Мақолалар

МЎМИН КИМ? (биринчи мақола)

Чоп этилди Mart 14, 2019 МЎМИН КИМ? (биринчи мақола)da fikr bildirishni o'chirish

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

«Мўъмин барча инсонларнинг ишончли кишисидир. Тилидан ва қўлидан мусулмонларга зарари етмайдиган киши ҳақиқий мусулмондир. Ёмонликларни тарк этган киши асл муҳожирдир. Нафсим қудрати қўлида бўлган Зотга қасамки, қўшнисига зулм қиладиган киши жаннатга кирмайди«, дедилар (“Рамуз ал-аҳодис” ҳадислар китоби, 230\3).

Ҳадиснинг бош қисмида мўъминнинг ишончли киши эканлиги, ундан бошқаларга ҳам моддий, ҳам маънавий зарар этиши гуноҳ эканлиги уқдирилмоқда. Юқоридаги ҳадисга биноан ўзимизни тафтиш қилсак, иймонимизнинг даражаси маълум бўлади. Ҳадиснинг иккинчи қисмида айтилишича, муҳожир фақат ватанини ташлаб, душмандан қочган одам эмас, балки ёмонликларини тарк этган кишидир. Чунки инсоннинг яшаш жойи ўзгаргани билан ахлоқи, табиати ўзгармайди. Шунинг учун бир жойда яшаб туриб, ёмон хулқларни тарк этишлик муҳожирлик билан тенглаштирилмоқда. Ҳадиснинг сўнгги қисмида эса Пайғамбаримиз қасам ичиб: “Нафсим қудрати қўлида бўлган Зотга қасамки, қўшнисига зулм қиладиган киши жаннатга кирмайди”, деб таъкидлаётирлар. Демак, жаннатга ноил бўлмоқ шартларидан бири қўшнига бирор жиҳатдан зарар етказмасликдир. Зарар этказадиган киши эса жаннатга – Аллоҳнинг буюк эҳсонига мушарраф бўлмайди. Аллоҳ барчамизни бундай бахтсизликдан асрасин.

 

Муҳаммад Зоҳид Қўтқунинг “Мўминнинг сифатлари” китобидан.

 Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби  Ёрбек Исломов тайёрлади.