Мақолалар

Саратон касаллигига қарши курашувчи товуқлар

Чоп этилди Mart 12, 2019 Саратон касаллигига қарши курашувчи товуқларda fikr bildirishni o'chirish

Тадқиқотчилар товуқлар генини ўзгартириб, уларни ўзида артрит ва саратоннинг баъзи турларига қарши кураша олувчи хусусиятларни жамлаган тухумлар қўйишга ўргатди, деб ёзади Би-би-си.

Бундай тухумлар таркибидаги дори воситалари саноат даражасида ишлаб чиқарилган ўз муқобилидан 100 баробар арзонга тушиши мумкин.

Олимлар вақти келиб, даволовчи тухумларни тижорий миқдорда ҳам етиштириш мумкинлигига ишонч билдирмоқда.

Тухумларни етиштириш давомида товуқлар ҳеч қанақасига қийналмайди, дейди улар устида тадқиқот олиб борган Roslin Technologies биотехнология компаниясидан доктор Лисса Ҳеррон.

“Товуқлар катта катакларда яшайди. Кун давомида юқори даражада тайёргарликдан ўтган техниклар уларнинг дони, сувига қараб, қулай умр кечиришини таъминлайди”.

“Товуқлар учун бутун жараён одатий тухум қўйиш каби кечади. Бу жараён вақтида уларнинг соғлиғига нисбатан ҳеч қандай хавф туғилмайди, олинган тухумларнинг эса одатдагидан умуман фарқи йўқ”, деб изоҳлайди доктор Ҳеррон.

Олимлар бундан олдин ҳам эчки ва қуёнлар генини ўзгартириб, улардан даволовчи хусусиятга эга сут олишга ҳаракат қилган. Бироқ бу ёндашув янада самарали бўлиб, товуқлардан кўпроқ ва анчайин арзон маҳсулот олиш мумкин, дейди тадқиқотчилар.

“Доривор тухумлар етиштириш фабрикаларда дори ишлаб чиқаришдан 10 дан 100 баробарга қадар арзонга тушиши мумкин. Биз ўртадаги фарқ камида 10 баробарга кам бўлишига умид қилмоқдамиз”, сўзлайди доктор Ҳеррон.

Товуқлар сақланадиган катакларни қуриш ва уларни сақлашнинг арзонлиги анча маблағни иқтисод қилиб қолишга имкон яратади. Фабрикаларда эса дори ишлаб чиқариладиган хоналарни анчайин қиммат асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш талаб этилади.

Айнан тананинг табиий равишда маълум бир кимёвий модда ёки протеинни ишлаб чиқара олмаслиги кўплаб касалликлар юзага келишига сабаб бўлади.

Ўша етишмаётган протеинни танага киритиш орқали бундай касалликларни назорат қила олиш мумкин.

Фармацевтик компаниялар ишлаб чиқарган синтетик протеинлар эса жуда қиммат туради.

Доктор Ҳеррон ва унинг ҳамкасблари товуқ ДНКсига протеин ишлаб чиқарадиган инсон генини киритишга муваффақ бўлди.

Сариғи деярли йўқ тухум

Биринчи тажрибадан сўнг тухумни чақиб кўрган доктор Ҳеррон протеин миқдори кўпайганидан тухумнинг оқ қисми анча катталашганини аниқлади.

Тадқиқотчилар иммун тизими учун муҳим бўлган икки протеинга алоҳида эътибор қаратган. Улардан бири саратонга қарши курашувчи хусусиятга эга, иккинчиси шикастланган тўқималарнинг қайта тикланишини тезлаштиради.

Битта тухумда бир дозага бемалол етувчи протеин мавжуд. Товуқлар эса йилига 300 тага қадар тухум қўйиши мумкин. Тадқиқотчилар гени ўзгартирилган товуқлар сони етарлича бўлганидан сўнг доривор тухумларни тижорий миқдорда етиштиришни бошлаш мумкин, демоқда.

Доривор тухумларни инсон соғлиғига нисбатан қўллаш учун янада такомиллаштириш, турли назорат синовларидан ўтказишга 10 йилдан 20 йилга қадар вақт талаб этилади.

Тадқиқотчилар, шунингдек, бундай тухумлардан уй ҳайвонлари парваришида ҳам фойдаланишни кўзламоқда.

Масалан, тухумлар орқали ҳайвонларнинг иммун тизими фаолиятини яхшилаш мумкин.

Ҳозирча доривор тухумлар инсонларда синаб кўрилмайди.

Тадқиқотчилар мавжуд тухумларнинг фақат илмий мақсадларда етиштирилгани, улар супермаркетларда сотилмаслигини таъкидламоқда.

Халқ сўзи online