Мақолалар

Таяммумга оид ҳукмлар

Чоп этилди Mart 16, 2019 Таяммумга оид ҳукмларda fikr bildirishni o'chirish

Таяммум арабча сўз бўлиб, “қасд қилиш” деган маънони билдиради. Шариатимизда эса покланиш мақсадида ер жинсидан бўлган пок нарса билан таҳорат қилишни қасд қилиб, юзга ва қўлга суртишдир. Ер жинсидан бўлган пок нарса деганда – тупроқ, қум, тош ва шу кабилар тушунилади. Таяммум таҳорат ва ғуслнинг ўрнига ўтади.

Таяммум қуйидагича қилинади:

  • дастлаб таҳоратсизликни кетказишни ният қилиб, пок ер жинси топилади;
  • кейин икки қўлини унга уриб, юзини барча жойига суртилади;
  • кейин яна қўллари унга урилади ва чап қўл кафтининг ичи билан ўнг қўлини тирсаклари билан масҳ қилинади, ўнг қўл кафтининг ичи билан чап қўлини тирсаклари билан масҳ қилинади. Таяммум қилиш жоиз бўлиши учун одам сув ишлатишдан ожиз бўлиши керак.

Сувдан ожиз бўлиш турлича бўлиши мумкин:

  • сув ≈2 км.дан узоқда бўлиши;
  • сув ишлатса касал бўлиши ёки касаллик зиёда бўлиши;
  • ювинса сув ёки ҳавонинг совуқлигидан зарар кўриши хавфи аниқ бўлса;
  • сув олдида душман бўлса;
  • таҳорат қилса ичимлик сувисиз қоладиган бўлса;
  • қудуқ каби жойдан сув олишга керакли воситалар бўлмаса.

Сув топишидан умиди бўлган киши намозни охирги вақтигача кечиктириб туриши мустаҳаб ҳисобланади.

Таяммумни намоз вақти киришидан олдин қилса ҳам бўлади. Сув топилгунча, битта таяммум билан хоҳлаганча намоз ўқиш мумкин.

Икки ҳайит ёки жаноза намозларига таҳорат қилиб келгунча намозга улгурмайдиган бўлса, жаноза эгасидан бошқалар таяммум қилиб, намоз ўқишлари мумкин бўлади (“Ал-Мухтор”, “Ал-ихтиёр”).

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 5-сонидан