Мақолалар

“Ислом нури” газетасининг 6-сони нашр этилди

Чоп этилди Mart 26, 2019 “Ислом нури” газетасининг 6-сони нашр этилдиda fikr bildirishni o'chirish

Газетанинг янги сони Тошкент шаҳридаги “Ҳазрати Имом” (Хастимом) мажмуасида бунёд этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази биноси қурилиши, унинг бир ярим йиллик фаолияти ва истиқболдаги режалари ҳақида  марказ директори Шоазим Миноваров суҳбати билан бошланган. Унда Марказнинг ўтган вақтдаги фаолияти атрофлича ёритилган.

– Марказ биноси 2020 йил кузда фойдаланишга топширилади. 2020 йилнинг ноябрида Ўзбекистон ИҲТнинг Фан ва технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик бўйича Доимий қўмитаси саммитига мезбонлик қилади. Ўшанда, насиб этса, Ислом цивилизацияси маркази конференциялар зали ўзининг илк меҳмонларини қабул қилади, – дея сўзини якунлаган Марказ директори Шоазим Миноваров.

Ҳар бир инсон, ҳеч шубҳасиз, қаерда, қандай вақтда, кимлар билан учрашмасин, юзининг ёруғ бўлишини истайди ва ҳар доим шунга ҳаракат қилади. Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво бўлими мудири Ҳомиджон Ишматбековнинг “Мурувватли кишининг юзи ёруғдир” сарлавҳали мақоласида айнан шу масалада сўз юритилиб, қимматли маслаҳатлар берилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво бўлими номидан эълон қилинган “Амаллар ниятга боғлиқдир ёхуд интернетдан фойдаланиш одоблари” сарлавҳали мақолани интернетдан фойдаланувчилар ўзлари учун фатво ўрнида қабул қилсалар ҳам фойдадан холи бўлмайди.

Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайрулла Турматовнинг “Орзу-ҳавас исрофга йўл эмас” мақоласи ҳам долзарб мавзуга бағишланиб, унда динимиз ман қилган маросимларни ўтказиш, ундай маросимларга сарфланган харажатларнинг барчаси исрофдан бошқа нарса эмаслиги далиллари билан баён қилинган.

“Саҳобалар ҳаёти” рукнида ушбу сонда Хотиб ибн Абу Балта розияллоҳу анҳу ҳақида сўз юритилган.

Буюк мутасаввуф Иброҳим Адҳам ҳазратлари ҳақидаги “Ошуфта кўнгил” воқе қиссасининг навбатдаги қисмида у зотнинг фазилатларидан бири қайсидир қишлоқда вақтида ёғмаган ёмғир мисолида  кўрсатиб берилган.

Газетанинг сўнгги саҳифасида “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари Искандар Халилов қаламига мансуб “Аллоҳ суйган амаллар”  китоби нашр этилгани хабар қилинган. Ушбу китобни ўқиган китобхон Аллоҳ таолога қайси амал суюкли экани ҳақидаги билимларини мустаҳкамлаб олади.