Мақолалар

Бузуқ телефон

Чоп этилди Mart 26, 2019 Бузуқ телефонda fikr bildirishni o'chirish

Эслайсизми, “Бузуқ телефон” деган болалар ўйини бор. Биринчи бола “Саша” деса, иккинчиси “Каша” деб эшитади, учинчисига эса “Маша” дегандай туюлади. Кулгили ўйин!
Кеча мени туйқусдан директор чақириб қолди.
— Эшитишимча, у ер-бу ерда мен ҳақимда ҳар хил бўлмағур гаплар қилаётган эмишсиз. Мени лавозимимга номуносиб деганмишсиз.
— Буни сизга ким айтди? — сўрадим мен.
— Бунинг аҳамияти йўқ, ёқмаётган бўлсам, марҳамат, кетишингиз мумкин, сизни ушлаб турмайман! — деди қўли билан эшикни кўрсатиб.
Ўйланиб туриб қолдим, ким бунақа бўлмағур гапни айтди экан? Директор, ҳар қалай, директор. Мен у ҳақда ёмон фикрга борган ҳам эмасман.
Бош муҳандиснинг олдига кирдим.
— Директорга мени у ҳақида ҳар хил гаплар қиляпти деб сиз айтдингизми?
— Буни қаердан олдингиз? — ҳайрон бўлди бош муҳандис. — Мен фақат, сизга чамаси ишимиз ёқмаётгани, балки бошқа ишга ўтмоқчилигингиз ҳақида гапиргандим, холос.
— Бунақа гапни сизга ким айтди? — сўрадим мен.
— Бунинг аҳамияти йўқ, — деди бош муҳандис. — Нима, аслида ҳам шундай эмасми?!
Ўйланиб туриб қолдим. Бунақа таги йўқ гап кимдан чиқиши мумкин?
Бўлим бошлиғи хонасига йўналдим.
— Мени ишдан кетмоқчи, деб бош муҳандисга сиз айтдингизми?
— Бунақа дейишни ўйлаганим ҳам йўқ, — таажжубланди бўлим бошлиғи. — Мен фақат маошингиз сизни қониқирмаётгани, уни оширишларини талаб қилишга чоғланаётгандай бўлганингиз ҳақида шипшигандим…
— Сизга буни ким айтди? — сўрадим мен.
— Ростини айтсам, эслолмайман. Кимдир…
Етакчи муҳандисга учрадим.
— Бўлим бошлиғига сиз айтдингизми, мени каттароқ маош талаб қилмоқчи деб?
— Мен унга деярли ҳеч нарса айтганим йўқ! — қўрқиб кетди у. — Мен шунчаки, шунақа ёш йигит-у, ҳозирдан кўп нарса жонига теккан, дедим, холос.
— Нима жонимга тегибди, кимдан чиқди бу ярамас фикр? Ишлаб юрибман-ку, эл қатори.
— Ие, шошма, — деди етакчи маҳандис, — бугун ишга келибоқ портфелингни ирғитиб, “Ҳаммасидан тўйиб кетдим!” дединг-ку!
— Десам нима бўпти! — қичқирдим мен.
— Ҳеч нарса, — деди етакчи муҳандис ҳар эҳтимолга қарши узоқроққа жилиб. — Нима эшитсам, шуни айтдим!
Мен стулга йиқилдим. Ходимлар ўраб олишди, сув беришди, бўйинбоғимни бўшатишди.
— Нима бўлди? — қизиқиб қолишди бошқалар.
Мен бошқа бўлимлардан ҳам қизиқувчилар етиб келишлари учун бир оз кутдим, сўнгра бор кучимни тўплаб ўрнимдан турдим ва:
— Ўртоқлар! Узунқулоқ гаплар кўпаймаслиги учун, ҳамманинг олдида айтиб қўяй, — дедим қатъий оҳангда. “Ҳаммасидан тўйиб кетдим” дедим. Лекин, бу гапим мени директор тўйғазиб юборганини, институт ёқмаётганлигини, ишдан зерикканлигим, маошимнинг эса озлигини билдирмайди!
Бўлимда барча қизиқувчилар учун жой етишмай қолди. Шу боис, олдинда турганлар мен айтган гапларни елкама-елка коридорда турганларга етказа бошлашди.
— Бу шуни билдирадики, — давом этдим иложи борича қаттиқроқ, — Менинг кайфиятим ёмон. Хотиним билан уришиб қолдим. Ёзда қаерда дам олиш масаласида ҳамон бир фикрга келолмай турибмиз. Бошқа ҳеч гап йўқ. Эшитяпсизларми?
— Эшитяпми-из! — акс-садо билан овоз беришди коридорнинг охирида турганлар.
Шу дамда мени охирги қувватим ҳам тарк этди…
Кўзимни уйда, хотиним юзларимга беозоргина уриб шивирлаганида очдим:
— Демак, мен энди сизга керак эмас эканман-да?.. Демак, мени ташламоқчи экансиз-да?!
— Ким сенга бундай деди? — зўрға сўрадим.
— Яна сўрайди-я! Дўстларингиз-да, анави, сизни билмадим, қаердандир олиб келганлар…
Мен кўзимни каттароқ очдим, кейин секингина уларни узоқроқ муддатга юмдим.
Эслайсизми, “Бузуқ телефон” деган болалар ўйини бор. Биринчи бола “Саша” деса, иккинчиси “Каша” деб эшитади, учинчисига эса “Маша” дегандай туюлади ва натижада…

А.Инин, Л.Осадчук
Русчадан Ҳабиб Сиддиқ таржимаси