Мақолалар

ЖАМ БЎЛИНГ

Чоп этилди Mart 24, 2019 ЖАМ БЎЛИНГda fikr bildirishni o'chirish

 

Бақувват, бардам бўлинг,

Имонга ҳамдам бўлинг,

Ҳур ният одам бўлинг,

Ҳар жумада жам бўлинг.

 

Тинглаб Аллоҳ нидосин,

Излаб Унинг ризосин,

Олиб кўплар дуосин,

Ҳар жумада жам бўлинг.

 

Ибодатнинг гултожи,

Тирикликнинг хирожи,

Намоз – банда меърожи,

Ҳар жумада жам бўлинг.

 

Сафларда доим бўлинг,

Хутбада қоим бўлинг,

Савобда бойим бўлинг,

Ҳар жумада жам бўлинг.

 

Баланд қорли тоғ бўлинг,

Гулзор, бўстон, боғ бўлинг,

Азизми ё хор бўлинг,

Лек жумада жам бўлинг.

 

Айролиқдан айрилиб,

Жамоага қайрилиб,

Хоҳ султон, хоҳ хон бўлинг,

Сиз жумада жам бўлинг.

 

Ота-она, бобосин

Олай десанг дуосин,

Қилсанг жаннат даъвосин,

Сиз жумада жам бўлинг.

 

Лаззат олиб сўзлардан,

Меҳр чақнаб кўзлардан,

Бир тану бир жон бўлинг,

Сиз жумада жам бўлинг.

 

Азон мисол бонг бўлинг,

Сиз Исломга шон бўлинг,

Фазилатда бор бўлинг,

Сиз жумада жам бўлинг.

 

Оғир гапларни қўйинг,

Сўзи ширинтаъам бўлинг,

Кечикмайин ҳар маҳал

Сиз жумада жам бўлинг.

 

Ёритиб сиз зулматни

Нур таратган шам бўлинг.

Фазли билан бирга-бирга

Ҳар жумада жам бўлинг.

Пазлиддин Солиев,
Андижон вилояти, Андижон тумани