Ўзбекистон янгиликлари

Қорақалпоқ ўтовлари экспорт қилинмоқда

Чоп этилди Mart 15, 2019 Қорақалпоқ ўтовлари экспорт қилинмоқдаda fikr bildirishni o'chirish

Саид Раҳмонов, “Халқ сўзи online”. Қора уй, яъни ўтов Қорақалпоғистоннинг ташриф қоғозига айланган, десак, айни ҳақиқат. Чунки бу кўчманчи халқнинг бошпанасигина эмас, балки ўтмиши, тарихи ва маданиятининг муҳим бир қисми ҳамдир. Шу боис асрлар оша ўтов тикиш тадбири асраб-авайланиб, санъат даражасига кўтарилган.

Инфор-тур иштирокчилари Чимбой туманидаги Ҳунармандлар марказида бўлиб, ўтов ясаш сир-асрорлари билан яқиндан танишди.

Ҳунарманд Азамат Терикиевнинг айтишича, битта ўтов ясаш учун камида икки ой вақт кетар экан. Шундай машаққатли меҳнат маҳсули бўлган қора уйларга хорижда ҳам талаб катта экан.

– Маҳсулотларимизни Қозоғистон, Қирғизистон каби қўшни давлатлардан ташқари, Туркия, Чехия каби олис мамлакатларга ҳам экспорт қиляпмиз, – дейди у. – Мижозлар талаблари асосида қорақалпоқ қора уйларидан ташқари, мўғил, қозоқ ва ўзбек ўтовлари тайёрлашни ҳам йўлга қўйганмиз.

Қорақалпоқ элида шундай гап бор экан: қора уйни аёллар тикади. Яъни ўтовнинг энг оғир қисмини ўқини эркаклар кўтариб беради, қолган иш эса аёллар томонидан бажарилади.

Ташкил этилган маҳорат дарсида тадбир иштирокчилари ўтов тикиш жараёни билан яқиндан танишдилар. Қизиқувчан журналист ва туроператорлар бу ишга ўз ҳиссаларини қўшдилар.

Инфор-тур давом этмоқда.