Мақолалар

Устоз қандай бўлса, талаба ҳам шундай…

Чоп этилди Mart 14, 2019 Устоз қандай бўлса, талаба ҳам шундай…da fikr bildirishni o'chirish

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мудири

Муҳаммадамин Насриев билан суҳбат

  Ассалому алайкум, домла. Ўқув даргоҳида қандай ислоҳотлар, ижобий янгиланишлар қилишни режалаштиргансиз?

Ва алайкум ассалом. Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамкорлигида “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртини комплекс ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилмоқда.

Таълим йўналишидаги баъзи режаларимни ҳаётга татбиқ этишни бошлаб юбордик. Форс тили бўйича тўгараклар ташкил қилмоқчимиз. Ҳозир режасини тузиб чиқдик. Агар натижа ижобий бўлса, форс тили ва адабиёти фанини дарс жадвалига киритамиз. Жуда кўп нодир манбалар, қўлёзма китоблар ана шу тилда. Юз-юз эллик йил нарисида имом-домлалар маърузаларида бемалол Румийдан, Рудакийдан форсий байтларни келтириб, шарҳлай олишган. Бугунги кун хатиблари ҳам форс тилидаги манбаларни ўқиб, фойдалана олса, нур устига нур.

Тошкент давлат шарқшунослик институти билан музокара олиб боряпмиз: тўгарак ташкил этамиз, қизиқиш билдирган талабалар урду тилини ўрганади. Шунда ҳанафий мазҳаби бўйича урду тилида қилинаётган илмий ишлардан хабардор бўлиш имкони юзага келади.

Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази ва Ҳадис илми маркази билан илмий йўналишда ҳамкорлик ўрнатдик. Нодир манбаларни таржима қилиш ташаббуси билан чиқдик.

Ҳозир дарсликлар ва ўқув режаларини кўриб чиқяпмиз. Керакли ўзгаришларни киритамиз. Масалан, ақида – Ислом динининг асоси. Биринчи галда ақида шаклланиши керак. Шунинг учун бу йўналишдаги дарсларни биринчи босқичданоқ ўргатишни режалаштиряпмиз.

Ислом тарихи фани бўйича ҳам эътибор бериш шарт бўлган ўринлар бор. Ҳозир асосан Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) даврлари, сўнг чаҳорёрлар ва умавийлар даврини ўрганиб, бирдан яқин тарихга сакраб ўтиляпти. Орадаги минг йиллик ўтмиш қолиб кетяпти. Ахир, бу даврда ҳам ҳаёт давом этган, Ислом оламида катта-катта ўзгаришлар юз берган.

Яна бир тартиб киритилди: энди ҳар бир ўқитувчи фақат бир фандан дарс ўтади. Фиқҳ муаллими араб тилидан ёки ҳадис фанидан дарс бермайди.

“Жаҳолатга қарши – маърифат” қоидаси бугунги кун зиёлисидан, жумладан, имом-хатиблардан ҳам пухта билимли бўлишни талаб этади. Турли бузғунчи оқимлар ҳам интернетдан фойдаланяпти. Билим юрти талабаларига ижтимоий тармоқларни юритиш, адашганлар ва адаштирадиганларни ушбу электрон воситалар орқали ҳам тўғри йўлга солиш кўникмаси ўргатиладими?

Албатта, ўргатиб борамиз. Ҳозир синф хоналарини кўргазмали қуроллар билан таъминлаш, дарсларни инфографик материаллар билан ўтиш бўйича иш олиб боряпмиз. Ҳар бир ўқитувчи ўз соҳаси бўйича дунёда нима янгилик юз бераётгани, қандай тамойиллар шаклланаётганини ўрганиб, бу ўзгаришлар ва янгиланишлардан талабаларни огоҳ этади, уларга ахборот олиш ва тарқатиш, муносабат билдириш маданиятини ҳам ўргатиб боради.

Талаба бўлганлар яхши билади: илм олишда рағбат ва эътиборнинг ўрни катта. Ўзлаштириш даражаси юқори, илғор талабаларни қандай рағбатлантирасиз?

Мана, биринчи семестр якунланди. Энг юқори балл тўплаган талабаларнинг ота-оналарига ташаккурномалар жўнатамиз. Ўзим ҳам талаба бўлганман, бир марта ота-онамга худди шундай ташаккурнома олиб борганман. “Илмга чанқоқ, ахлоқли фарзанд тарбия қилганингиз учун ташаккур”, деган гап ота-она учун ҳар қандай қимматбаҳо совғадан азизроқ. Уларнинг қувончини тасвирлаш қийин, ўзи кўрган, билган кишигина ҳис қила олади.

Бундан ташқари, ҳомийлар ёрдамида илғор талабаларимизга китоблар, ўзларига керакли буюмлар ҳам совға қиляпмиз. Ўтган йили диний идора ташаббуси билан мадрасамизда “Қуръонни ёдлатиш” тўгараги ташкил этилган. Ана шу тўгарак аъзолари учун танлов ўтказяпмиз. Каломуллоҳни энг тез ва чиройли ёд олган талабамизни муносиб рағбатлантиришни режалаштирдик.

Билим юрти талабалари истиқомат қиладиган “Назарбек” талабалар турар жойида бўлдик, шарт-шароитлари яхши экан. Суҳбат жараёнида бир жиҳат эътиборни тортди: талабалар устозлари ҳақида кўнгли тўлиб, эҳтиром билан гапирди. Бу бежиз эмас, албатта. Ўқитувчи-мураббийларни ишга олишда номзоднинг қайси жиҳатларига кўпроқ эътибор берилади?

– Таълим соҳасида билим ва педагогик маҳорат энг устувор жиҳат. Номзоднинг билими қай даражада ҳаётийлигига алоҳида эътибор берамиз. Ўқитувчи қанақа бўлса, талабаси ҳам шундай бўлади. Ўзига ишонган, шижоатли, изланувчан устознинг шогирдларида ҳам шундай фазилатлар камол топади. Номзодлар билан кенг қамровли суҳбат ўтказамиз. Баъзида ўз соҳасига тегишли бирор мавзуда мақола ё маъруза ёзиб келишни топширамиз. Ижодий ёндашуви, услубини ёзганларидан англаб олиш мумкин. Маъқул бўлса, энг тажрибали уч нафар устоздан иборат ички ҳайъат суҳбат ўтказади. Сўнг бу уч нафар устознинг таассуротларини ҳар биридан алоҳида-алоҳида сўраймиз. Маъқул бўлсагина, ишга олишга тавсия этамиз.

Хабарингиз бўлса керак, ўтган йили ўқитувчиларни қоғозбозликдан қутқариш бўйича кенг жамоатчилик ишлади. Оммавий ахборот воситалари, блогерлар ва зиёлиларнинг саъй-ҳаракати билан анча-мунча натижаларга эришилди. Билим юрти мударрислари қандай ҳужжатлар юритади? Уларни қоғозбозликдан холи деб айта оласизми?

– Тўғри, бу жараёндан хабарим бор. Ҳозир ўқитувчиларимиз юритаётган ҳужжатларни қоғозбозлик деб атасак, ношукрлик бўларди. Ўқитувчиларимиз ўқув дастури, тақвим режаси ва ўз фани бўйича услубий ишланмалар тайёрлайди. Бу ерда қоғозбозлик йўқ, менимча. Ҳар ким ўз ишини бажарса, бировнинг ҳужжатини биров тайёрлаб бермаса, ҳаммаси осон, енгил, ўз ўрнида кетади. Диний таълим муассасаларида иш юритиш механизмлари пухта ишлаб чиқилган, ана шу механизмни ишлата олиш керак, холос.

Бироз дангасалик қиладиган ёки ўзлаштиришга қийналадиган талабалар-чи? Улар билан қандай ишлайсизлар?

– Талабалар билан очиқ мулоқотлар ташкил этяпмиз. Ўқитувчилар билан ҳам, талабалар билан ҳам самимий алоқани йўлга қўйдик. Хоҳ устоз бўлсин, хоҳ талаба, агар бирор муаммо, ташвиш, қийинчиликка учраса, бу албатта унинг ишига, ўқишига таъсир кўрсатади. Бундай пайтда уларга балки моддий, балки маънавий-руҳий кўмак зарур бўлади. Устозлардан талабаларни ўз фарзанди ёки қариндоши каби яқин тутиб, кўнгилдан гаплашишни сўраймиз.

Самимий суҳбатингиз учун ташаккур.

 

Орифжон МАДВАЛИЕВ суҳбатлашди.