Мақолалар

Моҳиятга эътибор қаратган асар

Чоп этилди Mart 24, 2019 Моҳиятга эътибор қаратган асарda fikr bildirishni o'chirish

Юртимиздан етишиб чиққан алломалар орасида ижтимоий муносабатлар, инсон ҳуқуқлари масаласига алоҳида эътибор қаратганлари ҳам талайгина. Жумладан, Абу Бакр Муҳаммад ибн Исмоил Қаффол Шоший ва у билан замондош уламоларнинг асарларини таҳлил қилиб, бу мавзуга доир нодир фикрлар билан танишиш мумкин.

Улар диний кўрсатмаларнинг фақат ҳарфий маъносига эмас, мазмунмоҳиятига урғу берганлар. Ислом ҳуқуқининг асосий мақсадларига, яъни мақосидуш шариага[1] эътибор қаратиш алломаларнинг IX–X асрларга оид асарларида ўз аксини топа бошлаган. Ҳаким Термизийнинг (ваф. 932 й.) “Намоз ва унинг мақсадлари” (“Китобус солат ва мақосидиҳо”), “Ҳаж ва унинг сир-асрорлари” (“Китабул ҳаж ва асрориҳи”) ва Қаффол Шошийнинг (ваф. 975 й.) “Шариат гўзалликлари” (“Маҳасинуш шариа”) китоблари шу йўналишдаги илк асарлар саналади[2].

Мақосид назариясининг асосчиларидан Абдулмалик Жувайний (ваф. 478/1085) “Ғиясул умам фи илтиясиз зулам” (“Зулмат исканжасидаги умматларни қутқариш”) китобида мақосид ва оммавий манфаат (ал-масолиҳул омма) ибораларини бир маънода қўллаган. Абу Ҳомид Ғаззолий (ваф. 505/1111) мақосидни таснифлаш учун изланишлар олиб боради ва “Ал-Мустасфо мин илмил усул” (“Усул илмида танланган китоб”) асарида унинг барча кўринишларини чекланмаган манфаатлар (алмасолиҳул мурсала) тушунчаси остида бирлаштиради.

Шиҳобиддин Қарофий (ваф. 1285) “Аз-Захира” (“Хазина”) асарида маслаҳа ва мақосидни усул қоидаси билан қуйидагича бирлаштиради: “Мақсад (мақосид) бирорбир яхшиликни (масолиҳ) амалга оширмас экан ёки бирор­бир зарарни (мафсада) кетказмас экан, ҳақиқий деб ҳисобланмайди”[3]. Шунинг учун Ислом ҳуқуқининг мақсади, нияти, муроди, асосий тамойили “инсон манфаати”дир ва айни шуни мақосид назариясининг ақлий асоси деб ҳисоблаш мумкин.
Имом Шофиъи
йнинг “Рисола” асаридан сўнг ушбу мазҳаб уламолари Ислом ҳуқуқи асослари мавзуида ёзган асарлар орасида Қаффол Шошийнинг “Маҳасинуш шариа” китоби алоҳида ўрин тутади. Қаффол Шоший ўз асарини анъанавий фиқҳий китоблардаги каби бўлим ва бобларга бўлади (поклик, таҳорат, намоз кабилар). Муаллиф ҳар бир қоидани қисқача таърифлаб, унинг замиридаги манфаатлар (маслаҳа) ва ҳикматларни очиб беришга ҳаракат қилади. Қаффол Шошийнинг фикрича, ҳуқуқий қоидалар замиридаги сабаб (иллат)нинг ўзи асосий сабаб[4] туфайлигина мавжуддир. Асосий сабаб эса инсон манфаатидир (маслаҳа)[5]. Мазкур қарашнинг асосий изоҳи шундаки, илоҳий қонунларнинг инсон манфаати учун хизмат қилиши улар замирида яширинган ҳикматнинг бир кўринишидир.

Имом Қаффол Шоший ёзади: “…Ҳукмларнинг ҳикмати ва сабаби ҳақида сўрайдиган инсонларнинг саволларига жавоб тариқасида ўз фикрларимни баён этдим. Бундай саволларни фақат икки тоифа бериши мумкин. Биринчи тоифа дунёни Аллоҳ яратгнига ва пайғамбарликнинг ҳақлигига, ҳукмнинг ҳикмати Ҳаким ва Қодир Зотга тегишлилиги, У эса фақат яхшиликка кўрсатма беришига ишонадилар… Иккинчи тоифа бунинг аксини исботлаш ёки дунёнинг ягона Яратувчисини тан ола туриб, пайғамбарликни инкор қилиш ниятида ушбу саволларни берадилар. Бу тоифа кишилар ҳукмнинг  ҳақиқий эмаслигини исботлаш орқали уни нозил қилган Зотнинг йўқлигига ишонч ҳосил қилиш мантиғига суянмоқчи бўладилар…”[6]

“Маҳасинуш шариа” асари бундай қарашларга қарши туриш ва илоҳий қонун тўлалигича “мукаммал бошқарув”[7]  тамойили асосида эканини кўрсатиб беришга қаратилган эди.

Маслаҳа тамойилини X аср фақиҳлари қиёс ҳақиқий эканини аниқлашда қўллаган. Қаффол Шоший ҳам “Маҳасинуш шариа” асарини янги қоидаларни яратиш учун эмас, балки Ислом дини ва унинг кўрсатмалари ҳақидаги танқидларга муносиб раддия бериш мақсадида ёзган.

Диний масалаларга зоҳиран ёндашиб, Қуръони карим ва ҳадисларни ҳаётга янглиш татбиқ этиш кўплаб муаммоларга сабаб бўлиши мумкин. Диний кўрсатмаларнинг мазмун-моҳиятини тушуниб етиш чуқур билим ва масъулият талаб этади. Қаффол Шоший ҳам Ислом динининг бўйруқ ва қайтариқлари мазмун-­моҳиятини тушунган ҳолда амалиётга татбиқ этиш зарур эканини таъкидлайди. Ислом ҳуқуқида қиёснинг қўллланилиши ва унда маслаҳа, яъни инсон манфаатларининг умумий асос қилиб олинишида эса Қаффол Шошийнинг “Маҳасинуш шариа” асаридаги қарашлар мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтаган.

Нигора ҲАКИМОВА,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси таянч докторанти
“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 2-сонидан

[1] Шариатнинг асосий мақсади инсоннинг дини, жони,ақли, насли ва молини ҳимоя қилишдир.

 

[2]Муаллифлар жамоаси. Илмдан бошқа нажот йўқ. – Тошкент: “Тошкент ислом университети” нашриёт­матбаа бирлашмаси, 2015. 55­б.
 

[3] Jasser Auda. Maqasid Al­Sharia’h A Bigenner’s Guide. – London: Cromwell Press, 2008. P.4.

 

[4] Маълул бил иълла ал­аъмма.

 

[5]Қаффол Шоший. Маҳасин ал­шариа фи фуруъи алшафиъия: китабун фи мақосид ал­шариа. – Байрут: “Дар
ал
кутуб ал­илмийя”, 2007. 25­б.
 

[6] Ўша манба, 17–20­бетлар.

[7] Ал­сияса ал­фодила.