Мақолалар

ИЙМОН БЕЗАМОҚДА ЎНГУ СЎЛИМНИ

Чоп этилди Mart 14, 2019 ИЙМОН БЕЗАМОҚДА ЎНГУ СЎЛИМНИda fikr bildirishni o'chirish

Нафснинг  найранглари

Вужудни аврашдан сира толмади,

Покиза руҳларни енга олмади.

Одамни солмаган кўйи қолмади,

Нафснинг найранглари қачон тугаркин?

Қушлар насибасин териб кетади,

Дарвеш дуосини бериб кетади.

Ёғаётган қорлар эриб кетади,

Нафснинг найранглари қачон тугаркин?

Ўзимни ўнглолмай лойга ботяпман,

Надомат заҳридан кўпроқ тотяпман.

Воажаб, ҳайратдан тошдек қотяпман,

Нафснинг найранглари қачон тугаркин?

 

Уринма

Дуога очяпман икки қўлимни,

Иймон безамоқда ўнгу сўлимни.

Барибир топаман тўғри йўлимни,

Мени чалғитишга уринма, шайтон.

Энди учиролмас нафснинг шамоли,

Ҳушимни ололмас дунё жамоли.

Шунчалар кўркамдир ишқнинг камоли,

Мени чалғитишга уринма, шайтон.

Урғу бермаяпман ёзган сўзимга,

Суяняпман Худо берган тўзимга.

Сокин лаҳзаларда келдим ўзимга,

Мени чалғитишга уринма, шайтон.

 

Таҳоратли бўлинг

Лойланган гавҳарни тасаввур қилинг,

Нақадар кўримсиз ҳолат жонланар.

Ботиний гўзаллик афзалдир, билинг,

Қалбан таҳоратли бўлинг, биродар.

Эснаб ўтиришни бедорлик деманг,

Мазмунлар турфадир, моҳият бирдир.

Поклик ҳаловатин, завқини англанг,

Қалбан таҳоратли бўлинг, биродар.

Ясама гуллардан ифор таралмас,

Яққол сезилади сохта туйғулар.

Ижод деганлари дардсиз яралмас,

Қалбан таҳоратли бўлинг, биродар.

Барака БОҚИЙ