Мақолалар

Дунёда экстремал ва тоғ туризмидан йилига бир неча миллион доллар фойда кўрилади, Ўзбекистонда-чи?

Чоп этилди Mart 21, 2019 Дунёда экстремал ва тоғ туризмидан йилига бир неча миллион доллар фойда кўрилади, Ўзбекистонда-чи?da fikr bildirishni o'chirish

Бугунги кунда дунёнинг кўплаб мамлакатлари иқтисодиётида сезиларли даромад келтирадиган соҳалардан бири экстремал ва тоғ туризми ҳисобланади. Жаҳон туризм ташкилотининг маълумотларига кўра, ушбу соҳанинг йиллик даромади бир неча миллион долларни ташкил этади.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳам – экстремал, экотуризм, агротуризм, археологик, этнографик каби туризмнинг ноанъанавий турлари фаол ривожлантирилмоқда. Айниқса, экстремал ва тоғ туризми тез суратларда оммалашмоқда.

Ўзбекистонда экстремал ва тоғ туризмининг энг ривожланган турлари орасида тоғ чўққисини забт этиш, ғорда сайр этиш, сноуборд, тоғ велосипеди, параплан ва дельтапланда учиш ва албатта тоғ чанғиси ажралиб туради.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ушбу йўналишдаги ишларнинг самарадорлигини оширишда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Албатта, экстремал ва тоғ туризмини ривожлантиришда жамоат ташкилотларининг роли жуда муҳим. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Экстремал ва тоғ туризми федерацияси ташкил этилган.

– Федерациямиз 2007 йилдан буён фаолият кўрсатиб келмоқда – дейди Ўзбекистон Экстремал ва тоғ туризми федерацияси раиси Леонид Козловский. – 2018 йилдан бошлаб, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси бизни ўз “қаноти” остига олди. Сўнгги пайтларда мамлакатимизда туризм соҳаси жадал ривожланмоқда, хусусан, диққатга сазовор жойларга саёҳат қилиш истагини билдираётганлар сони ортиб, хизмат кўрсатиш сифати яхшиланиши натижасида янги туризм йўналишлари яратилмоқда. Афсуски, мамлакатда тоғ спорти турлари ва тоғ туризмини ривожлантиришда профессионал ташкилотлар мавжуд эмас, шаҳар ва тоғли ҳудудларда ўқув-машғулотлари масканларини ташкил этиш зарур.

Мутахассиснинг маълум қилишича, федерация томонидан туризм соҳасида ҳар йили бир қатор тадбирлар ташкил этилмоқда. “Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш кунига бағишланган “Чимён садолари” экотуризм фестивали, “Тошкент қуёши” мотофестивали, “Спорт туризми бўйича Ўзбекистон кубоги”, “Оff-road” йўл танламас автотуризм мусобақаси ва бошқалар шулар жумласидандир.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг институционал кўмагида, федерациянинг off-road (йўл танламаси) автомобилларда сайёҳлик йўналиши жадал ривожланмоқда. Яқинда Бектемир тумани ҳудудида мамлакатимизда илк маротаба off-road авторалли “Road instinct” бўйича 22 та автотранспорт иштирокида мусобақа ўтказилди.

– Федерация фаолиятининг кўлами кенгайиб бормоқда, – дейди Леонид Козловский. – Биз нафақат туризмнинг экстремал турларини, балки тоғ велоспортини, веломотокросс, мототуризм, параплан ва дельтапланда учишни оммалаштириш борасида иш олиб боряпмиз. Федерациямизда муаллифлик қўшиқлари ва шеъриятнинг “Арча” ижодий уюшмаси, “Ўзбекистон қанотлари” параплан ва дельтапланда учиш бирлашмаси, мототуризм ҳамда тоғда тез югуриш спортчилар жамоаси фаолият олиб боради.

Россия Федерацияси, Қирғизистон ва Қозоғистондан автотуристларни жалб қилган ҳолда 2019 йил октябрь ойида халқаро off-road авторалли мусобақасини ўтказиш бўйича келишувга эришилди. Айни кунда, мусобақа ҳакамлари гуруҳи шакллантирилмоқда.

Жорий йилда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси кўмагида федерация томонидан Lakeopenair” автосайёҳлар ёзги фестивали, “Chimgan Air Battle-2019” парапланда учиш бўйича Ўзбекистон очиқ чемпионати, “4×4 Energy” авторалли фестивали, “SKY accuracy cup 2019” парапланда учиш ва аниқ қўниш бўйича ва халқаро автотуризм бўйича мусобақалар, GPS-йўналишида янги маршрут ўтказиш ва бошқа тадбирларни ташкил этиш режалаштирилган.

Қисқача айтганда, амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида экстремал ва тоғ туризми мамлакатимиз иқтисодиётига даромад келтирадиган тармоққа айланмоқда.

 Хуршид Қодиров, ЎзА