Мақолалар

Дуо ҳам ибодатдир

Чоп этилди Mart 19, 2019 Дуо ҳам ибодатдирda fikr bildirishni o'chirish

«Менга дуо қилинг ва сизга ижобат қилурман…»  (Ғофир сураси, 60-оят).

Дуо сўзи арабчадан таржима қилганда – илтижо, сўраш, чақириш, тилаш, исташ каби маъноларни англатади. Фуқаҳолар дуони ҳам ибодат санашади.

Ҳар куни Аллоҳ таоло ҳузурига биз бандалар томонидан қилинган миллиардлаб дуолар кўтарилади. Аммо баъзида кўпчилигимиз: «Нега дуоларим қабул бўлмаяпти?» дея куюниб, сабабларини қидира бошлаймиз. Уламолар банданинг дуоси Аллоҳ таоло ҳузурида қабул бўлишининг ҳам, дуо қилишнинг ҳам бир нечта қоидаларини айтиб ўтишган:

  • Ҳалол луқма. Яъни, дуо қилувчининг егулиги ҳалолдан бўлсин. Саъд ибн Абу Ваққос дуолари ижобат бўлмаганидан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га шикоят қилди. Жанобимиз унга шундай маслаҳат бердилар: «Эй Саъд, ҳаром (луқмани емак)дан чекингин! Чунки кимнинг қорнига ҳаром луқма кирар экан, унинг дуоси қирқ кунгача ижобат бўлмас».
  • Ҳалол-пок либос. Яъни, либослари ҳалол ва нажосатлардан пок бўлсин.
  • Аллоҳ таоло дуосини қабул этишига шубҳа қилмаслик. Балки ишонч, кўнгил хотиржамлиги билан дуо қилсин. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: «Ижобатига ишонган ҳолингизда Аллоҳга дуо қилинг! Билиб қўйингки, ғофил ва сўраган нарсасига эътибори йўқ кимсаларнинг дуосини Аллоҳ ижобат қилмас!»
  • Хато ва гуноҳларига тавба қилиш. Чунки ташқи томонини поклаб, ички дунёси (қалби) нопок бўлган инсоннинг ҳам дуоси ижобат бўлмайди.
  • Сўраган нарсасининг талабида шошма-шошарлик қилмаслик. Ижобатига ишонч ва умид билан сабр қилсин. «Дуо қилдим-ку, нега мақсадим ҳосил бўлмайди?» деб қаноатсиз бўлмасин. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганлар: «Банданинг дуоси ижобат этилади. Фақат гуноҳни сўрамаса, қариндошчилик риштаси узилишини сўрамаса ва шошилмаса…»
  • «Истибто» қилмаслик. Яъни, мақсад ҳосил бўлишига эҳтиёжсизлигини изҳор қилиб, «Ижобат бирор кун бўлар», демасин, балки ўз муҳтожлигини тан олган ҳолда ижобатни умид билан, муштоқ бўлиб кутсин.
  • Дуода малолланмаслик. Чунки малолланувчининг дуоси қабул этилмайди.
  • Беписандлик. Яъни, худди ўзини муҳтож эмасдай кўрсатиб, «Хоҳласанг мени кечир, хоҳламасанг кечирма» деганга ўхшаш дуо қилмасин. Балки Аллоҳга зорланиб, илтижо билан ялиниб-ёлворсин.
  • Дуода бардавомлик. Дуони кетма-кет, ҳатто етти мартагача бардавом қилсин.
  • Дуодан юз ўгирмаслик. Банда фақат зиёнга кирганидагина эмас, балки неъматларга кўмилиб, роҳат-фароғатда яшаётган чоғида ҳам дуодан юз ўгирмасин. Шундай қилса, бошига мусибат тушганида дуоси тезроқ ижобат этилади.
  • Ҳамд ва салавот. Дуодан олдин Аллоҳга ҳамду сано, Расулуллоҳга саловоту саломлар айтсин. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай дуо қилишни тавсия этганлар.
  • Иқрорлик. Гуноҳкор, осий эканини эътироф этиб, ихлос билан дуо қилсин.
  • Дуода оммани, мусулмонлар жамоасини унутмаслик. Улар ҳаққига ҳам яхши дуо қилсин. Шунингдек, ўзини билган ва билмаган барча гуноҳларининг авфини сўраб, барча ҳожатларини раво бўлишини Аллоҳдан тиласин.
  • Дуо сўзларини қўшиқ айтгандек оҳангга солиб талаффуз қилмаслик керак.
  • «Ғариб (ажабтовур) дуо» қилмаслик. Яъни, «Эй Раббим, менга жаннатнинг ўнг томонидан оқ рангли, чап тарафидан яшил тусли қаср ато этгин» деганга ўхшаш дуолар.
  • Дуода «таманни»дан сақланиш. Яъни, сўраган нарсасини Аллоҳга топширди-да, уни юзага чиқариш ҳаракатига тушмади. Бепарво ҳолда: «Аллоҳдан сўраб қўйганман, У албатта беради, бошқа ҳаракатга ҳожат йўқ» деб, дангасалик қилмасин.
  • Дуодан олдин таҳорат ва ғусл олиш. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай қилишга ўргатганлар.
  • Дуода товушини баланд кўтармаслик керак.
  • Дуо сўнггида қўлларини юзига суртиш. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Қачон дуодан фориғ бўлсангиз, юзларингга масҳ қилинглар», деганлар.
  • Ижобатни ҳис қилганда Аллоҳга ҳамд айтиш. Ижобат вақти ортга сурилганида ҳам, унинг беҳикмат эмаслигини унутмаган ҳолда ҳамд айтсин.
  • Дуода энг муҳим нарсаларни сўраш. Масалан, мағфират, яъни гуноҳларнинг авф этилиши, офият, яъни дину диёнатда саломатлик, соғлом ақида, муъафат, яъни Аллоҳ сизни бошқалар зиёнидан, бошқаларни эса сизнинг зиёнингиздан асрашини сўраш мақбулдир.
  • Аллоҳ учун энг маҳбуб дуо: «Эй Аллоҳ, Муҳаммад (алайҳиссалом) умматини кечиргин, уларга раҳм қилгин!» дуосидир.

 

Манбалар асосида Саидаброр УМАРОВ тайёрлади.

“Ислом нури” газетаснинг 2019 йил, 5-сонидан