Мақолалар

Она қизим

Чоп этилди Mart 15, 2019 Она қизимda fikr bildirishni o'chirish

Нега шундай деймиз, биласизми?  Ҳа энди, онаси ўтиб кетганлар шундай дейди-да, Тўппа-тўғри.

Ота-онамиз ҳаётлик чоғларида уларнинг юзига тикилиб қарашга журъат этмаймиз. Ўтиб кетганларидан сўнг эса амакиларимиз, аммаларимиз, отамизнинг жиянлари, фарзандларимиз; холаларимиз, тоғаларимиз, онамизнинг жиянлари, фарзандларимизнинг юзларига разм солиб, отамизга, онамизга ўхшаш жиҳатларни қидирамиз. Чунки биз ота-онамизни қалбимиз тубидаги теран бир энтикиш билан соғинамиз.

Онаси вафот этган инсон меҳрга ташна бўлиб қолади ва онасидан кўрган ўша меҳрни қизидан излайди. Қизининг юз-кўзида, хатти-ҳаракатларида онасига ўхшаш жиҳатларни топади – моҳиятан шундай.

Аммо ҳамма нарсанинг ўзига хос келиб чиқиш тарихи бўлади.

Хўш, инсонлар қачондан “она қизим”  сўзини истифода эта бошлаганлар?

Фикримизча, бу иборанинг  тарихи Ислом дини эндигина ёйилишини бошлаган, мушриклар ниҳоятда жунбушга келган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суянчиқлари бўлган амакилари Абу Толиб ҳамда Расули акрамнинг жуфти ҳалоли, маслаҳатгўйи Хадича онамиз вафот этган, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга жуда оғир бўлган кезларга бориб тақалади.

Фотима (онамиз) мурғак қизча бўла туриб отасига меҳрибонлигини кўрганлар қойил қолганлар. Фотима (онамиз) ҳар доим беғубор бола қалби билан отасини қўллаб, ёнида юришга ҳаракат қилдилар. Шу боисдан “умму абиҳа – отасининг онаси” деган номни олдилар.

Демак, тарихда фақат Фотима онамиз “отасининг онаси”  деган юксак унвонга сазовор бўлган ва бу мартаба ундан кейин ҳеч кимга насиб этмаган. Бизнинг она қизим дейишларимиз эса ўзгаларнинг, ҳатто душманларнинг эътирофи эмас, ўзимизнинг муҳаббатимиздандир.  Шу боис биз қизларимизни “она қизим”, деб эркалаймиз, лекин бошқалар уларни “отасининг онаси” демайдилар. “Она қизим” ибораси эса, фикри ожизимизча, Фотима онамизга ҳавас қилиб айтила бошланган ва вақт ўтиши билан оммалашиб кетган.

Дамин ЖУМАҚУЛ