Мақолалар

Расулуллоҳга энг яқин уммат ким?

Чоп этилди Mart 13, 2019 Расулуллоҳга энг яқин уммат ким?da fikr bildirishni o'chirish

“Албатта Аллоҳ ва унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтадилар. Эй имон келтирганлар, унга салавот айтингиз ва салом йўллангиз” (Аҳзоб сураси, 56-оят).

Ушбу оятда Аллоҳ таоло мўмин бандаларини ўз пайғамбарига салавот ва салом  йўллашларига шунчаки буюрибгина қолмай, аввало, Ўзи ва фаришталари у зотга салавот ва салом йўллашини таъкидламоқда. Мўмин учун бундан ортиқ намуна бормикин?! Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот айтиш қай даражада фазилатли амал эканини билишимизга шу оятнинг ўзи кифоядир.
Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ
(соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қиёмат кунида инсонлар орасида менга энг яқини менга кўп салавот айтгувчиларидир”, дедилар» (Имом Термизий ривояти).
Албатта, қиёмат куни энг бахтиёр банда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га яқин турадиган мўминдир. Бундай бахтга эришиш учун у Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни ота­-онасидан, фарзандларидан ва барча инсонлардан ортиқ кўрмоғи, у зотга бўлган муҳаббати барча нарсанинг муҳаббатидан устун бўлмоғи лозим. Қолаверса, у зот орқали келган Исломнинг барча рукнларига амал қилмоғи, ибодатларни тарк этмай , тўла-тўкис адо этмоғи зарурдир. Мана шу сифатларга эга бўлган мўмин Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га қанча кўп салавот айтса, у зотга тобора яқин бўлаверади.
Бунинг мукофоти ўлароқ, қиёматда ва жаннатда у кишига энг яқин умматларидан бўлади.
Авс ибн Авс (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи а саллам): “Кунларингизнинг энг афзали жума кунидир. Шунинг учун у кунда менга кўп салавот айтинг! Чунки сизларнинг салавотингиз менга кўрсатиб турилади”, дедилар. Шунда саҳобалар сўрадилар: “Ё Расулуллоҳ! Бизнинг салавотларимиз сизга қандай кўрсатилади? Ҳолбуки, сизнинг жасадингиз чириган бўладику?!” У зот: Аллоҳ пайғамбарларнинг жасадларини (чиритишни) ерга ҳаром қилган”, дедилар (Абу Довуд ривояти).

Шу ва бошқа ҳадислардан маълум бўладики, банда қачон Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот ёки салом йўлласа, бир фаришта уни у зотга етказади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эса у банданинг салавот ва саломига жавоб қайтарадилар. Чунки Аллоҳ таоло ҳар қачон Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­га бирор банда томонидан салавот йўллланса,
у зотнинг жисмларига муборак руҳларини қайтаради. Хуллас, Аллоҳ ва унинг фаришталари, барча солиҳ инсонлар Пайғамбаримизга
салавот айтадилар.

Хулоса: Аллоҳдан бўлган бу муборак йўлга биз ҳам эргашайлик! Бу ишимиз билан Аллоҳ ва Расулининг муҳаббатларига сазовор бўлайлик! Аллоҳ бизларни Ўзига маҳбуб бандалардан, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га муносиб умматлардан айласин!

 

Комилхон УМАРХОН ўғли,

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ўқитувчиси

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 2-сонидан