Мақолалар

Узоқ умр кенг-мўл ризқ истасангиз…

Чоп этилди Mart 23, 2019 Узоқ умр кенг-мўл ризқ истасангиз…da fikr bildirishni o'chirish

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг ҳузурларига бир киши келиб: “Ё Расулуллоҳ! Менинг қариндошларим бор. Силаи раҳм ришталарини боғлайман, улар алоқани узишади. Яхшиликлар қиламан, ёмонлик қайтаришади. Ҳалимлик қиламан, улар эса жоҳиллик”, деди.

Шунда Набий (алайҳиссалом): “Агар иш айтганингдек бўлса, улар устига куллар сочилади. Яхшилигингда давом этаверсанг, Аллоҳ уларга қарши сенга бир ёрдамчи беради”, дедилар» (Имом Бухорий ривояти).

Хайру эҳсонга муносиб жавоб қайтариш – енгил ишлардан. Чунки инсон яхшилик кўрдими, энди қайтарса ҳам, нафси қийналмайди. Аммо ушбу ҳадисдаги ҳолат оғир. Киши қариндошлик ришталарини боғламоқчи бўлса, яқинлари уни узмоқда, саховатини шундайлигича қолдирмасдан, ёмонлик билан жавоб қайтаришмоқда.

“Яхшиликлар қиламан”, яъни Аллоҳ буюрган қариндошлик риштасини боғлаш мақсадида яқинларимнинг ҳолидан хабар оламан, ёрдамимни аямайман, кўнгилларини оғритмайман. Улар эса жоҳиллик билан менга озор беришади, мазахлашади, камситишади, ноҳақлик, зулм қилишади. Мен “ҳалимлик қиламан”, уларнинг бу ишларига сабр этиб, кечириб юбораман. Яхши муомаламни аямайман.

“Улар устига куллар сочилади”. Имом Нававий (раҳимаҳуллоҳ) айтади: “Уларга қиздирилган кул таом бўлади. Яъни, аламли азоб билан жазоланишларига ишорадир. Чунки улар Аллоҳ боғлашга буюрган нарсани узишди ва шу билан Парвардигорга осий бўлишди. Имом Бухорий (раҳимаҳуллоҳ) ривоят қилган ҳадис бунга далилдир: «Аллоҳ таоло: “Сен боғлаганни боғлаб, кесканни кесишимга розимисан?” деб сўради. Раҳм: “Ҳа”, деб жавоб қилди”.

Мўминнинг барча ишлари Аллоҳ учундир. Ишлаши, қариндошлик алоқасини боғлаши, садақаси ва яхшиликлари ҳам Аллоҳ учун. Парвардигордан ажр-­савоб, розилигини кутади. Агар иш шундай бўлса, яқинларининг ёмонликлари унга зарар бермайди.

Холис Аллоҳ таолонинг розилигини истамаган кишигина қариндошлар билан алоқани узади. Чунки у раҳмат ва мақтовни одамлардан кутади.

Яқинларининг ёмон муносабатидан қатъи назар, силаи раҳмда бардавом бўлган инсонга Аллоҳ таоло Ўзи ёрдам ва ғалаба беради, қўллаб­қувватлайди. Шунинг учун суҳбат сўнгида Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) саҳобага: “Яхшилигингда давом этаверсанг, Аллоҳ уларга қарши сенга бир ёрдамчи беради”, дея далда бермоқдалар.

Уламолар силаи раҳм ришталарни боғлашда одамлар уч тоифага бўлинади, дейишади. “Восил”, яъни Аллоҳдан қўрқиб, Унинг буйруғига бўйсуниб, савоб умидида, қариндошларининг ёмон муносабатига қарамасдан, ришталарни боғлашга ҳаракат қилувчи инсон. Бу кишига дунё ва охиратда улкан яхшилик ва савоблар бор. “Мукафий”, яъни қариндошларининг муомаласига лойиқ жавоб қайтаради. Келса, бориб қўяди, сўрашса, сўрашади, ўз хоҳиш­истаги билан борди-келди қилмайди. “Қотиъ”, яъни қариндошлари билан борди-­келдини йиғиштириб қўйган киши. Бундайлар дунё­-охиратда азоб ва хорликка дучор бўлувчилардир.

Қуръони карим ва суннати мутоҳҳарода қариндошлик алоқаларини узиш оғир ва катта гуноҳлиги таъкидланади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қариндошлик алоқасини узган киши жаннатга кирмайди”, деганлар (Имом Муслим). Яъни, қасддан, имкони бўла туриб, қариндошларига яхшилик қилмаган, улар билан алоқани узиб, аразлашиб юрган одам жаннатга кирмайди. Бу дунёнинг ўзида ҳам унинг бошига кўп мусибат тушади.

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким умрининг узайишини, ризқининг зиёда бўлишини истаса, ота-онасига яхшилик ва қариндошларига силаи раҳм қилсин”, дедилар» (Имом Бухорий). Ота­-онасининг хизматини қилиб, розилигини топиб, дуоларини олган ҳамда қавм­-қариндошлари билан силаи раҳм ришталарини боғлаган кишининг умри узоқ, ризқи баланд ва баракали бўлади. Аллоҳнинг амрини бажаргани учун савоб олади, охиратда ҳам улуғ мартабаларга эришади.

Минг афсуски, ҳозир баъзи оилаларда ота­-онага ҳурмат йўқолиб бормоқда. Ака-­ука ўртасида меҳр-­оқибат кўтарилмоқда. Яқин қариндошлар ўртасида силаи раҳм ва борди­-келди узилмоқда. Сабаб моддий нарсалар ва деди-­дедилар. Аллоҳ амрига итоатсизлик жазоси ўлароқ хонадонларимиздан қут-­барака ва меҳр-оқибат кўтарилмоқда. Биргина ҳадисга амал қилмаганимиз учун бошимизга қанча ташвишлар тушмоқда.

Сувайд ибн Омир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Раҳм (қариндошлик ришта)ларингизни салом билан бўлса ҳам, ҳўллаб (мустаҳкамлаб) туринглар”, дедилар» (Имом Баззор, Имом Табароний).
Беришга нарсамиз, яхшилик қилишга имконимиз бўлмаса, ҳечқурса, салом бериш, ҳол-аҳвол сўраш билан бўлса ҳам, қариндошлик алоқаларини қовжираб, узилиб қолишдан асрашимиз лозим.

Тошкент ислом иститути катта ўқитувчиси Мўминжон САЙДАЛИЕВ тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 2-сонидан