Мақолалар

Демократик қадриятларга мос рейтинг

Чоп этилди Mart 27, 2019 Демократик қадриятларга мос рейтингda fikr bildirishni o'chirish

Кейинги вақтларда матбуот хизматлари фаолиятига муносабатлар кўп билдирилаётгани ана шу хизматга янгича талаблар қўйилаётганидан дарак беради. Зеро, матбуот хизмати қанчалик фаол ишласа, у хизмат қилаётган соҳа ёки ташкилотнинг номи шунчалик кўп тилга олинади. Яъни ҳар бир матбуот хизмати фаолиятида соҳа ёки ташкилот раҳбарлари ва ходимларининг қанчалик самарали ишлаётгани, соҳада юз бераётган янгиланишлар, олиб борилаётган ислоҳотлар, йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар омманинг кўзи олдида бўлади. Бундан барча ютади.

Матбуот хизматларнинг фаол ишлаши биринчи навбатда ўзлари учун фойдали бўлади. Негаки, ҳозирги вақтда ахборотни яширишни эплайдиган замон эмас. Бошқа манбадан чиққан ахборотга эса бошқача мазмунлар юклаб қўйилади.

Яқинда Ўзбекистон ахборот агентлиги сайтида эълон қилинган “Матбуот хизматлари қандай ишламоқда?” сарлавҳали мақолада Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизматининг ҳам жамиятимизда ва хорижда рўй берган воқеаларни бефарқ кузатмасдан уларга ўз муносабатини билдириб бораётгани айтилди. Мусулмонлар идораси матбуот хизмати Идора  фаолияти билан бирга, жамиятимизда ва дунёда юз бераётган муҳим воқеа-ҳодисалардан юртдошларимизни ўз вақтида хабардор қилиб бориш устида баҳоли қудрат иш олиб бормоқда.

Аммо шуни ҳам эътиборга олмоғимиз керакки, баъзида вазият жим туришни ҳам тақозо қилади. Айтайлик, бирорта бефаросат одам муқаддас динимизга ярашмайдиган бир гапни ёзиб ижтимоий тармоқларда эълон қилди. Ана шундай ҳолатда матбуот хизмати қаршисида иккита йўл пайдо бўлади: жавоб ёзиш керакми ёки индамай қўйган маъқулми.

Албатта, бунда у айтган мавзуга қаралади. Агар у ёзган гапнинг тамоман хато эканини жамиятнинг барча аъзоси билса, унга жавоб ёзишга вақт сарфлаш шарт эмас. Негаки, биринчидан, бетамизга беш кун ҳайит деганларидек, ёзганингиз унга реклама вазифасини ўтаб бериши мумкин. Яъни у ўша бемаза гапини эълон қилганда, ўн киши ўқиган бўлса, сиз унга жавоб ёзганингиздан кейин юз киши ўқийди. Сизнинг нима деб ёзганингиз, унинг иддаоларини қанчалик асосли рад этганингиз эмас, унинг ўқувчисини кўпайтириб берганингиз қизиқтиради.  Иккинчидан, Шайх Саъдий айтганидек, учраган ҳар итга тош отиб юрган карвон манзилига қачон етиб боради.

Агар ўша нохолис материал ростдан ҳам долзарб бўлиб, ундан кўпчилик бехабар бўлса, бунга албатта кечиктирмасдан муносабат билдирилади. Чунки омманинг фикри чалғиб кетишининг олдини олиш зарур.

Умуман олганда, ЎзАнинг бундай рейтинг ўтказаётгани демократик қадриятларга мос келади ва матбуот хизматларининг ўз ишларига янада масъулият билан ёндашишга ундайди. Энг муҳими, бундан давлатимиз ва жамиятимиз ютади.

 

Дамин ЖУМАҚУЛ