Мақолалар

Фитналардан сақланайлик

Чоп этилди Mart 23, 2019 Фитналардан сақланайликda fikr bildirishni o'chirish

Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайрулло Турматов билан суҳбат

– Ассалому алайкум, домла. Аввало, вилоят масжидларида бўлаётган ўзгариш, янгиланишлар, хусусан, диний жабҳадаги ислоҳотлар ҳақида айтиб ўтсангиз…
Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳ! Дарҳақиқат, бугун юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни лўнда ифодалаш мушкул. Бизнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ҳаётимиздаги ўзгаришларни дунё халқлари ҳам эътироф этмоқда. Хусусан, БМТнинг 72-сессиясидаги нутқида муҳтарам Президентимиз таклиф этган “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси яқинда қабул қилингани катта хурсандчилик бўлди. Ўтган икки йил мобайнида вилоятда иккита янги масжид давлат рўйхатидан ўтказилиб, мўмин-мусулмонлар ихтиёрига топширилди. Учта масжид фаолияти тикланди. Ҳозирги кунда 223 та масжид намозхонлар хизматида. Оҳангарон туманининг Қамчиқ довони этагида жойлашган “Ислом нури”, Пискент туманидаги “Ўсмат ота”, Бўстонлиқ туманидаги “Сидқий Хондайлиқий”, Бўка туманидаги “Ровот”, “Мулла Абдурозиқ” каби янада обод қилинган масжидлар шулар жумласидан. Вилоят миқёсида ҳар жума куни китоб сайллари ташкил этилаётгани кўпларнинг қувончига сабаб бўлмоқда. “Мовароуннаҳр”, “Шарқ”, “Янги аср авлоди”, “Ғафур Ғулом”, “Ҳилол нашр” каби нашриётлар томонидан тақдим этилаётган китоблар вилоятимизнинг чекка ҳудудларигача етиб бормоқда. Бунинг ҳаммаси тинчлик-осойишталик самарасидир.
– Ҳадиси шарифда: “Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир”, дейилади.
Бугунги илм аҳли бу эътирофга лойиқ ишламоқда, деб ҳисобсоблайсизми?
Устозларимиз: “Олимнинг, уламоларнинг қилган ишлари элга фатводир”, дерди. “Имом”
сўзининг маъноси ҳам “пешво”, “олдинда турувчи”, деганидир. Халқимиз олдиндан аҳли илмни ҳурмат қилади, эъзозлайди, ҳар бир ишида ундан намуна олади. Бугун муқаддас динимизни асраш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёш авлодни соф исломий қадриятлар асосида тарбиялаш, улуғ зотлардан қолган маънавий меросни чуқур ўрганиб, халққа етказиш каби хизматлар имомлар олдида турган асосий вазифалардан. Лекин бизга берилган имконият, яратилган шароитлар билан таққослаганда фаолиятимизни кенг қамровли, аъло даражада дея олмайман. Шукрки, имомларимиз меҳроб соҳиби ўлароқ бу борада салмоқли ишлар кўламини кўпайтирмоқда.
– Инсон қалби ҳам унинг жасадига ўхшаб касалланиб туради, жароҳат олади. Ҳозир кўпчилик:
“Қалб тоза бўлса бўлди”, “Аллоҳ дегани кўнгилда”, деб амални ортга суради. Бу нечоғли тўғри?
Дарҳақиқат, айрим инсонлар: “Аллоҳ қалбда бўлса бўлди, кишининг қалби пок бўлсин”, каби гапларни тез-тез ишлатиб туради. Мен бундай кишиларни иродаси кучсиз, дангаса, нафс асири, деган бўлардим. Зеро, қалби пок инсондан нопок иш содир бўлмайди. “Қалб пок бўлса бўлди”, деб билган ишини қиладиган, гуноҳдан тийилмайдиган, Аллоҳнинг амрларига беписанд бўладиган кимсанинг қалби қандай қилиб тоза бўлиши мумкин? Ўйлаб кўрайлик, шайтон нима учун Аллоҳнинг даргоҳидан қувилди, ҳамманинг лаънатига қолди? Ваҳоланки, у Аллоҳни инкор қилмади… У Яратганнинг амрига итоат қилмай осий бўлди. Демак, билганини қиладиган, гуноҳдан тийилмаётган, нафсининг амрини устун қўяётган, бошқаларга азият етказаётган одамнинг “қалбим пок”, деган даъвоси ҳам асоссиздир.
– Аввалги суҳбатда ноёб илмий китоблар ҳақида ҳам сўзлашгандик. Уларни мутолаа
қилиш мобайнида хаёлингиздан “айниқса, шу жойини оммага етказиш керак”, деган фикр
кечганми?..
Халқимиз китобга бўлган муҳаббат ва муносабат борасида дунё халқларига етакчилик қилган. Табаррук зотлардан қолган қадимий китобларни мутолаа қилар эканман, қалбимда аввало фахр туяман, сабаби, бу тарихий китобларнинг муаллифлари ўзимизнинг аждодларимиз. Айни пайтда уларни яхшилаб ўрганиб тадқиқ эта олмаётганимдан бироз хафа бўламан. Ўқиётганда “шуни жамоатга албатта етказиш керак”, деган фикр кўп бўлади. Имкон даражасида етказилади ҳам. Масалан, фиқҳ китобларидаги оила ва талоқ масалалари жуда ҳам муҳимдир. Қанийди, ҳалол билан ҳаром орасидаги фарқ баъзан бир оғиз сўз эканини ҳамма бирдай тушунса, деган ўйлар ўтади хаёлдан. Яна кўпинча инсоннинг бошига бало тилидан келишини кўпчилик англаб етмаётгани ҳам ташвишлидир. Шуларга кўпроқ эътибор қаратилса, яхши бўларди деб ҳисоблайман.


Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ суҳбатлашди

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 2-сонидан