Мақолалар

Ҳазрат Навоий  ҳомийлик қилган адиб

Чоп этилди Mart 17, 2019 Ҳазрат Навоий  ҳомийлик қилган адибda fikr bildirishni o'chirish

XV асрнинг иккинчи ярми – XVI асрнинг бошларида Ҳиротда илмий-адабий мактаблар гуллаб-яшнаган эди. Баъзи муаррихлар Самарқанддаги илмий муҳит Мирзо Улуғбекнинг фожиали ўлимидан кейин, Ҳусайн Бойқаро тахтга ўтиргач, Ҳиротга кўчганини айтишади. Аслида, бу Алишер Навоийнинг олижаноб фазилатлари, ҳиммати, илм ва санъат аҳлига юксак эътибори самараси экани кундай равшан.

Алишер Навоийнинг ҳомийлиги, эътибори натижасида баракали ижод қилганлардан бири сабзаворлик Ҳусайн Воиз Кошифий ва унинг ўғли Фахриддин Али Сафийдир.
Беғараз моддий ва маънавий ёрдам туфайли кошифийлар оиласи номи тарихга муҳрланди.
Мустақиллик давригача Фахриддин Али Сафий ҳаёти ва ижоди ҳақида бирорта ҳам
махсус тадқиқот йўқ эди. Истиқлолга эришилганидан кейин ҳам Али Сафийнинг “Рашаҳоту
айнил ҳаёт” (“Ҳаёт булоғидан томчилар”) асарининг (“Мовароуннаҳр”, 2004) тошбосма
ва литографик нашрларидан тарихчи олимларимиз ва адабиётшуносларимиз илмий
тадқиқотларида истифода этишарди, холос.
Ҳолбуки, “Рашаҳот” тасаввуфий ­ирфоний адабиётнинг нодир намунасидир.
Асарнинг нодир қўлёзма нусхаси Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти
музейида сақланмоқда. У адабий манбашунослик ва матншунослик жиҳатидан ҳануз
яхлит ўрганилган эмас.
Алишер Навоий “Мажолисун нафоис” асарида Али Сафий ҳақида бундай ёзган: “Ул
бағоят дарвешваш ва фоний , дардмандшева йигитдур. Ҳиротдан Самарқандга ҳазрат Хожа
Убайдуллоҳ Аҳрор суҳбатига мушарраф бўлур учун борди ва андоқ дерларким, онда қабул шарафин топиб, иршод ва талқин саодатига сарафроз бўлуб, яна Хуросонга келди…”
Фахриддин Али Сафий  “Сафий ” тахаллуси билан шеърлар ёзган. Лекин ҳазрат Навоий Али Сафийни шоир сифатида тилга олмаган, уни назмга ҳавасмандлар қаторида эслаб ўтган, холос. “Рашаҳот”дан унинг ўндан ортиқ рубоий ва байтлари ўрин олган. Али Сафий “Маҳмуд ва Аёз” номли шеърий манзума, “Фарасномаи Сафий ” деган достон, иккита шеърий қасида муаллифи ҳамдир.
Манбаларда унинг “Луғати Али Сафий ” (“Али Сафий сўзлиги”) асари ҳақида ҳам маълумотлар учрайди. Аммо у насрий ё назмийлиги – номаълум.
Фахриддин Али Сафий ҳазрат Навоий ҳомийлик қилган кўп сонли илм аҳлининг бир вакили, холос. Улуғ мутафаккирнинг рағбати ва меҳри туфайли жуда кўп иқтидорлар юзага чиқишди, улар илм ва маърифат ривожига катта ҳисса қўшишди. Али Сафийнинг асарлари ҳам ўша давр тарихи, илм маърифати, адабий муҳити ҳақидаги қимматли маълумотлари билан аҳамиятлидир.

Баҳриддин УМУРЗОҚОВ,
ТошДШИ таянч докторанти