Мақолалар

Расулуллоҳга муҳаббат мисралари

Чоп этилди Mart 18, 2019 Расулуллоҳга муҳаббат мисралариda fikr bildirishni o'chirish

 

Ислом таълимоти билан йуғрилган мумтоз адабиёт такомилида пайғамбаримиз Ҳазрати Муҳаммад Мустафога (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бағишланган асарлар алоҳида ўрин тутади. Деярли ҳар бир мумтоз Шарқ шоири ҳамду муножотдан сунг албатта наът, яъни, Расулга (алайҳиссалом) бахшида битган. Улар мумтоз шеъриятнинг турли жанрлари — ғазал, мураббаъ, мухаммас, маснавий ва бошқаларда ёзилган бўлиши мумкин. Шунингдек, ул зоти шариф ҳақида жуда кўплаб қасидалар ҳам авжуд. Улардан энг машҳури “Қасидаи Бурда”дир. Маълумки, ушбу асар муаллифи Муҳаммад ибн Саид Бусирий (1212-1292) оғир хаста булган ва қасидани ёзгач, кўп ўтмай буткул соғайиб кетган. Айтмоқчимизки, бу каби маърифатга тўла асралар маълум бир ҳикмат асосида ёзилади. Бу эса шоирларнинг ҳазрати Пайғамбаримизга булган чексиз муҳаббатлари ифодасидир. Куйида ана шундай севги ва ҳикмат тулиқ наътлардан бири ҳақида ҳикоя қилмоқчимиз.

Мазкур наът муаллифи Юсуф Наби (16421712) Урфада туғилган ва Истанбулда вафот этган. Ўз даврининг истеъдодли ижодкорларидан бири. Усмонли давлатида девонхона котиби лавозимида ишлаган, бир неча бор ҳаж сафарида булган. Ундан “Девони Наби”, “Таржимаи ҳадиси арбаъин”, “Муншаот”, “Фатҳномаи Камонича”, “Туҳфатул ҳарамайн. “Зали сияри Вайсий”, “Хайрабод”, “Сурнома” каби асарлар мерос қолган. Уни Оврупа ўлкаларига ҳам машҳур қилган асари “Хайрия” достонидир.
Энди унинг наъти билан боғлиқ ажиб воқеа ҳақида тўхталсак.
Юсуф Набий 1678 йил султондан рухсат олиб, муборак ҳаж сафарига отланади.
Ҳижоз йулида азбаройи Расули акрамга муҳаббати туфайли Юсуфнинг кўзига ҳеч уйқу келмайди. Тун-кун ҳаяжон ичра, уй-кечинмалари билан сафар қилади. Мадина сари яқинлашар эканлар, бир манзилда тунаш учун тўхтайдилар. Юсуф карвондаги ҳамроҳларидан бири — мансабдор кишининг қиблага оёқ узатиб ухлаётганини кўриб қолади. Ҳаяжон билан ўша кимсани уйғотар экан, ушбу наътни айта бошлайди:

Сақлан тарки адабдан, куйи маҳбуби Худодир бу!
Назаргоҳи илоҳийдур, мақоми Мустафодир бу!
Фазилатда Ҳабиби Кибриёнинг хобгоҳидур,
Мувофиқ бўлса — арши жаноби Кибриёдир бу!
Бу хокнинг партавидин бўлди даижури одам зоил,
Имодин очди мавжудот, ду чашми тўтиёдир бу!
Фалакда моҳи нав Бобус Саломнинг сийна чокидур,
Унинг қандили Жавзо, матлаи нури зиёдир бу!
Мурооти адаб шарти ила кир, Иаби, бу даргоҳа,
Матофи қудсиядур, бусагоҳи анбиёдир бу!

Мазмуни: “Тарки адабдан сақлангин, зеро бу жойлар Аллоҳнинг севимли бандаси — Ҳазрати Расулуллоҳ юрган жойлардир. Бу жойларга Ҳақ таолонинг назари тушган ва у Мустафо (танланган пайғамбар)нинг мақомидир; Бу жойлар Аллоҳ ҳабибининг оромгоҳидир. Фазилат жиҳатидан қарасанг, Жаноби Кибриёнинг арши устидадир; Бу муборак жойлар туфроғининг нуридан зулматнинг қоронғуликлари тугади. Зеро, мавжудотнинг кўзларини очди, (бу хок) кўр кўзларга шифо берувчи сурмадир; Самодаги янги чиққан ой ул зотнинг эшигида тургувчи қалби ярали ошиқдир. Ҳатто, юлдузи ҳам ул зотнинг нури зиёсидандир. Эй Наби, бу даргоҳ ерларига кирар экансан, одоб шартларига риоя қилгин. Зеро, бу жойлар улуғ фаришталарнинг ҳам парвона булиб, пайғамбарларнинг ҳам ўпиб тавоф этадиган жойидир”.

Ўша амалдор бу оташин мисралар маъносини тушунгач, дарҳол оёғини йиғиб олади ва “Бу шеърни қачон ёздинг? Сендан бошқа одам буни ўқимадими? Эшитмади-ми?” дея сўроқлай бошлайди. Юсуф: “Бу шеъримни шу ердагина тўқидим. Сизни шундай ҳолатда кўргач, ўзимни тута олмай, шу оннинг ўзидаеқ овозимни чиқариб айтдим. Иккимиздан бошқа биров буни билмайди”, деди. Шунда уша амалдор енгил нафас олиб, “Модомики бу шеърни шу ерда айтган булсанг, шу ернинг ўзида қолсин. Бошқа бировга билдирсанг, сен учун яхши булмай-ди”, дея шоирга дағдаға қилди. Юсуф Наби ҳеч нарса демади. Карвон йўлида давом этади ва бомдод намозига яқин Пайғамбар масжидларига етиб келди. Масжид минорасидаги муаззинлар негадир азон айтишдан аввал шоирнинг: “Сақлан тарки адабдан…” наътини ўқишаётган эди.
Юсуф ҳам, уўша амалдор ҳам ҳайрону лол қолишди. Намоздан сўнг Наби масжид муаззинини излаб топди ва: “Худо ва Расулуллоҳ ҳаққи, илтимос қиламан, азондан олдин айтганингиз наътни кимдан ва қачон ўргандингиз?” дея суради. Муаззин ниҳоятда босиқ оҳангда шундай жавоб берди: «Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу кеча Масжидун Набийдаги барча муаззинларни шарафлантириб, тушларига кирдилар ва айтдилар: “Умматимдан Юсуф исмли бир зот мени зиёрат қилгани келмоқда. Унинг менга ишқи ҳар нарсадан устундир. Бугун бомдод намози азонидан аввал унинг менга аталган ушбу шеърини айтиб, Мадинага кириб келишини қутланг”. Биз ҳам жаноби Расулуллоҳнинг амрларини бажардик».
Чексиз ҳаяжон ва севинч ичида қолган шоир “Ҳақиқатдан ҳам шундай дедиларми? Ул икки жаҳоннинг Пайғамбари мен каби бир бечора ва гуноҳкорни ўз умматларидан ҳисоблаб, лутф этдиларми?” дея йиғлаб сурай бошлади. Муаззиндан: “Ҳа, албатта!” жавобини олгач, ҳушидан кетиб йиқилди.
Ҳа, чин дилдан, меҳру муҳаббат билан ёзилган шеърий мисралар соҳибини у кутмаган дамда илоҳий лутфу марҳаматга буркади.
Мумтоз адабиёт тарихида бундай асарлар куп. Уларни ўрганиш маънавиятимиз юксалишида жуда муҳимдир.

Отабек РУСТАМБЕК,
филология фанлари номзоди