Мақолалар

Барча санъатлар аёл сиймоси қошида ожиздир

Чоп этилди Mart 13, 2019 Барча санъатлар аёл сиймоси қошида ожиздирda fikr bildirishni o'chirish

Ҳассос шоиримиз Мирзо Кенжабек талабалик йилларида “Бир кун менга қилдилар имо курсдош қизлар, ҳуснобод қизлар,/Бу кунларни шеър қилинг, Мирзо, қўшиқ қилиб айтайлик бизлар”, байти билан бошланган ниҳоятда самимий шеър ёзган эди.

Ушбу шеър эълон қилинган йиллари биз мактаб ўқувчиси эдик. Ўшанда ана шу шеърни ўқиганимда нозик жинс вакиллари бўлган  муслималар уй бекасими, ўқувчи-талабми, ишчи-хизматчими, раҳбарми – ҳамма жойда ҳам мушфиқа, дуогўй, ўзининг мартабасини биладиган, ҳар қандай вазиятда ҳам эркак кишининг даражасини баланд ҳисоблайдиган сиймолар эканини тасаввур қилган эдим.

Нега бундай деётганимни тушуниб турган бўлсангиз ҳам, янада аниқроқ қилиб айтмоқчиман. Агар ўша талаба қизлар ўзларининг ўрнини бу қадар яхши билмаганида “Шеърни биз ёзамиз, сиз қўшиқ қилиб айтасиз ёхуд қўшиқни биз айтамиз, сиз рақсга тушасиз”, қабилидаги гапларни айтган бўлмасмиди?

Аёлнинг мартабаси динимизда ниҳоятда улуғ ва унинг улуғлигининг даражаси эрига итоатига қараб белгиланади. Кейин, аёллар тез фикрлаб, тез қарор қабул қилгани боис баъзида янглиш қарорлар ҳам чиқариб қўяди. Шу боисдан Раббимиз уларга оғир, вазмин, етти ўлчаб бир кесадиган эрларига итоат қилишини буюрган.  Шунинг билан бирга аёлларнинг тез фикрлашининг фазилатли жиҳатлари ҳам борки, бу ҳам Аллоҳ таоло уларга ато этган мислсиз неъматлардандир.

Саодат асрини бир ёдга олайлик. Пайғамбар алайҳиссаломга ваҳий келиб бошлаганда биринчи бўлиб Исломга ким кирди? Ҳа, Хадича онамиз. Макканинг энг бадавлат аёлларидан бўлган Хадича онамиз нима учун қорни нонга тўймайдиган даражада қашшоқлашиб қолдилар. Чунки молини ва жонини Аллоҳ ризолиги учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Исломни ёйишларига қурбон қилдилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дуолари билан Исломга кирган бўлсалар-да, сабабчиси синглиси Фотима бўлган эди. Яъни синглиси у зотдан олдин Исломнинг ҳақиқатини англаб етган. Умму Сулайм розияллоҳу анҳо Абу Талҳа розияллоҳу анҳуга Исломга киришни шарт қилиб қўйиб, у айтган калимаи шаҳодатни ўзига маҳр сифатида қабул қилган, Каъб ибн Зуҳайр розияллоҳу анҳу ҳам укаси Бужайр розияллоҳу анҳунинг Исломга кирганидан жаҳли чиқиб ундан юз ўгирмоқчи бўлганида синглиси Асмо уни тўғри йўлга солиб қўйгани манбаларда келган. Ана шу тартибда санаб бораверсангиз динимиз равнақида аёлларнинг ўрни ҳам улуғ бўлганига гувоҳ бўласиз.

Бугунги кунимизда ҳам аёллар момолардан мерос тез фикрлаш, чаққон илғаш хусусиятини намоён этмоқда. Интернетда эълон қилинган мана бу мақолага диққат қилинг:

Нега аёллар Исломга кирмоқдалар?

Ислом дунё бўйича энг тез тарқалаётган дин ҳисобланади. Бир ойда минглаб одамлар Ислом динига кирмоқда, шунингдек, Европада ҳам.  Ажабланарли жиҳати шундаки, Исломга кираётганларнинг аксари аёллардир. Статистиканинг кўрсатишича, Исломга янги кирганларнинг 66 фоизи аёллар, 34 фоизи – эркаклардир.  Шу тариқа, икки баробардан кўп аёллар  Ислом динига кирмоқдалар. Бу ҳолатни кўрган кишида қуйидаги саволлар пайдо бўлади: Айни замонда бутун дунё бўйича (мусулмон давлатларидан ташқари албатта) Ислом аёлларнинг ҳуқуқларини чеклайди, уларни хўрлайди, Исломда аёл эркинлиги бўлмайди ва ҳоказолар уқтирилиб турган чоқда нима учун аёллар Исломга киришга бунчалар ошиқмоқдалар? Агар юқоридаги даъволар рост бўлса, нима учун аёллар Исломдан нажот истамоқда? Бунинг сабаблари кўп бўлиши мумкин. Баъзи аёллар мусулмон эркак билан танишиб, унга кўнгил қўйганидан сўнг Ислом дини талабига риоя қилиб, ушбу динга кирадилар. Улар исломий урф-одатлар, анъаналар ва принциплар билан танишганидан сўнг уларни бўлажак турмуш ўртоғининг ҳаёт тарзи эканини инобатга олиб муслима бўлишга қарор қиладилар. Айрим аёллар мусулмон кишига турмушга чиқиш учун Исломга киради. Баъзилари Исломни никоҳ ўқилаётган вақтда қабул қиладилар, баъзилари эса кейинроқ. Яна бир сабаби – ғарб жамиятининг ахлоқсизлигидан тўйиб кетиш ва тўғри ҳаёт тарзини яшашни исташдир. Айни чоқда кўплаб Исломга кирган қизлар оила аъзолари ва яқинларининг салбий муносабат билдиришидан чўчиб анча вақт буни яшириб юрадилар. Исломга янги кирганларнинг баъзилари радикал исломий оқимларга бошқалардан кўра кўпроқ мойил бўлади. Негаки, улар диний анъаналарни ҳали унчалик яхши тушуниб етмаган бўлади, дейдиганлар ҳам бор. Бироқ Ливерпул университетининг исломий муносабатлар бўйича эксперти Леон Мусавий бу фикрнинг унчалик тўғри эмаслигини айтиб, асл муаммо динга янги кирганларнинг қўллаб-қувватланмаслиги эканини айтади.  Баъзида оила ундан юз ўгиради. Одатда, ана шундай қилиб бегоналатиб қўйилган  инсонлар экстремистларнинг тайёр ўлжасига айланади. Кўпчилик эса ўзларининг шахсий фикрларига таянган ҳолда Исломни  Аллоҳ таолога олиб боручи энг тўғри йўл деб биладилар.

Шунингдек, динни кўпроқ ўрганган аёллар Ислом – аёлларнинг ҳуқуқини таъминлашини, ҳимоя қилишини, шарафини ва эркини – Оврўпа аёллари ўз озодлиги йўлида нимадан маҳрум бўлган бўлса, ҳамма-ҳаммасини қайтариб беришини эътироф этмоқдалар. Ислом аёлни она сифатида, хотин сифатида, қиз фарзанд сифатида эъзозлайди, мартабасини баланд қилади. Исломнинг аёлларни ўзига тортадиган яна бир хусусияти – оила муқаддаслигидир. Мустаҳкам оилавий ришталар, жамоатчилик алоқалари ва масъулиятлилик – индивидуалликка асосланган ҳолда аёлни таҳқирлайдиган ғарб маданиятига қарши кучли рақобатчидир. Қизлар мусулмон оилада қадр топишини ва хавфсизликда яшашини ҳис қилмоқдалар. Қуръони каримда аёлнинг ҳуқуқлари ҳақида бир неча оятларда сўз борган. Ислом аёлни эъзозлайди, Исломда аёлнинг мартабаси улуғ. Бунинг ёрқин исботи кўплаб аёлларнинг ҳар куни Исломга кираётганидир”.

Ҳақрост. Бутун дунёдаги аёлларнинг муқаддас динимизга нисбатан муносабати ижобийлашиб бораётгани барча мўмин-мусулмонларни хурсанд қилади. Чунки  “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Никоҳланинглар, кўпайишинглар. Мен сизлар билан, ҳатто чала туғилган бола билан ҳам бошқа умматларга мақтанаман” (Байҳақий ривояти), деб марҳамат қилганлар.

Бинобарин, бир аёл Исломга кирса, унинг ортидан бир эркак ҳам мусулмон бўлади. Чунки муслима аёл ғайридинга турмушга чиқмайди. Шунингдек, муслима аёл туғиб, тарбиялаган фарзандлар ҳар доим мусулмон бўлади. Демак, бир аёлнинг Исломга кириши қанчадан-қанча одамнинг мусулмон бўлишига сабаб бўлади. Яъниким, мушрика ёки ғайридин аёлнинг муслима бўлиши ўша аёл мансуб бўлган миллатнинг мусулмон бўлиши дебочасидир.

Ватанимизда азал-азалдан ёвқур баҳодирлар, донгдор мутафаккирлар, олиму уламолар, шоиру шуаролар, ошиқу орифлар, азизу авлиёлар етишиб чиқишининг асосий сабабчиси – Аллоҳни севган, Унинг Расулини севган, Унинг динини севган ва ушбу динга жисму жони билан итоат қилган, қалбларидаги Аллоҳ муҳаббатини, илму маърифатини жажжи фарзандлари онгига сингдирган шарафли момоларимиздир.

Бугун ҳам кунларимиз файзиёб, ҳар куни бир ўзгаришга гувоҳ бўляпмиз, ҳар куни эл-юртга манфаатли бир хабарни эшитяпмиз, Юртимизда барпо этилаётган улкан иншоотлар, жадал суръатларда давом этаётган ободончилик ишлари ҳатто хорижликларнинг ҳам ақлини шоширмоқда. Бир сўз билан айтганда, шеър қилиб ёзадиган, қўшиқ қилиб айтадиган ажойиб даврда яшаяпмиз. Буни биздан аввалроқ ҳис қилган аёлларимиз бу кунларни шеър қилиб ёзишимизни исташяпти…

Чинакам фидойиликни, меҳр-муҳаббатни, илму маърифатни момолардан мерос қилиб олган бугунги авлод аёллари ҳам Ватанимиз, динимиз, миллатимиз равнақи, фарзандлар камоли йўлида ҳақиқий фидойилик намуналарини кўрсатиб келмоқдалар. Она юртимизга кўркам баҳор фасли хушбуй ифорлари, рангин чечаклари, парқур булутлари, мулойим ёмғирлари, дилни қитиқлайдиган шаббодалари, мусаффо ҳавоси билан кириб келган паллада ўзлари баҳорга ўхшаган муслима, мушфиқа, муниса аёлларни шундай гўзал фасл бошлангани билан қутлаймиз.  Муҳтарам Юртбошимиз таъбири билан айтганда, “Ер юзида сўз ва соз санъати, шоиру ҳофиз, рассом ва ҳайкалтарош пайдо бўлибдики, она ва аёл зоти юксак пардаларда тараннум этиб келинади. Улуғ шоиримиз Эркин Воҳидов айтганларидек,“Оламда аёл мадҳига достон тугамайди”. Чунки, аёл сиймоси Яратганнинг тенгсиз мўъжизаси бўлиб келган ва ҳамиша шундай бўлиб қолади.

Бизга мана шу ёруғ, гўзал оламни янада гўзал ва ёруғ қилиб турганларингиз учун катта раҳмат сизларга!”

Дамин ЖУМАҚУЛ