Мақолалар

Яхши сўз ва унинг озиғи

Чоп этилди Dekabr 14, 2018 No Comments


Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом саловату дурудлар бўлсин.
Ҳали мен сизларга айтаётган гапларни эслайсизлар
Ўтган ҳафта мен сизларга кимки ширк келтирмай Аллоҳга рўбарў бўлса, Аллоҳ таоло унга дўзах ўтини ҳаром қилишига ва уни жаннатга киритишига далолат қилувчи саҳиҳ ҳадислардан бир нечтаси ҳақида айтиб берган эдим.
Одамлар орасида мен айтиб берган ушбу ҳадислар орқали ишончга ва ўзига бино қўйишга одатланган кишилар ҳам бор. Улар орасида инсонни Аллоҳ таолонинг розилиги ва жаннатига етишиши учун ҳамда азоби ва дўзах ўтидан сақланиши учун ўзи билан бирга “Лаа илааҳа иллаллоҳ” ақидасини кўтариб юриши ва ҳаётини шу билан тугатишининг ўзи етарли деб эътиқод қиладиган кишилар ҳам бор.
Улар шу ишидан кейин тоатлардан юз бурсалар ҳам, содир этиши мумкин бўлган гуноҳларга ва тақиқланган ҳаром ишларга шўнғиб кетсалар ҳам, ўзларига ҳеч нарса қилмайди, деб ишонадилар. Чунки улар ўзларининг саодатга етиш кафолати ушбу шаҳодат калимасини айтишнинг ўзидир, деб биладилар.
Бу нарса шайтоннинг авраши бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таъкидлаган ушбу ҳадис маъноларини тушунишдан айрим одамларни узоқлаштиради.
Ўзларингизга маълум, Аллоҳ таоло бизларга “Лаа илааҳа иллаллоҳ” калимаси ва у ўз ичига олган иймоний эътиқодни илдизлари ер ичига кирган баланд ва мустаҳкам дарахтга ўхшатиб шундай деган: “Аллоҳ яхши сўзга қандай мисол келтирганини кўрмайсанми? У худди бир яхши дарахтга ўхшайдир. Унинг асли собит турадир. Шоҳлари эса осмонда” (Иброҳим сураси, 24-оят).
Оятда айтилган “яхши сўз” – “Лаа илааҳа иллаллоҳ” калимасидир.
Бу ерда заминга ўтказилиб илдизлари ер ичига кирган, сувга эҳтиёжи йўқ дарахт борми? Агар ушбу дарахт бир муддат сувсиз қолдирилса, сўлиб, қовжираб қолишини ҳаммамиз яхши биламиз. Кейин шамоллар унинг япроқларини ҳар томонга учириб кетгач, бир зумда ёқилғи учун ишлатиладиган ўтин бўлиб қолиши ҳам барчамизга маълум.
Сизларнинг: “Лаа илааҳа иллаллоҳу” деб айтаётган гувоҳлигингиз ҳам шундай. Мен ушбу калимани ақлимга ишонч билан ўтқаздим ва Аллоҳни улуғлаган ҳамда яхши кўрган ҳолимда унинг илдизларини қалбимга ўрнаштирдим. Энди ушбу иймоний дарахтни то умримнинг охиригача мен билан ҳамроҳ бўлиб қолиши учун унга бериладиган озуқа қаерда? Унинг озуқаси ибодатларни бажаришдир. Унинг озуқаси Аллоҳ азза ва жалланинг зикрини тилдан олдин қалбда кўпайтиришдир. Унинг озуқаси гуноҳ ва ҳаром ишлардан узоқлашишдир. Кимки ўзининг иймон дарахтини ҳамда эътиқодини ушбу озуқа билан тўйинтирса, то вафот этиб Аллоҳ таолога рўбарў бўлгунча ушбу дарахт ҳам унга ишончли ҳамроҳ ва вафодор шерик бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, ҳақиқатда Аллоҳ таоло унга дўзах ўтини ҳаром қилади.
Аммо кимки: “Мана мен Аллоҳ таолони яккаю ягона, ҳожатларни ва рағбатларни қондирувчи илоҳ деб иймон келтирдим, демак, мен охиратдаги кафолатли саодатни қўлга киритдим” – деса ва Аллоҳ таоло унга таклиф этган ибодатлардан юз ўгирса ҳамда Аллоҳ азза ва жалла қайтарган ҳаром ишлардан иборат бўлган ўйин-кулгиларга юзланса, нима бўлади? Иймон калимасига ўхшатилган унинг ушбу иймон дарахти сўлиб қовжирайди. Кейин уни ўлим шабодаси ва аламлари учириб кетади. Сўнгра унутиш денгизларига улоқтириб ташлайди.
Ушбу сўзлар зеҳнингизда илмий ўрнашиши учун сизларни ҳар бир олим ва маданиятли киши тушуна оладиган ушбу ҳақиқат олдига қўяман. Инсон жон талвасаси ва ўлим азобларига ташланганда, ундаги ўй-фикрлар сочилиб кетади, балки унинг қалбидаги нарсалар ҳам юзага чиқиб ҳар тарафга тарқалиб кетади. Унинг нафсида бекинган хотира ва ўйларидан бирор нарса қолмайди. Магар унинг ички ақлида яширинган нарсагина қолади. Инсоннинг ички ақлида яшириниб қолган нарса нима? Унинг ақлида қолган нарса ҳаётлик даврида қаттиқ яхши кўрган ва доимо эслаб гапириб юрадиган ҳамда уни деб фаоллашган нарсадир. Унинг ички ақлида сақланиб қолган нарса ана шулардир. Аммо ўлим тегирмони сабабли юзага келадиган жон талвасаси, унинг юзаки ўйларини дарахтларнинг бирида йиғилган чумчуқлар, дарахтга қўл теккизганда учиб кетгани каби ҳар тарафга учириб юборади.
Инсон ўзига ўлим келганида унинг ташқи зеҳнида балки қалбида айланиб юрган ўйлари нима эканига ҳамда ўзи билан бирга яшаган ва ўзи севган ички вужудида яширинган ўйларига эътибор бериб қарасин. Агар ўзи билан бирга юрган юзаки ўйлари Аллоҳ таоло зиммасига олган дунё ҳамда Аллоҳ кафолатини берган ризқ ва маишат бўлиб, ҳақиқий иймони ва тавҳид дарахти Аллоҳнинг муҳаббати ҳамда қўрқинчи билан унинг қалбини ва доимий фикрини эгаллаган бўлса, бу инсон гарчи Аллоҳнинг олдида камчиликка йўл қўйган бўлса ҳам, хотиржам бўлаверсин. Унинг кўнгли тўқ бўлсин, унинг зеҳнидан учиб кетадиган нарса ўша юзаки ва дунёвий ўй-фикрлари бўлади.
У хотиржам бўлсин, ўлим келса, унинг фикридан учиб кетадиган нарса Аллоҳ таоло кафолат бергани учун эътибор бермай юрган унинг дунёвий юзаки фикрлари бўлади.
Аммо унинг ички ақлида беркиниб ўрнашган фикрлар ушбу иймон дарахтидир. У нарса Аллоҳнинг зикри, тоат-ибодатлари ҳамда ҳаром қилинган ишлардан узоқлашиши билан доимий озиқлантириб келган ўша иймоний дарахтдир. Унга эътибор беринг, ўлим тегирмони юзага келтираётган жон талвасасини бошдан ўтказаётганда уни қандай топасиз? Албатта у ушбу: “Лаа илааҳа иллаллоҳ, Аллоҳ, Аллоҳ”, калимасини тинмай такрорлайди. Аммо бу вақтда ундан дунё юз ўгирса ҳам, у парво қилмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки ширк келтирмай Аллоҳга рўбарў бўлса, Аллоҳ таоло унга дўзах ўтини ҳаром қилади ва жаннатга киритади” – деганларида ана шу нарсани назарда тутган эдилар.
Мен сизларга айтаётган ушбу сўзлар кичик бир мисол эканини яхши биласизлар, эй Аллоҳнинг бандалари. Бир инсон ўлим тўшагига ётиб қолди ва ўзини табибнинг жарроҳлик пичоғига таслим қилди. Табиб жарроҳлик амалиётини бошлади. Табиб унга амалиёт оғриқларини камайтириш учун ухлатувчи наркоз берди. Энди сиз унинг тилини қимирлатиб гапираётган сўзларига эътибор беринг: у нималарни сўзлайди? Наркоз таъсиридаги ушбу инсон ўзининг атрофидаги молу дунёси ҳақида сўзлайди. У ички ақлида яширинган нарсаларни айтиб тилини қимирлатади. Молу дунёсига ошиқ бўлади, ўзининг тижорати ҳақида, фалончи тортиб олган молини, фалончи қарзга олган пулини ва бошқа-бошқа нарсалари ҳақида сўрайди… Агар унинг қалби бирор қиз ёки шунга ўхшаш нарсага боғланиб қолган бўлса, у ўзи яхши кўрган ўша нарсанинг исмини айтиб чақираётганини кўрасиз.
Аммо бу инсон Аллоҳни кўп зикр қилувчи кишилардан бўлса, унинг тили ҳамиша Аллоҳнинг зикрини такрорлайди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг баёноти тушунтириб берган ушбу маънога эътибор қилинглар: “Ким Менинг зикримдан юз ўгирса, албатта, унга торчилик ҳаёти бўлур ва қиёмат куни уни кўр ҳолида тирилтирурмиз”, деди. “У: “Эй Роббим, нима учун мени кўр ҳолдатирилтирдинг. Ахир, кўрувчи эдим-ку!” деди” (Тоҳа сураси, 124-125-оятлар).
Мен тириклигимда “Лаа илааҳа иллаллоҳ” калимасини айтиб иймон келтирган эдим-ку!
“У зот: “Шундай. Сенга оятларимиз келди. Сен эса уларни унутдинг? Шунингдек, сен ҳам бугун унутилурсан”, деди” (Тоҳа сураси, 126-оят).
Бу ўзини дунёга юзаки боғлаган инсоннинг ишидир. Чунки бу инсон Аллоҳ таоло унга дунё саодати кафолатини берганига ишонади, лекин унинг муҳим вазифаси ўзи учун ўша саодатини йиғиш бўлади.
Аммо “Лаа илааҳа иллаллоҳ” калимасини эртаю кеч айтиб юрган ва ушбу ҳадисни эшитган бу одам ўзини Аллоҳ таоло мағфират қиладиган, нажот топувчи саодатли кишилардан эканига ишониб дунёнинг беҳуда ўйин кулгиларига юзланади. Аллоҳ таолонинг зикридан юз ўгириб, нафсини дунёга, ҳаром ишларга ҳамда лаззатланишга машғул қилади. Мен рухсат берилган роҳатланишларни айтаётганим йўқ, балки у ҳаром қилинган лаззатлар билан шуғулланиб ҳаётини ана шу шаклда ўтказади.
Ҳа, унинг тили “Лаа илааҳа иллаллоҳ” калимасини такрорлайди. Лекин унинг ушбу калимадаги улуши тилидагина чегараланган бўлади. Аммо унинг қалби ва ҳис-туйғулари ўзи машғул бўлган дунёсига боғланган. Бу калима унинг ҳаётида доимий озуқа бериб туриши керак бўлган дарахтга ўхшаб қолади.
Аллоҳ таолонинг ҳузурига олиб борадиган сафар чиптаси ва Аллоҳ таолонинг саодат билан роҳатлантириши, “Лаа илааҳа иллаллоҳ”ни айтишнинг ўзи эканига ишонган одамнинг оқибати нима?
Унинг икки оёғи, балки бутун вужуди ўлим тўшагига чўзилса ва унинг олдига ўлим фариштаси жонини олиш учун кирганида, ўлим азоби ва жон талвасасига тушса, унинг фикридан барча ташқи сурат ва юзаки эътиқод қилган нарсалари, шунингдек, тил учида айтиб юрган “Лаа илааҳа иллаллоҳ” калимаси ҳам учиб кетади. У буни ҳам унутади. Унинг хаёлида фақат ички қалбида яширган нарсаларигина қолади. Бу инсон ўз қалбида мен сизларга айтган шаҳватлари, ҳавойи истаклари, лаззат ва роҳатларини ҳамда шунга ўхшаш нарсаларни яширган эди.
Ҳаёти давомида “Лаа илааҳа иллаллоҳ”ни айтиб шаҳодат келтирган қанча-қанча инсонларни учратдик. Уларнинг бири жон талвасасига тушганида биз эътибор бериб унинг ўз тижорати ва бойликларини чақираётганини, аҳлини ўзининг хусуматчиларига қарши ёрдамга чорлаётганини ва ўзи севган дўстлари ёки аёл дўстларини эслаётганини кўрдик. У Аллоҳнинг ҳузурига кетаркан, ўзи яшаб ўтказган эътиқодни унутиб, ана шу ҳолатда кетди.
Вафот этаётганингизда “Лаа илааҳа иллаллоҳ” калимаси ўзингиз учун доимо ҳамроҳ бўлишини таъмин этинг, шунда Аллоҳ таоло ҳам сизни саодат билан таъминлайди.
Лекин вафот этиб Аллоҳнинг ҳузурига кетаётганингизда, ушбу шаҳодат калимасини ўзингиз билан ҳамроҳ бўлиб қолишини қандай таъмин этасиз? Қачонки, сиз уни Аллоҳ буюрганидек озуқалантирсангиз, ана шунда таъминлай оласиз. Аллоҳ таолонинг ушбу сўзига эътибор беринглар.
“Батаҳқиқ, мўминлар нажот топдилар” (Мўъминун сураси, 1-оят).
Иймоннинг нажот топгани ана шудир. Лекин иймонга озуқа бериб туриш лозим. Аллоҳ таолонинг Ўзи озуқа турларини санаб чиққан.
“Батаҳқиқ, мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида хушуъ қилувчилардир. Улар беҳуда нарсалардан юз ўгиргувчилардир. Улар закотни адо қилгувчилардир. Улар фаржларини сақловчилардир. Магар ўз жуфти ҳалоллари ва қўлларида мулк бўлганлардан (сақламасалар), албатта, улар маломат қилинувчи эмаслардир. Ким ана шундан бошқани талаб қилса, бас, ана ўшалар тажовузкорлардир. Улар омонатларига ва аҳдларига риоя қилгувчилардир. Улар намозларини муҳофаза қилувчилардир. Улар намозларини муҳофаза қилувчилардир” (Мўминун сураси, 1-10-оятлар).
Иймон билан Аллоҳ таоло зикр қилган ушбу ишлар ўртасидаги алоқа нима?
Иймон Аллоҳ таоло зикр қилган дарахтдир. Қолган бошқа ишлар эса мўмин ҳолингизда Аллоҳнинг олдига олиб кетишингиз лозим бўлган иймонингиз дарахтини парвариш қиладиган озуқадир.
Тилидан олдин дили билан Аллоҳни зикр қилиб яшаган инсон, энди сизга қўрқув йўқдир. Агар сиз Аллоҳнинг олдида тўхтасангиз, сизга ҳужжатингизни айтишингизга Аллоҳнинг ўзи илҳом беради ва сизга илҳом берган ушбу ҳужжат орқали Аллоҳнинг ўзи сизни мағфират қилади.
Ушбу сўзимни айтиб Аллоҳдан мағфират сўрайман.
Муҳаммад Саид Рамазон Бутий хутбаси
Абдуллоҳ ҒУЛОМОВ таржимаси

Манба: azon.uz

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan