Мақолалар

Саховат — қалблар риштаси

Чоп этилди Mart 28, 2019 Саховат — қалблар риштасиda fikr bildirishni o'chirish

Ўрнидан туролмайдиган уруш қатнашчиси Наби Маҳмудовнинг
кўтаринки руҳияти, муомаласи худди соғлом инсонларникидек, касали, ногиронлиги эсида ҳам йўқдек

– Мен сизни ҳар куни ишга кетаётганингизда деразадан кўраман, – дейди
Набижон ҳамроҳларимиздан бирига.
Унинг мактабда ўқийдиган ўғли бор, дадасига меҳрибон. Аёли фермер хўжалигида ишлайди, хайру эҳсон кутиб ўтирувчи эмас. Лекин шундай бўлса-да, бу оилани бир неча қишлоқдошлари (келинг, исму шарифлари махфий қолсин) қўллаб­-қувватлаб
туришади.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Айтинг: “Албатта, Раббим бандаларидан Ўзи хоҳлаганига ризқни кенг қилур ва (Ўзи хоҳлаганига ризқни) танг қилур. Бирор нарсани (муҳтожларга холис) эҳсон қилсангиз, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У ризқлантирувчиларнинг яхшисидир” (Сабаъ сураси, 39-оят).
Аллоҳ қалбига саховатпешаликни солган инсонлар эл кўрсин деб яхшилик қилмайдилар. Уларни халқ ташаккури орқали таниймиз. Шундай қишлоқдошларимиздан бири – фермер хўжалиги раҳбари ҳар йили маҳаллалардан кам таъминланганлар тўғрисида рўйхат олади. 5-6 оилага, бошқа ёрдамларидан ташқари, қорамол тарқатади. Зафар исмли йигитга ҳам мол берганида, “Уни сигир бўлгунича боқаман, сизга сут, қаймоқ тайёрлаб бераман”, деган эди севиниб.
Маҳлиё Ҳакимованинг эри ишлаб турган жойида омонатини топширди. Бу
хонадон аҳволига бепарво бўлганимизни таъзияга борганда англадик. Уй
жиҳозлари эскириб кетган. Ёмғир ёғяпти, йўлаклар лой.Таъзияга келганлар ерни
босса, сирпаниб кетяпти. Ўша куниёқ қишлоқ фаоллари маслаҳатлашишди.
Машиналарда ташилган қизил қумни эркаклар супа, йўлакларга ёйишди. Ҳимматлиларнинг саховати билан кўрпа-кўрпача, идиш-товоқ, палос олиб келинди. Кўрпа­-тўшакларни Санобар опа Хидирова бошчилигида
аёллар пахталаб, қавидилар. Қиш киришидан олдин ким моддий томонини кўтарди, кимлар куч­-қуватини аямай Маҳлиёнинг уйи томини шифер билан ёпиб беришди. Энди у уч фарзандини бағрига босиб хотиржам яшаяпти.
Зармитанлик Абдуллоҳ Пўлатов ўз қариндошига уйланган. Афсуски, учала фарзанди ҳам ногирон. Катта қизи бир қўл билан туғилган. Иккинчи қўлининг тирсагидан пасти йўқ. Гунг. Аммо шу ҳолида айрим соғлом кишилар бажара олмайдиган ишларнинг уддасидан чиқади. Кийимлар, қуроқлар тикади.
Бу меҳнаткаш қизнинг исми – Қудратой. Ҳовлиси тозаликдан ярақлайди. Укаси
Шерзод юролмайди, бу болага ота­-она қўл-­оёқ мисоли. Кенжа қизлари Севинчнинг
ташқи кўринишидан камчилик сезмайсиз. Навоийдаги кар-­соқовлар мактабида
таълим олади, оз-­моз эшитади. Бу оилага Қизилтепа туман Тадбиркорларга кўмаклашиш маркази ходимлари мунтазам ёрдам беради.
Оғир касалликдан вафот этган Исмат ўлими олдидан болалари ва қариндош­уруғларини чақириб: “Бизга яхшилик қилган, дори-­дармон олишимга кўмак берганларга, аввало, қўлларингиздан келса, пулларини қайтаринглар, иложи бўлмаса, улар билан ҳеч қачон алоқани узманглар”, деган экан. Бу васиятга болалари ва опа­-сингиллари амал қилишади.
Работ маҳалла раиси саъи-­ҳаракатлари билан оғир бетоб Анвар Саидов
уйига ичимлик суви улаб берилди. Гулмеҳра Бердиеванинг эри оталик масъулиятини унутиб, уч боласи билан ташлаб кетган. Уларни едириб­-ичириш,
кийдириш ёшгина она бўйнида. Бу аёл қайнотаси қуриб берган уйга кўчиб ўтди. Маҳалла аҳли унга қўлидан келганича ёрдам беради. Ўтган йили пахта теримида қатнашганларга ҳар доимгидан кўпроқ ҳақ тўланди, теримчилар қатори Гулмеҳра ҳам астойдил ишлаб, анча-­мунча камчиликларини тўлдириб олди. Аксарият аёлларимизнинг фазилати – боқимандаликни ёмон кўришади. Улар битта сигир қилиб олишса бўлди: қатиқ, қаймоқ, сузма тайёрлаб сотиб, рўзғорга барака
киритишади.
Азизобод, Арабхона, Работ маҳаллалари эркаклари ободонлаштириш билан бирга, ногирон, кам таъминланганларнинг ҳовли, уй-­жойини таъмирлаш
ишларида ҳам ташаббускор бўлишмоқда. Шукрки, эҳтиёжмандларни қўллаб-қувватлаб, оғирини енгил қилиб яшашга интилувчилар кўпаймоқда.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким бир мўминнинг дунё ғамларидан бир ғамини аритса, Аллоҳ унинг Қиёмат кунидаги ғамларидан бир ғамни аритади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) яна бир ҳадисларида таълим берганларидек, имкони борича Аллоҳ учун инфоқ­-эҳсон қилганлар, иншоаллоҳ,

дўзахдан узоқ бўладилар.

Роҳила СИРОЧЕВА,
Қизилтепа тумани “Работ” маҳалласи отинойиси

“Ҳидоят” журналининг 2019 тйил, 2-сонидан