Болалар

ҒАРОЙИБ МУСОБАҚА (ҳикоя)

Чоп этилди Mart 14, 2019 ҒАРОЙИБ МУСОБАҚА (ҳикоя)da fikr bildirishni o'chirish

Бу синф  мактабдаги энг хулқи ёмон, кўрсаткичи паст синф  эди. Ўқувчилар на ўқишни қойил қилишар, ва спорт мусобақаларида тузукроқ  иштирок этардилар. Тадбир ва байрамлар ҳақида айтмаса ҳам бўлаверади. Хуллас, бутун мактаб бу синфдан безор. Улар саккизинчи синфга етганларида  мактабга янги ўқитувчи келди. Бу яқиндагина университетни тугаллаган ёш йигит  бўлиб, мактабда дарс бериш билан бир қаторда илмий иш ҳам қилаётган экан. Мактаб раҳбарияти янги ўқитувчига  синфни ишониб топширди. Синф раҳбари ўқувчиларнинг хар қандай шўхликларини кўтарар ва ҳеч қачон уларни койимасди. Қизиғи,  ҳеч бир ўқувчининг кундалигига ёмон баҳо қўймасди. Устозларидан доим танбеҳ эшитишга кўникиб қолган болаларга бу жуда ғалати кўринди. Ўқувчилардан бири бу ҳайратини айтишга журъат топди.

– Устоз, нега бизни ҳеч койимайсиз? Қанча шўхлик қилсак ҳам жазоламадингиз. Устига устак кундалигимизга доимо тўрт-беш баҳо қўясиз, – сўради у.

Синф раҳбари бироз ўйланиб турди-да секин гап бошлади.

– Отамнинг ишлари сабаб, муайян вақт бегона юртда яшашимизга тўғри келганди. Мен ҳам тенгдошларим каби мактабга бордим. Аммо у ерда тузукроқ мактаб ҳам йўқ. Кун ора кимдир ўқ еб халок бўлар, ҳар куни кимнингдир уйида мотам эди. Мен ўша ерлик болалар билан ўқишни бошладим. Мактабга бомба тушган, ярми батамом тўкилиб ётарди. Ўқитувчиларимиз тез-тез алмашиб турар, чунки уларнинг кўпчилиги отишмаларда ҳалок бўларди. Шунча мусибатга қарамай, ўқувчилар ўқишга қаттиқ киришишганди. Улар  ёруғ  кунларни  кутишар, қачондир юртларида тинчлик ўрнатилишига, чиройли ясаниб, яқинлари билан истироҳат боғларига бориб маза қилиб музқаймоқ ейишларига чин дилдан ишонишарди. Ҳар томондан нураб  бораётган мактабда ўқувчилар билан антиқа мусобақа ўйнардик.  Биз уни “Тинчлик учун мусобақа” деб атардик. Ўйин шартига кўра ким кўп аъло баҳо тўпласа, ўша ғолиб ҳисобланарди. Бу мусобақада ҳамма бирдек иштирок этарди. Чунки ҳаммамиз уруш тугашини жуда-жуда  истардик. Шундай қилиб, кимдир кунига иккита “беш” оларди, бошқа биримиз тўртта.  Беш баҳо ололмаган ўқувчи хафа бўлиб йиғларди. Биз “тўрт” баҳони хисобламасдик. Ҳар ойнинг охирида “беш”ларимизни санаб чиқардик. Ким энг кўп баҳо йиққан бўлса, ўша келажак учун асосий даъвогар  саналарди. Бизнинг аъло ўқишимизга сабаб, мақсадимиз  чет элда таълим олиш эди. Бунинг учун эса кучли билим талаб қилинишини ҳаммамиз англардик. Ўқувчилар яхши мутахассис бўлиб юртга қайтишни, ўз ватанидаги тараққиётга ҳисса қўшишни, тинчликни барқарор этишни орзу қилишарди. Ахир мамлакатда бирор олий ўқув юрти йўқ эди-да. Мен ҳам улар билан мусобақалашардим. Шу ўтган йиллар давомида кўпчилик синфдошларим ҳалок бўлди. Мактабни тугатган йилим юртимизга қайтдик. Университетга кирдим. Мана ўқитувчиман, илмий иш қиляпман.

Сизлар жуда бахтли болаларсиз! Тинч, осуда юртда, ота-онангиз бағрида шодон  яшаяпсиз. Баъзан ойнадан ташқарига қараб маза қилиб ўйнаётганингизни кузатаман. Сизлар қанчалар омадли эканлигингизни билмайсизлар-да. Менинг синфдошларим эса бир дона қаламни орзу қилишарди. Ҳаммангизнинг кўзларингизда қувонч, улар доим ғамгин эдилар. Юзларингиз олмадек қизариб турибди, синфдошларим эса бир кун овқатланишса уч кун оч юраверишарди. Нега ёмон баҳо қўймаслигимга келсак, мен сизларнинг хеч бирингиз паст баҳо олишингизни истамайман. Шундай тинч, фаровон ўлканинг болалари аълочи  бўлишлари шарт.  Умид қиламан-ки, йўқ, ишонаман сиз ҳали яхши ўқийдиган, шу юртга керакли одам бўласиз.

Ўқитувчи гапини тугатар-тугатмас қўнғироқнинг асабий жаранги эшитилди. Бутун мактаб ғала-ғовур ичида қолди. Аммо бу синфда ажиб сукунат ҳукмрон эди…

Шаҳзод ШОМАНСУРОВ