Янгиликлар

Ҳиндистондан Ўзбекистонга зиёрат туризми бўйича ташриф буюрувчилар кўпаймоқда

Чоп этилди Mart 26, 2019 Ҳиндистондан Ўзбекистонга зиёрат туризми бўйича ташриф буюрувчилар кўпаймоқдаda fikr bildirishni o'chirish

 

 

Шу кунларда Ҳиндистон сайёҳлик операторлари ҳамроҳлигида ушбу мамлакатнинг турли штатларидан келган бир гуруҳ имомлар ва ислом олимлари юртимизнинг зиёрат туризми салоҳияти билан танишмоқда.

Ҳиндистонлик зиёратчилар учун Наврўз байрами муносабати билан махсус дастур тайёрланди. Унга кўра саёҳатчилар 23 мартдан 28 мартгача Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида бўлиб, бу ердаги қадимий осори атиқалар ва ислом обидалари билан танишади. Гуруҳ аъзолари сафардан қайтгач, Ҳиндистонда Ўзбекистоннинг зиёрат туризми салоҳиятини ёйиш бўйича кенг қамровли ахборот-тарғибот ишларини олиб бориш ниятида.

– Ўзбекистон жаҳон сайёҳлик хизматлари бозорида етакчи ўринни эгаллаш имконини берадиган бой туризм салоҳияти ва бебаҳо тарихий-маданий меросга эга, – дейди «Holiday Merchants» компанияси директори Викас Хандури. – Шу йил 21-23 февраль кунлари Бухорода зиёрат туризми бўйича ўтган биринчи халқаро форумда иштирок этиб, Ўзбекистон зиёрат туризми марказларидан бири бўлишига ишонч ҳосил қилдим. Шу боис биз Ўзбекистон бўйлаб зиёрат турларини ташкил этиш бўйича Ҳиндистоннинг турли штатлари учун янги сайёҳлик дастурларини ишлаб чиқдик. Ҳиндистонда юртингиздаги ислом оламига машҳур алломаларнинг қадамжолари, хусусан, Имом Бухорий, Баҳоуддин Нақшбанд, Имом Термизий ёдгорлик мажмуаларини зиёрат қилишни истайдиганлар кўплаб топилади.

Ҳиндистон делегациясининг ушбу сафари мамлакатимизнинг Нью-Деҳлидаги элчихонаси ва Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

ЎзА