Мақолалар

Ишга солинмаган салоҳият: Оролбўйини қандай ўзгартириш мумкин?

Чоп этилди Mart 13, 2019 Ишга солинмаган салоҳият: Оролбўйини қандай ўзгартириш мумкин?da fikr bildirishni o'chirish

Музаффар Қўчқоров Орол денгизига яқин жойларга қандай ёрдам бериш ва ушбу ҳудудда қандай лойиҳаларни амалга ошириш мумкинлиги ҳақидаги ғоялари билан ўртоқлашди.

Болалигимда отам менга Орол денгизи, темир йўли яқинида унинг қандай тўлқинланиши, маҳаллий аҳоли вагонларда сотиб юрган улкан балиқлар ҳақида сўзлаб берганди… Ўшандан кейин кўп сувлар оқиб ўтди. Минг афсуски, ўша Орол энди йўқ. Ўтган йили хизмат сафари билан Нукусга борганимда, танишларимдан Оролга “ҳайдашларини” сўрадим. Бунга жавобан улар: у ер анча олис, у ёққача бориш қийин ва бу қимматга тушишини айтди. Ўшанда Оролга бориш орзулигича қолиб кетган эди.

Ўтган йилнинг май ойида мен тасодифан Орол денгизи ва Орол бўйлаб медиа-тур уюштирилаётгани ҳақида хабар топдим. Ушбу тур Европа иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган UzWaterAware лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва туман ҳокимиятлари кўмаги ва иштирокида Марказий Осиё Ҳудудий экологик маркази томонидан ташкил этилди. Мен отамнинг ҳикоялари ҳозирги воқеъликдан қай даражада фарқ қилишини ўз кўзим билан кўриш мақсадида сафарга отландим.

Орол денгизи ва Оролбўйи

Бир пайтлар улкан кўл бўлган денгизнинг туби ва қирғоқлари ҳозирда ўзига хос ландшафт, ҳайвонот ва наботот оламига эга кенг саҳрога айланиб қолганди. Унинг кам тадқиқ этилган табиати сирли ва ўзга сайёраликларникига ўхшаш шакллари билан кишини ўзига ром этади.

Бепоён қояли, овоз берувчи миноралари, қадимий қароргоҳлари, эски қабристонлари билан ястаниб ётган Устюрт ясси тоғликлари.

Судочье кўли, пушти фламинголар, қорабузовлар, ўрдаклар, турли балиқлар.

Ўз тарихи билан кишини сеҳрлаб қўядиган Урга ташландиқ балиқчилик посёлкаси. Ўз аэродроми билан машҳур Кубла-Устюрт шаҳарчаси (илгари у Комсомольск-на-Устюрте деб аталарди). Денгизнинг юқори қирғоғидаги ўтов лагери. Бу ерда ҳамма нарса бир хил кўринишда.

Соҳил ҳам, денгиз ҳам ажойиб кўринишга эга. Дарҳақиқат, ўтмишдаги буюклигини йўқотган бўлсада, у барибир мавжуд. Айниқса, саҳро бўйлаб бир неча соатлик йўл босиб, ваниҳоят ўз мақсадингга етишдим деганингда сув, қум, чиғаноқлар, қушлар, тўлқинлар,қирғоққа уриладиган кўпикли тўлқинлар – буларнинг бари ҳақиқатдан йироқ бўлган нарсалар эмас, балки айни ҳақиқат.

Тўғри, ҳозир денгизда балиқлар йўқ, унинг суви ҳам шўрланган ( 1 литр сув таркибида 160 граммдан ортиқ туз мавжуд).

У ерга қандай етиб бориш мумкин?

Тошкентдан Нукусгача бўлган йўл замонавий А-320 самолёти билан парвоз қилганда бир ярим соатдан камроқ вақтни олади. Қорақалпоғистон пойтахтида меҳмонхона бизнеси яхши ривожланган, шаҳарда кўплаб меҳмохоналар ва гестхаусларни учратиш мумкин. У ернинг таомлари ҳам турлича, карма, курка гўштидан тайёрланган бешбармоқ сингари ўзига хос таомлар билан машҳур бўлган маҳаллий ошхоналар устунлик қилади.

Нукусдан денгиз томонга ўта қийин йўлларда ҳам юра оладиган автомобилларда бориш керак, чунки бошқа машиналар у томонларга бора олсада, қумликларга ботиб қолиш хавфи юқори. Маҳаллий агентлик бу борада сервис хизмати кўрсатади.

Ҳа айтганча, сафар давомида кўпчилик йўл танламас машиналарда дабдабали тўйларда эмас, балки улар учун мўлжалланган йўлларда юриш нақадар мароқли, деган деярли фикрда якдил эди.

Денгизнинг биз тушган экспедицияси томонидаги қирғоғида икки кичикроқ ўтов лагери бор эди. Албатта гап ҳар томонлама қулай бўлган меҳмонхона ҳақида бормаяпти – ўтов ва чодирлар икки нафардан олти-саккиз нафаргача киши учун мўлжалланган. Шу тариқа, 35 кишилик гуруҳимиз ушбу лагерга жойлашди, айни дамда ҳайдовчилар ўз машиналарида тунайдиган бўлди.

Бутун йўл давомида тажрибали гид ва тарихчи, Орол денгизининг билимдони Октябрь Доспанов бизга ҳамроҳлик қилиб борди. Бугунги кунда Орол денгизига бўлган қизиқиш аста-секин бўлсада, тобора ортиб бораётгани боис, ана шундай гидларни кўпайтириш зарур. Профессионал гидлар, ҳайдовчилар, таянч лагерлари назоратчилари – уларнинг рўйхатини ҳали давом эттириш мумкин. Профессионализм ҳақида бежиз гапирмадим- саҳро хатоларни кечирмайди.

Бу ҳудудда туризм қай даражада бўлиши мумкин?

Бу ўлкаларда туризм энди ривожланмоқда,ушбу ҳудудга бўлган муносабатни тубдан ўзгартириш лозим. Оролбўйи – бу энди табиий ҳалокат юз берган ҳудудгина эмас, туризмнинг турли шакллари учун ноёб ландшафт ва кўплаб имкониятларга эга маскан ҳамдир. Маҳаллий имкониятлар ва жаҳон тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, туризмнинг бу ердаги турли вариантларини кўриб чиқсак.

Автосаёҳат – фаол ҳордиқни хуш кўрувчи ҳаваскор ва профессионаллар учун турли даражали қийинчиликларга эга йўналишлар билан таъминланган автораллилар. Бу ернинг табиати саёҳатчиларга турфа саргузаштларни тақдим этиши мумкин: бу ҳам Орол денгизидаги ясси тоғликлар ва денгиз туби бўйлаб чўзилган, тупроқ ва қумликлар билан ўралган йўллардир (бу йўлларни йўл деб ҳам бўлмайди).

Ва албатта, турли даражадаги ралли-рейдлар: кичик ралли – бу Оролбўйи йўлидаги йўл, бироз узоқроқ давом этадиган ралли – қўшни мамлакатлар ҳудудларидан ўтадиган раллилар. Масалан, мамлакат ичидаги ралли, Россия (турли йилларда Хитой ва Ўзбекистондан ташқари Марказий Осиё мамлакатлари) ҳудудидан ўтган “Ипак йўли” сингари йўналишларга қўшилиш мумкин.

Ёхуд Ўзбекистон Автоспорт федерацияси Марказий Осиё бўйлаб ралли ташкил қилиши ҳам мумкин. Яқиндан бошлаб Ўзбекистонда 4х4 Energy йўли ҳаваскорлар клуби фаолият юрита бошлади – улар ўша ўлкаларнинг пионерлари бўла олишлари ҳам мумкин.

Турлар шунингдек, машиналар, самолёт ва поездда юришни унча хушламайдиганлар учун ҳам қизиқарли бўлиши мумкин. Бундай саёҳатчилар дунё бўйлаб автоуйларда саёҳат қиладилар. Бутун минтақадан Орол қирғоқларигача бўлган йўналишларни ҳам ишлаб чиқса бўлади.Бунда саёҳатчилар сайёрамизнинг энг сирли масканларидан бирида ғаройиб манзараларни томоша қиладилар, денгизда чўмиладилар, қирғоқда чиғаноқлар излайдилар, тонгни қарши олиб, қуёш ботишини томоша қиладилар, денгиз бўйидаги юлдузли оқшомда Сомон йўлини ўз кўзлари билан кўрадилар ва бу гўзалликнинг ҳаммасини фото ва видеога тушириб оладилар.

Биз ўзбеклар учун бу ўз юртимизни тадқиқ этишнинг ўзига хос мафтункор усулидир. Кўп мамлакатларда ички туризмнинг иқтисодиётдаги улуши жуда оз миқдорни ташкил этади. Сайёҳлик агентликлари ва ивент-индустрия Орол денгизи ва унинг атрофидаги ҳудудларни турли тадбирлар (тим-билдинглар, ретритлар, семинарлар, фотосессия ва ҳоказолар) ўтказадиган масканлар рўйхатига киритиб қўйиш керак.

Ҳа айтгандай, агар сиз сунъий йўлдош (фақатгина айрим чекка ҳудудларда “Ўзмобайл”) телефонидан фойдаланмасангиз, собиқ денгиз ҳудуди уяли алоқасидан бутунлай узиб қўйилган. Бу нарса яхшими, ёмонми билмадиму, бироқ икки-уч кунга ташқи оламдан дам олиш ҳеч кимга зарар қилмайди.

Сармоядорларнинг маблағи, Давлат туризм қўмитасининг ҳудудни ривожлантириш борасидаги кўмаги ҳамда Қорақалпоғистон Вазирлар кенгашининг ёрдамисиз юқоридагиларнинг барчасига эришиб бўлмайди, албатта. Айнан Оролбўйи, денгиз туби ва Устюрт яссиликлари (жаҳонга машҳур Самарқанд, Бухоро ва Хива билан бирга) инфратузилмасини ривожлантириш зарур. Бу иш ўринларининг яратилиши, маҳаллий аҳоли учун қўшимча даромад дегани ҳамдир. Эслатиб ўтаман, Оролнинг биз борган қирғоғида бор йўғи иккита ўтовли лагер бор эди.

Фестиваллар. Яқинда Мўйноқда бўлиб ўтган “Офат” (“Стихия”) электрон мусиқа фестивали ушбу ҳудуднинг улкан салоҳиятини намойиш этди. Унга ташриф буюрганлар томонидан бирорта салбий фикр билдирилмади. Биринчи марта ўтказилган бундай фестиваль учун бу жуда яхши кўрсатгич.

Яна бир мисол – ҳар йили ўтказиладиган “Коачелла” мусиқа ва санъат фестивали (АҚШ, Калифорния, https://www.coachella.com). Бу АҚШдаги энг машҳур ва даромадли мусиқа фестиваллардан биридир. Бу каби тадбирлар давомида мусиқанинг турли жанрлари (мақомдан тортиб, оғир рокгача бўлган)ни бирлаштириш, хорижий мусиқачилар ва ижодкорларни таклиф этиш мумкин. Яқиндан бошлаб бу тадбир миқёси янада кенгайди – энди бу қарийб бир ҳафта давом этадиган Мусиқа ва санъат фестивалига айланди. Агар сизда бундай миқёсдаги фестиваль иштирокчилари қаерда яшайди, деган савол туғилса, бунинг жавоби жуда оддий – шахсий чодирлар ва машиналарда.“Коачелла”фестивалини ўтказиш жараёнида Индио шаҳрида қатор чодирлар шаҳарчаси барпо этилмоқда, кўпчилик автомобиль лагерлари (car camping)ни афзал кўради,Эльдорадо (Lake Eldorado) кўли қирғоғида ўтовлар қурилмоқда.

Бу каби тадбирларни муваффақиятли ўтказиш учун қуёш панеллари ва шамол генераторларини тўғри ўрнатиш – қайта тикланувчи муқобил энергия манбаларидан максимал даражада фойдаланиш масаласини кўриб чиқиш зарур.

Шунингдек, дунёда мусиқа ва санъат бўйича саккиз кун ўтказиладиган анъанавий Burning Man фестивалини ҳам мисол қилиш мумкин. Ҳар йили унинг ташкилотчилари “Блэк Рок” саҳросида тегишли инфратузилма, кўчалар, ўнлаб рақс майдонлари, арт-объектлар ва инсталляцияларга эга бўлган шаҳарча барпо этади. Фестиваль мавзуси ҳар йили ўзгариб туради. Тадбирнинг экологик тозалиги – фестивальнинг энг катта ютуғидир. Тадбир якунланиши билан барча чиқиндилар фестиваль иштирокчилари ва ташкилотчилари томонидан олиб кетилади. Шу боис фестиваль якунланиши билан саҳро тадбирга қадар қай аҳволда бўлган бўлса, шундайлигича қолади. Унга ташриф буюрувчилар сони йил сайин ортиб бормоқда, 2018 йилда фестиваль 70 мингдан зиёд кишини тўплади.

Мавзу жиҳатдан ҳам, жойлашув жиҳатдан ҳам Оролбўйида ўтказиш мумкин бўлган бу каби тадбирлар талайгина. Бундай масканларга сайёҳларни жалб қилишдан кўзланган асосий мақсад ҳаммага аён: мазкур масалага тўғри ёндашилганда, юзлаб инсонлар учун иш ўринлари яратилади ва сайёҳлар оқими кўпаяди.

Яна бир қизиқ далил: сафарим ҳақидаги ҳикояни давом эттирар эканман, йўлларда йўл кўрсатмалари деярли учрамайди, баъзан уларнинг ўрнини йирик ҳайвонлар суяклари, одамлар қолдирган пластик идишлар ва бир уюм тошлар эгаллаган.

Аксарият ҳолларда Устюрт яссиликларининг бепоён саҳросидаги йўналишларни ёддан биладиган ҳайдовчиларнинг маҳоратига қойил қолмай иложи йўқ. Йўлларда кўрсатмалар билан бирга саҳро чиқиндилар учун жой эмаслиги тўғрисидаги плакатлар ҳам ўрнатилса фойдадан ҳоли бўлмасди.

Бу ерни саҳродан кўра, кўпроқ яссилик деб атаса тўғрироқ бўларди: бу ерда инсоннинг табиатни собиқ денгиздан қолган чанг ва тузлардан асраш бўйича қилган ишларининг излари бор ахир. Улкан майдонларга саксовул экилмоқда. Мутахассислар экишнинг турли услубларини синаб кўрди. Алал оқибат уни қўлда экишга тўғри келди, ана шундан сўнг шамол бу ўсимликни янада чуқурроқ ерга олиб боради. Саксовул ер қатламини мустаҳкамлайди ва ўзининг қалин шохлари билан ер сатҳидан чанг ва туз кўтарилишига тўсқинлик қилади.

Қўшни мамлакатдан ўзлаштирилган қизиқ тажриба

Қўшни Қозоғистонда Чаринканьони бор ва қозоқлар бу масканни машҳур Гранд Каньондан кам эмас, деб ҳисоблаган ҳолда, у билан ҳақли равишда фахрланади. Унинг ҳудудида миллий ўтовлар, ёзги қаҳвахоналар билан безатилган ажойиб сайёҳлик мажмуаси жойлашган.

Кўплаб сайёҳлик агентликлари каньонда саёҳат қилиш бўйича хизматларни тақдим этмоқда. Йўл танламас автомобиллар, ўтказгичлар, алоқа воситалари ва ҳоказолар сайёҳларга таклиф этиладиган ана шундай хизматлар сирасига киради. Ушбу маскан ҳам маҳаллий аҳоли, ҳам хорижий меҳмонлар орасида жуда машҳур.

Якшанба кунлари миллий боғда бир пайтнинг ўзида 400 ва ундан кўпроқ одам сайр қилиши мумкин. Боғнинг тозалиги учун 50 га яқин киши жавобгар. Боғ ҳудудида махсус чиқинди идишлари, унинг охирида эса, маиший чиқиндилар учун улкан баклар қўйиб чиқилган.

Саксовул плантациялари ва Траст фондини яратишга доир сўнгги хабарлар ижтимоий-иқтисодий вазият, энг асосийси Қорақалпоғистон халқига ижобий таъсир кўрсатадиган Оролбўйидаги кенг кўламли ва туб ўзгаришларнинг ибтидоси холос.

 

Музаффар Қўчқоров,

ЎзА