Мақолалар

Унутилмас учрашув

Чоп этилди Mart 13, 2019 Унутилмас учрашувda fikr bildirishni o'chirish

1972 йилнинг ёз ойлари. Ўша кезлар мен араб имлосидан сабоқ олаётган эдим. Менга устозлик қилаётган шоир Тошболта Имомов билан навбатдаги машғулотимизни ўтказиш учун Тошкент шаҳрининг “Себзор” даҳасида истиқомат қилувчи журналист Зиёвиддин Ориповнинг хонадонига йўл олдик. Троллейбус Эски Жўвадан Собир Раҳимов кўчасига бурилганида  ёнимдаги ҳамроҳим: “Шукрулла, дарсимизга бироз вақт бор экан. Фурсатдан фойдаланиб, шу атрофда яшовчи Алихонтўра Соғунийни зиёрат қилсак, нима дейсиз?” – деб қолди.

  • Бемалол, – дедим. Тилга олинган инсон ким эканини билмасам-да негадир суриштиргим келмади.

Кўҳна шаҳарнинг тор кўчасидан аста юриб нақшли, ранги униқиб, айрим жойларидан дарз кетиб ёрилган кичкинагина эшикни оҳиста қоқдик. Ундан бир йигитча  чиқиб, қўлини кўксига қўйиб салом берди. Тошболта ака: “Ҳазрат уйдамилар?” – деб сўради.

  • Ҳа, ҳа! Марҳамат, киринглар, – дея йўл бошлади йигитча.

Пастаккина хонага кирдик. Нуроний бир мўйсафид: “Хуш келибсизлар, азиз меҳмонлар” – дея  кутиб олди.

Отахоннинг таклифи билан мўъжазгина хонтахта атрофига кўрпача ўрнида тўшалган пўстак устига ўтирдик. Зимдан хонадон соҳибига назар солдим. Эгнида оқ яктак, бошида тўр дўппи, ўрта бўйли, қийиқ кўзли бу инсоннинг юзидан нур ёғилиб турарди. Кексаликларига қарамай, ҳаракатлари ниҳоятда енгил эди.

Фотиҳадан сўнг Тошболта ака хонадон соҳибига юзланди: “Тақсир, мен бир савол билан ҳузурингизга келган эдим. Кўп манбаларни қидириб, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафот этганларида жанозаларини ким ўқиганлигини билолмадим. Менинг тахминим бу масъулиятли вазифани улуғ зотнинг сирдош дўстлари, қайноталари бўлмиш Абу Бакр Сиддиқ  (розияллоҳу анҳу) бажарган бўлсалар керак”.

Отахон бош чайқаганча жавоб берди: “Бўтам, гумон қилиш банданинг иши, аниқлик эса Аллоҳдан. Маслаҳатим, ҳеч қачон тахмин сўзни сўзламанг, зеро у илдиз отиб фуқаро орасида турли нотўғри шов-шувларга сабаб бўлиши мумкин. Гапингиз асосли бўлса, кўпчилик олдида уялиб қолмайсиз, ёлғончи деган тамадан узоқ бўласиз. Сўроғингизга келсак, аллома Абу Ҳомид Ғаззолий ҳазратларининг “Мукошафатул қулуб”, яъни “Қалблар кашфиёти” китобига мурожаат этсак, иншоаллоҳ, мурод ҳосил қилурмиз. Бу нодир асарда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафотлари бобида қуйидаги далиллар бор:

«Муҳаммад мустафо (соллаллоҳи алайҳи ва саллам)нинг вафотлари яқинлашаётган бир пайтда Абу Бакир Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) ул зотга: “Жанозани қандай адо этайлик?” – дедилар. Расулуллоҳ (алайҳиссалом) бундай жавоб бердилар: “Мени ювиб кафанлаганингиздан кейин, шу уйимдаги (тайёрланган) қабрим ёнига, садирим – чорпоям устига қўйинг. Сўнг ташқарига чиқиб кетингиз, бир соат мендан узоқ бўлингиз. Чунки даставвал мени Аллоҳ раҳмат қилади. Сўнгра жаноза намозимни ўқишлари ва истиғфорда бўлишлари учун малакларга изн беради. Аллоҳ маҳлуқларидан биринчи менинг ёнимга жанозамни ўқишга келадиган  зот Жаброил (алайҳиссалом) бўлади. Сўнг навбати билан Микоил (алайҳиссалом), Исрофил (алайҳиссалом), улардан кейинроқ жамоат билан биргаликда Азроил (алайҳиссалом) ва энг охири бошқа фаришталар, сўнг сизлар киринглар, жаноза намозимни алоҳида-алоҳида, гуруҳ бўлиб ўқинглар. Мени улуғловчи сўзлар айтилишига, нутқлар қилинишига, йиғи-сиғиларга асло йўл қўйманглар”», – деб уқтирибдилар. Алихон тўра жаноблари сўнгги сўзларни айтар эканлар, беихтиёр кўзлари ёшга тўлди.

Ҳамроҳим жавобдан қониққани кўриниб турарди. Мен эса ҳайратдан қотиб қолган эдим. Чунки тасаввуф илмининг бундай донишманд, оқил олимини учратаман, деб ҳеч ўйламагандим. Хаёлимни домланинг: “Биродар, бу йигитчани танимадим, ким бўладилар?” – деган сўзлари бўлди. Шунда Тошболта ака: “Кечирасиз, айб менда, аслида келган заҳоти таништиришим керак эди. Бу йигит шоир ҳамда маорифчи, исмлари Шукрулла, дадалари шаҳаримизнинг маориф дарғаларидан”, – дедилар. Шунда отахон: “Иним, исмни тўғри талаффуз қилинг, Шукрулла эмас, Шукуруллоҳ денг. Мазмуни Аллоҳга шукр дегани. Бу ном бежиз қўйилмаган, унинг бир сабаби ва тарихи бўлмоғи керак. Шунда мен ердан кўз узмай, сал уялиб: “Мен ота-онамнинг никоҳларидан сўнг тўрт йил ўтгач, туғилган эканман. Шунда ҳожи Тошпўлат қори бувам билан Марям отин бувим мени шу ном билан аташган экан”, – дедим. “Баракалла, мулла йигит”, – сўзларини давом эттирдилар отахон. – “Чеҳрангизнинг тиниқлигидан, бу фариштали бола уламо, улуғ зотлар авлодидан бўлса керак, деб ўйлагандим”.

Шундан сўнг менинг маълумотим, касб-корим ҳақида қизиқдилар. Ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси эканлигимни билгач: “Касбингиз шарафли экан. Ўқувчиларингиз қалбида ўз она тилига нисбатан меҳр, муҳаббат уйғотинг”, – дедилар.

Ўша унутилмас суҳбат хотирамда ўчмас из қолдирди. Алихонтўра Соғунийнинг ёрқин сиймоси кўз  олдимда, мазмунли лутфи эса бир умр қалбимга муҳрланиб қолди. Йиллар ўтиб, бу бетакрор инсон қаламига мансуб “Тарихи Муҳаммадий”, “Туркистон қайғуси” номли асарларини ва Амир Темурнинг “Темур тузуклари” таржимаси билан яқиндан танишдим. Улардан маънавий қувват ва илҳом олдим. Ватан, миллат, она тили каби неъматларнинг қадрини янада чуқур ва теранроқ англадим.

Шукур ДАДАШ

 “Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 5-сонидан