Мақолалар

ЎҚИТИБ – ДАМ СОЛДИРИШ ГУНОҲМИ?

Чоп этилди Mart 13, 2019 ЎҚИТИБ – ДАМ СОЛДИРИШ ГУНОҲМИ?da fikr bildirishni o'chirish

Таассуфки, бидъат амаллардан қанча қайтарилмасин, шуғулланувчилар топилиб турибди. Уларнинг 70 фоизи аёллар бўлса, 30 фоизи эркаклардир.

Бир куни қўшним:

– Дам солдириб, ўқитиб туриш гуноҳ эмасми? – деб сўраб қолди.

Мен:

– Қуръон оятларидан дам солиб, ўқитиб юришнинг зарари йўқ, бизнинг руҳиятимиз бунга муҳтож. Аммо кимга ва қаерга бораётганингизни билиб боринг, – дедим.

– Унда бир жойга сиз билан борсак, илтимос, у қандай дам солувчи билмасам, унчалик фарқига бормайман, аммо маҳалламиздан кўпчилик у кишига боришади. Жуда дами ўткир экан , – деди.

Унинг илтимосини рад этолмай, турмуш ўртоғимдан боришга рухсат олдим. Мақсадим, бутун маҳалла бориб ихлос қиладиган  одам аслида ким, бидъат амаллар билан шуғулланмайдими, шуни билиш эди. Уйимиздан унча узоқда бўлмаган хонадонга бордик. Одам тўла! 5-6 кишига эргашиб ичимда “Оятал курсий”ни такрорлаб кириб борар эканман, бирдан хафсалам пир бўлди. Шеригим билан бир чеккага ўтирарканмиз, тинмай оятларни ўқидим. Бирга келган аёллар эса тўшакка бемалол уйида ётгандек ётиб олдилар. Уларни кўздан кечираётган йигитлар, мен томонга кела бошлади. Менга қўлини шундоқ кўтарганча масофадан нималарнидир ўқий бошлади. Мен ҳам ўз навбатида оятларни ичимда такрорлашни тўхтатмадим. Шунда тўсатдан икки қўлини бўйнига қўйди-ю шеригини ёрдамга чақирди: “Ол бўйнимдан буларни, мени нимадир буғяпти” дея олди жон ҳалпида. Мен нима бўлаётганидан қисман хабардор эдим. Шунда қўшнимга имлаб, кетамиз, дедим. Ва:

– Қилаётган амалларининг ҳаммаси бидъат, гуноҳ-маъсият. Номаҳрам аёлларнинг баданига қўлини теккизиши асло мумкин эмас, – дедим.

Қўшним бу воқеадан ўзига яхши хулосо чиқарди.

Аёлларимиз масаланинг фақат бир томонини ўйлаб иш қилишларида адашишлар кўп бўлади. Афсуски, сураб-суриштирмай бундай бидъатларга аралашиб қолаётган аёлларимиз талайгина.

Шу мақсадда аёлларнинг бу йўлга кириб қолишидан қайтариш масаласида юртимизда фаолият олиб бораётган отинойиларга раҳбарият томонидан кўплаб топшириқ ва йўриқномалар берилган. Бу хатти-ҳаракатлар туфайли сезиларли натижаларга эришишга муваффақ бўлишди. Маросимларда ўтказиладиган баъзи бидъат амаллардан воз кечилди.

Биз ҳозирдан ўзимизни ўзимиз ислоҳ қилмасак, оқибат охират ҳисоб-китобида ўзимиз қийналиб қоламиз. Биз олдимизга улуғ мақсадларни қўйиб йўлга чиқдик, қўлимизда ортиқча юк бўлмаслиги керак. Фарзандларимиз келажаги бизнинг қўлимизда экан, уларни тўғри йўлдан чалғитмай олиб бориш учун биз оналар юқори даражада масъулмиз. Адашишга, адаштиришга ҳаққимиз йўқ!

 Мубина ИХЛОСОВА