятларда маросимлардаги сарф-харажат, дастурхонга қўйилаётган меъёрдан ортиқ неъматлар манманлик, хўжакўрсин учун қилинаётир. Алалоқибат, исрофгарчиликка сабаб бўлиб, гуноҳ орттириб олинаётганини кўриб ачинасан киши. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўминларнинг сифатларини зикр этар экан, ҳатто эҳсон қилишда ҳам исрофга йўл қўймасликларини баён этади: “Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир” (Фурқон сураси, 67-оят), дейилган.

Хайр-эҳсон ва зиёфат беришдан асосий мақсад муҳтожларга моддий ёрдам кўрсатиш бўлмоғи даркорлиги тўғрисида Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Таомларнинг ёмони очлар қолиб, тўқлар чақирилган зиёфатда ейилганидир…” (Имом Муслим ва Байҳақий ривояти).

Шундай экан, савоб умидида эҳсон дастурхонини ёзган одам, аввало, унга муҳтожларни чорлаши, шундан кейин эса неъматларни меъёрдан ошмаган ҳолда тортиқ этиши лозим. Мўминлар ўзларига берилган ҳар бир неъматнинг қадрига етиб, меъёрга амал қилишлари лозим.

Ҳаким Термизий “Наводирул усул” китобида ривоят қилган ҳадисда: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй Ойша, Аллоҳнинг неъматларига яхши муносабатда бўлгин! Агар у неъматлар бирон қавмдан олиб қўйилса, камдан-кам ҳолларда қайтиб келади”, деганлар. Шу сабабли ҳар нарсада тежамкор ва парҳезкор бўлиш, ҳаётдаги ҳар бир нарсанинг қадрига етиш муҳимдир.

 Ҳабибуллоҳ АБДУРАЗАКОВ,

Тошкент шаҳридаги “Ҳазрати Имом” жоме масжиди имоми ноиби

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 5-сонидан