Дунё янгиликлари

Йигит кўчадан ярим миллион доллар топиб олди ва пулни…

Чоп этилди Mart 20, 2019 Йигит кўчадан ярим миллион доллар топиб олди ва пулни…da fikr bildirishni o'chirish

 

 

Аргентиналик йигит кўчадан ярим миллион АҚШ долларига яқин пулни топиб олган ва шу заҳоти топилмани эгасига қайтаришга киришган.

РИА Новостининг ёзишича, ушбу қаҳрамон Аргентинанинг Ногоя шаҳрида истиқомат қилувчи Хосе Санчесдир. У ишсиз, ижарада ўз оиласи билан яшайди. Воқеа эса шундай эди:

Хосе телефонда гаплашаётиб, портфелини кўчада қолдирганча машинага чиқаётган ишбилармонга кўзи тушади. Йигит дарҳол уни тўхтатишга ҳаракат қилади, бироқ портфелини унутиб қолдирган киши буни пайқамайди.

Хосе портфелни бориб олади. Унда ярим миллион доллар атрофида пул бор эди. Шундан сўнг йигит полицияга қўнғироқ қилади. Бироқ, қўнғироқларига ҳеч ким жавоб бермагач, у маҳаллий радиостанция орқали унутиб қолдирилган портфель воқеаси ҳақида эълон беради.

Натижада портфель эгаси тезда топилади. Улар учрашишганда, Хосега ишбилармон суюнчи сифатида 25 минг доллар пул ёки хонадон совға қилишини айтади. Лекин, йигит уларни рад қилиб, имкони бўлса унга доимий иш топиб беришини сўрайди. Ишбилармон эса Хосега бу борада кўмак беришни ваъда қилади.

Хабарда қўшимча қилинишича, ҳозирда Хосе Санчесга иш таклиф қилганлар сони кўпчиликни ташкил этмоқда.

ЎзА