Болалар

ДАРВОЗАБОН

Чоп этилди Mart 16, 2019 ДАРВОЗАБОНda fikr bildirishni o'chirish

Камол футболга Салимчалик қизиқмайди. Бироқ мактабдаги энг яхши дарвозабон. Жамоада ҳамма унга ишонади. Унинг дарвозада турганини кўрган ҳар қайси  жамоадоши бемалол ҳужумни кучайтириб, зўр бериб ўйин кўрсатади. У Салим билан чин дўст. Доим биргаликда дарс қилади. Бир синфда ўқишмаса-да қалин ўртоқ. Дўстининг ягона орзуси футболчи бўлиш. Аммо у ўйинда  Салимнинг жамоасига қарши ўйнаётган ўз  жамоаси дарвозасини ҳимоя қилади. Ҳозир эса дўстлик ва виждон олдида танг аҳволда, икки ўт  орасида қолганди. Кечаги ўйин натижасидан норози Салим жиғибийрон бўлганча ўз гапидан қолмасди:

– Бир сафар гол ўтказиб юборсанг нима  қилади-а?

– Йўқ, бўлмайди. Ахир бутун жамоа  менга ишонади-ку, – куйиниб жавоб берди

Камол.

Орага жимлик чўкди. Улар тор йўлка бўйлаб кетиб борардилар. Елкасига папкасини

осиб олган Салим яна сўз бошлади:

– Кел, шу ўйинга сен тушма. Ўрнингга анави Мамасоли ўйнасин. Мен унинг оёғи  остидан бемалол тўп кирита оламан. Эй, қанақа  ўртоқсан ўзи? Шу ўйинда ўзимни кўрсата олсам, марказий клубга қабул қилишади-да…

– Иложим йўқ, сен янада кучлироқ ўйин кўрсат, – дея нигоҳларини олиб қочди Камол.

Мусобақа куни ҳам етиб келди. Тумандаги барча футбол ишқибозлари томошага  келишди. Бир-иккита ҳаваскорларда фотоаппаратлар ҳам бор эди. Маҳалла фаолининг ҳуштаги билан  ўйинга рухсат берилди. Биринчи бўлимдаёқ шиддатли ҳужумлар томошабинларни шошириб  қўйди. Салим тинмай тўпни олдинга суриб  борар, жамоадошлари билан чиройли ўйин кўрсатарди. Яшил майдонда тезлик ҳукмрон  эди. Бирин-кетин уюштирилаётган ҳужумларга  Камолнинг жамоадошлари ҳам муносиб  жавоб қайтаришаётганди. Майдон сирпанчиқ, ўйин муросасиз кечарди. Футбол ишқибозлари  бақириб, ҳуштак чалиб, футболчиларни қўллаб туришарди. Ҳакам эса ўткир нигоҳини  ўйинчилардан узмасди. Асрор узатиб берган коптокни Салим боши билан дарвозага йўллади.  Аммо Камол тўпни илиб олди. Ўйин янада кескин тус олди. Жамоалар курашида Салимнинг маҳорати, Камолнинг садоқати синалаётганди. Марказдан ўн бир метрликка узатилган тўпни  яна Салим эгаллади. У афсунгардек коптокни  маҳорат билан дарвоза томон олиб борарди. Икки ҳимоячини алдаб ўтиб, тўпни тўғри  дарвозага йўллади. Бу сафар ҳам Камол  жамоасини қутқариб қолди. Бироқ тўп унинг қўлидан отилиб чиқиб кетди. Шу пайт рақиб  ўйинчиси тўпга ташланди. У сирғалиб оёғи  билан дарвозабоннинг юзига келиб урилди. Тўп эса тўсинга тегиб қайтди. Ҳакам ҳуштак  чалди. Камолнинг қоши ёрилиб кетганди. У  учинчи бор жамоасини муқаррар голдан асраб  қолганди. Дарвозабон жароҳати туфайли ўйиндан чиқди. Шифокор кўригида турган Камолнинг  олдига Салим югуриб келди.

– Тузукмисан дўстим? – деди куюниб.

– Яхшиман. Жамоангга қайт. Сен  ўйинда кераксан. Энди ўзингни  кўрсат. Бор маҳоратингни ишга сол.

– Камол дўстининг елкасига қоқиб қўйди.  Ҳакам ҳуштаги эшитилди. Камолнинг ўрнига заҳирадаги  дарвозабон туширилди. Энди ўйин янада шиддатли тус олди. Дарвозабоннинг ўзгаргани жамоадагиларга масъулият юклади. Улар қайта-қайта ҳужум уюштирарди. Ўйин гоҳ марказда, гоҳ майдон чеккасида давом этарди. Иккинчи  бўлим тугай деб қолган бўлса-да, ҳали ҳисоб очилмаганди. Ўйин эса  авжга чиқади. Томошабинларнинг қий-чуви унга ўзгача тус  бераётганди. Ниҳоят, марказдан ташкил этилган ҳужум ўз натижасини  берди. Тинимсиз олдинга интилган  Салим зарб билан дарвоза томон  тўп тепди. Дарвозабон бу сафар  улгурмади. Тўп дарвоза тўридан  жой олди. Ҳамма қарсак чалар,  тинмай «гол, гол…» дея бақирарди.  Ўйин тақдири биргина тўп билан ҳал  бўлди. Салимнинг қувончи чексиз  эди. Ундан ҳам кўпроқ Камол қувонарди. Дўстини марказий клубга қабул  қилишди. Шу ўйиндан сўнг Камол ҳеч қачон футбол ўйнамади. Аммо унинг садоқати, матонати ва  ҳалоллигини ҳамма узоқ вақт эслаб  юрди.

 Шаҳзод ШОМАНСУРОВ