Мақолалар

Ошуфта кўнгил (Давоми, боши ўтган сонларда)

Чоп этилди Mart 14, 2019 Ошуфта кўнгил (Давоми, боши ўтган сонларда)da fikr bildirishni o'chirish

  • Кейинги пайтларда у ердан ҳеч ким ўта олмай қолди. Агар аҳвол шундай давом этса, шаҳримиздан ҳеч бир карвон чиқмайди ҳам, кирмайди ҳам.

– Нимага қўрқаяпсизлар?  Ғорда ваҳший ҳайвонлар борми?

– Йўқ ҳазрат, ваҳший ҳайвон бўлса, кўрардик.

– Унда нима гап?

  • Ғалати овоз эшитилаяпти. Тунлари эса ёруғлик кўринади.
  • Сизлар айтаётган манзара ҳеч қўрқинчли эмас!
  • Шундайку-я. Бироқ у ерда нима борлигини аниқ билмаймиз-да. Бизни жин-пин чалса-чи?!

–  Тушундим. Хўш, мендан нима истайсиз?!

– Олим одамсиз. Бу сирли ғорга фақат сиз кира оласиз. Мушкулотдан қутқаринг, бизни!

– Хўп,  майли! Хотиржам бўлинглар! Эртага ғорга бориб, нима гаплигини аниқлайман, иншоаллоҳ!

Эртасига олим савдогарларнинг илтимосини бажариш учун ғорга борди.  Шаҳарда қолган тужжорлар эса унинг қайтишини интизорлик билан кутарди. Олим келгач, барча, нима гап, дегандек унга илтижоли боқди.

Олим қалби фараҳга тўлган, энг қадрдон дўстини топиб олгандек масрур эди.  Дийдор завқидан сармаст, ҳеч кимга эътибор бермай, ўзига-ўзи гапиргандек сўзлай бошлади:

  • Ғорда бир муборак зот борлиги учун шундай муаттар ҳид таралардики… Агар  карвонларингиз йил бўйи ташиб, ғор оғзига қадар мушки анбар билан тўлдирса ҳам бундай  муаттар ис келмайди. Бу ғорда порлаган чироқ – Иброҳим Адҳам! Ҳозирча ёлғизликни ихтиёр этибди. Ғор олдидан хотиржам ўтишингиз мумкин. Фақат уни безовта қилманг!

Бу воқеадан кейин шаҳар аҳли Иброҳим Адҳам ҳақида гапира бошлади.  Ғор сирини “очган” уламо эса тез-тез бориб, бу нурли зот билан суҳбат қуриб,  қалбини маърифатли озуқалар билан тўйинтириб қайтарди.

Галдаги зиёрат чоғи Иброҳим Адҳам бу ердан кетмоқчи эканини айтиб қолди.

Олим зот тараддудланди:

– Нега кетмоқчисиз? – сўради у.

– Бу ерда  анча қолиб кетдим, ҳамма бизни таниб қолди, ҳар томонда мен ҳақимда гапиришаяпти. Шуҳрат офати  қалбимга соя сола бошлади. Ортиқ бу ерда қолишнинг маъноси йўқ.

– Қай тарафга кетмоқчисиз?

–  Сизга айтиб бергандим, бир овоз мени доим чорлайди деб. Ҳамон ўша сас мени чақираяпти.  Кел, сени йўллар кутаяпти, деяётир. Даъватга ижобат этаман, йўлга чиқаман. Мадинага бормоқчиман! Кейин эса Маккаий мукаррамани зиёрат этиб, ҳаж амалини адо этаман, иншоаллоҳ!

– Бироқ ҳаж мавсуми эндигина тугади-ку! Бунинг устига қиш кириб келмоқда.

– Ҳали ҳам ҳамон гуноҳкорман, жоҳилман. Шу аҳволда эканман, қандай қилиб Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг ҳузурига боришим мумкин? Қандай қилиб Байтуллоҳнинг эшигига юзимни суртаман?! Ҳаққимга дуо қилинг! Дуоларингиз йўлимни ёрисин!

Иброҳим Адҳамни шоҳликдан орифликка бошлаган ўша илоҳий овоз ҳали ҳануз уни чорларди. У безовта кўнгли осудалик топармикан, деган илинжда  Мадина сари йўл олди. Йўлда кичик қишлоқда бир муддат тўхтади. Чунки ҳали тавба қилишим, гуноҳлардан покланиб, муборак масканга боришим керак, деган ўй-хаёл унга тинчлик бермаётганди.

Иброҳим Адҳам қўним топган қишлоқнинг тупроғи жуда унумдор бўлиб, унинг аҳолиси деҳқончилик билан кун кўрарди. Қишлоқда аввал ҳеч қачон бўлмаган – қурғоқчилик юз берди. Аҳоли чорасизликдан нима қиларини билмай қолди.

Бир куни қишлоқ аҳли маслаҳат учун йиғилди. Ҳар ким ўз фикрини айта бошлади:

Қишлоқ аҳли қурғоқчилик қийинчилигини тилга олган кишининг сўзларини тингламай, унинг оғзини ёпишди:

– Айтаётган гапларинг янгилик эмас. Буларни ҳаммамиз биламиз. Шундоқ ҳам жонимиз бўғзимизда… Бирор янгилик гап бўлмаса, бошимизни оғритма!

Лекин у ҳам жим бўладиган эмас, ғазабнок оломонга ўз фикрини айтишга журъатли:

–  Бир ўйлаб кўринг, ҳаммамизни ҳолдан тойдирган бу қурғоқчилик қачон бошланди? Қишлоғимизга анави одам кириб келганда!  Ҳамма каби мен ҳам уни зарарсиз бир дарвеш деб ўйлагандим. Нима эмиш, ҳажга кетаётган эмиш! Шу пайтда ким ҳажга боради? Мавсум энди тугаган бўлса?! Келиб кичкина масжидга жойлашди. Тоғдан ўтин териб келиб кун кечиради. Ҳеч ким билан иши йўқ. Ўз ҳолича, дунёдан юз ўгирган,  ғариб бир одам.  Аммо… ким билади қаердан келган, кимлардан қочиб юрибди?! Ким билади, ўша эгилган елкалари қандай улкан гуноҳларни ортмоқлаган?! Бу дарвеш кўринишидаги одам қишлоғимизга келиши билан қурғоқчиликдан азият чека бошладик. Гуноҳкор қўллари билан бутун боримизни “қуритди”.  Қишлоқдошлар, шуни билингки, у шу ерда экан, ҳеч қачон ёмғир ёғмайди. Тинмай қилаётган дуоларимиздан ҳам наф бўлмайди.  Қишлоқдан уни ҳайдаш керак.

Борган сари аҳволи оғирлашаётган қишлоқ аҳли учун бу нажот йўли бўлиб кўринди. Ҳамма нотиқни қўллаб-қувватлаб, ортидан эргашди.

Иброҳим Адҳам макон тутган масжидга бориб, бири олиб-бири қўйиб бақира кетишди:

– Кет қишлоғимиздан!

– Сени бу ерда қолишингни истамаймиз!

– Бошимизга бало бўлдинг!

– ….

Бир оз муддат уларнинг бақир-чақирини тинглаган Иброҳим Адҳам ҳотиржамлик билан сўради:

– Нима бўлди, сизга зарарим тегдими?

– Яна нима бўлсин?! – Оломонни бу ерга бошлаб келган нотиқ гапга аралашди: – Бошимизга бало бўлдинг, боримиздан айирдинг! Сен келдинг, қурғоқчилик бошланди. Қишлоғимизга оёқ босган кунингдан бошлаб ҳамма нарса қуриб битди!

Атрофдагилар унинг сўзларини маъқуллашарди:

– Ҳа, тўғри…

– Қуритиб, битирдинг!

– Кет бу ердан, кет….

Уларнинг гапларини жим тинглаб ўтирган Иброҳим Адҳам яна ўша сакинатли оҳангда деди:

– Демак, бу қурғоқчиликнинг сабабчиси мен, шундайми?

– Ҳа, шундай!  – деди қишлоқликлар бир овоздан.

–  Айтайлик, гапларингиз тўғридир. Мен битта ўзимман. Сизлар минглаб кишисиз. Нега қурғоқчиликни даф эта олмадингиз? Кучингиз бир кишига етаяптими? Инсонларга туҳмат қилиш осон. Агар у мендан бир ғариб бўлса, ундан-да осонроқ! Бир ўйлаб кўринглар, ҳар жума ёмғир сўраб дуо қиласизлар. Бироқ дуоингиз қабул бўлдими? Бунинг сабаби нима, деб ўйлаб кўрдингизми?

Чунки дуоларнинг қабул бўлиши учун сизлардек бўш кўнгиллар эмас, нур тўла қалблар лозим.  Сиз ва сиз кабилар доимо айбни бошқалардан қидирасизлар! Ҳақ таолодан ёрдам сўрайсиз, аммо Унга итоат этмайсиз.  Жаноби ҳақнинг неъматларидан фойдаланасиз, аммо унга шукр қилмайсиз! Ота-болаларингизга нима бўлганини кўрасиз, ибрат олмайсиз. Бу қилмишларингизга жавобан бошингизга тош ёғмаганига шукр қилинг! Менга келсак, балки сиз ўйлаганингиздан ҳам ёмонроқдирман. Айтган гапларингиз тўғридир.  Ростдан ҳам, бу ерга келганим сабаб қурғоқчилик бошлангандир…

Энди кетаман. Сизлар мендан қутиласиз… Ёмғир ҳам ёғади, қақраб ётган ерлар сувга тўяди..

(Давоми келгуси сонда)

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 5-сонидан